Сарвар Ашуров Ўзбекистон бош вазири ёрдамчиси лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов хабар берди.
Қайд этилишича, Сарвар Ашуров Вазирлар Маҳкамаси тегишли қарори билан бош вазир ёрдамчиси – бош вазир қабулхонаси мудири лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига Шуҳрат Ибрагимов тайинланди. Тайинловга қадар у Вазирлар Маҳкамаси котибияти мудирининг ўринбосари — бўлим бошлиғи лавозимида ишлаб келган.
“Дарё”нинг ҳукуматдаги манбасига кўра, Ашуровнинг ишдан олиниши Президент администрацияси ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасд билан боғлиқ. Унинг акаси — Алижон Ғаниевич Ашуров Давлат хавфсизлик хизматининг ички хавфсизлик бошқармаси бошлиғи лавозимда ишлаган ва Алламжоновга қилинган суиқасд ишини фош этишга тўсқинлик қилгани учун ишдан олинган.
Худди шу эҳтимолий сабабга кўра ДХХ раиси Абдусалом Азизов, Ички ишлар тизимидаги икки амалдор — ИИВ Жиноят қидирув хизмати бошлиғи ва Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимидан олинган эди.
Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасд
26 октябрь тунда Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаменти собиқ раҳбари Комил Алламжоновга қуролли ҳужум уюштирилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бош прокуратура берган маълумотга кўра, фуқаро С.С. бошқарувидаги Range Ровер русумли автомашина Қибрай тумани, Ифор кўчаси бўйлаб ҳаракатланган вақтида икки нафар номаълум шахс машинага ўқотар қуролдан бир неча маротаба ўқ узиб, номаълум томонга яширинган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25,97-моддаси (қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди. 27 октябрь куни ушбу жиноятни содир этган шахсларнинг бири аниқланиб, гумонланувчи тариқасида ушланди. 28 октябрь куни яна уч нафар гумонланувчи ушланди.
Айни пайтда жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Комил Алламжонов 2024 йил 30 сентябрда Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг раҳбари лавозимини тарк этган эди. У фаолиятини хусусий секторда давом эттиришини маълум қилган.
Изоҳ (0)