Украина иккинчи тинчлик саммити учун ҳамма нарсани тайёрлади, бироқ бу тадбир самарали ўтиши учун ҳаракат қилишда давом этмоқда.
Бу ҳақда Украина Ташқи ишлар вазирлиги спикери Георгий Тихий брифингда маълум қилди.
“Ҳозирда жуда кенг кўламли, тарихий жараёнлар содир бўлмоқда. АҚШда янги маъмурият иш бошлаш арафасида. Тинчлик формуласи урушни адолатли тугатиш ҳақидаги Украина қарашларининг асоси бўлиб қолмоқда. Украина иккинчи тинчлик саммити учун ҳамма нарсани тайёрлаб қўйди. Барча тематик конференциялар ўтказилди, Тинчлик формуласи бандлари бўйича умумий позициялар келишилди. Яъни ҳозирда Украина кучли дипломатик позицияда, дейиш мумкин, чунки унда ҳамма нарса тайёр”, деди Тихий.
Спикер мазкур саммит самарали бўлиши учун кучли тайёргарлик зарурлигини, аввалроқ эълон қилинган саналар тахминий эканини таъкидлади.
“Украина ҳар доим ҳамма нарсани имкон қадар тезроқ бажаришга ҳаракат қилади. Бу бизнинг умумий сиёсатимиз. Аммо тинчлик саммитини кўр-кўрона ўтказиб бўлмайди. Пухта тайёргарлик керак”, дея қўшимча қилди Тихий.
Биринчи глобал тинчлик саммити жорий йилнинг июнь ойида Швейцарияда бўлиб ўтган эди. Унда 90 дан ортиқ давлат вакиллари қатнашган. Бироқ саммитга Россия таклиф этилмагани маълум бўлгач, бир қанча давлатлар тадбирга қуйи даражадаги делегацияларни юборган.
Изоҳ (0)