Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш жараёнлари бошланганига уч ойдан ошди. Ҳукуматнинг дастлабки режасига кўра, апрель—июнь ойларида хавф ости гуруҳига (65 ёшдан ошган кексалар, коронавируснинг оғир шакли ривожланиши мумкин бўлган сурункали касаллиги борлар, тиббиёт ходимлари, ўқитувчилар, боғча ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари) мансуб тўрт миллион аҳоли тўлиқ эмлаб бўлиниши керак эди. Аммо уч ой ичида режадагидан қарийб олти баробар кам одам тўлиқ вакцина олди. Бу Ўзбекистон аҳолисининг деярли икки фоизига тенг деганидир. Эмлаш жараёнлари суст кетиши ортидан Республика махсус комиссияси бепул эмланувчилар рўйхатини кенгайтириб борди.

Иллюстрация: «Дарё» / Дилзода Ҳамиджонова

Ҳозирги вақтга келиб, 18 ёшдан катта бўлган Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Тошкент вилояти аҳолисини ихтиёрий эмлаш белгиланган. Бошқа ҳудудлар ҳам имкониятдан келиб чиқиб, 18 ёшдан катта аҳоли қатламини ихтиёрий равишда эмлаш белгиланган.

Қолаверса, бутун Республика бўйлаб, #Men_vaksina_oldim тарғибот акцияси бошланди. Унда бир қатор мансабдорлар, жумладан, ҳукумат вакиллари ҳам фаол қатнашмоқда. Ҳозиргача бош вазир ўринбосари Бекзод Мусаев, халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, маданият вазири Озодбек Назарбеков, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов вакцина билан эмланганини маълум қилган. Сенат раиси Танзила Норбоева, Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов, Президент матбуот хизмати раҳбари Шерзод Асадов, туман ҳокимлари ва бир қатор депутатлар ҳам вакцина олди.

Коллаж: «Дарё»

Шунингдек, Юлдуз Усмонова, Гулбаҳор Эрқулова, Тоир Қўзиев, Юлдуз Ражабова каби таниқли санъат вакиллари ҳам вакцина олиш жараёнидаги суратларини ижтимоий тармоққа жойлаб, бошқаларни ҳам эмланишга чорламоқда.

Юлдуз Усмонова, Тоир Қўзиев ва Юлдуз Ражабова.

Фото: @yulduzibragimovnausmonova / ССВ / «Ўзбекистон 24»

27 июндан Тошкент шаҳридаги бозор ва савдо марказларида эмлаш пунктлари ташкил этилди. Уларда нафақат пойтахтликлар, балки бошқа вилоятликлар ҳам вакцина олиши мумкин. Бепул вакцина олувчилар рўйхати кенгайтирилгани, тарғибот ишларига қарамай, Ўзбекистон бўйича эмланганлар сони ҳозирча кескин кўпайгани йўқ.

«Дарё» Telegram’даги саҳифасида Ўзбекистонда яшаётганлар учун сўровнома ўтказди. Унда 80 мингдан ортиқ одам иштирок этди. «Коронавирусга қарши вакцина олдингизми?» деб берилган саволга 24 фоиз одам олганини, 20 фоизи тез орада олмоқчилигини билдирган. 14 фоиз одам вакцинадан қўрқишини билдирган бўлса, бундан икки баробар кўп респондент вакцинанинг фойдасига ишонмаслигини билдирган.

Сўровнома натижалари.

Скрин: «Дарё»

Хўш, нима учун аксарият ўзбекистонликлар вакцинага ишонмаяпти? «Дарё» мухбирлари Тошкент шаҳрининг турли нуқталарида бўлиб, ўзбекистонликларнинг нима учун эмланмаётгани сабаблари ҳақида сўради.

«Вакцина олгандан кейин одам максимум икки йил яшайди, деб эшитяпман»

Фотима Сафарова.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фотима Сафарова, 23 ёш: Вакцина олиш ниятим йўқ. Чунки кўплардан ёмон гаплар эшитяпман. Кўп танишларим эмланганидан кейин мазаси бўлмади. Ётиб қолганлари ҳам бўлди.

Бу организмга ҳам боғлиқ. Кимникидир кўтаради, кимникидир йўқ. Менимча, вакцина қилишдан олдин ўша одамни яхшилаб текшириш керак. Кейин таҳлил натижаларига қараб, вакцина қилишлари керак. Дуч келган одамни эмлашларини тўғри деб ҳисобламайман. Мана, вакцина қилишаётганини кўряпман, келган одамни 1-2 савол бериб, эмлаб қўйишяпти. Ахир у одам ўзида нима касаллик борлигини билмаслиги мумкин. Балки вакцина унинг организмига тўғри келмас.

Оила аъзоларим ҳам олишмаган. Пандемия бошланганига икки йил бўлаётган бўлса-да, ҳаммалари соғ-саломат. Вирусга ҳам чалинмадик. Балки билмай оёқда ўтказгандирмиз.

Яқин танишларим, ўртоқларим ҳам олгани йўқ. Савдо марказида сотувчилардан «Оласизларми?» деб сўрашяпти. Йўқ, дейишганидан кейин ҳеч ким мажбурланмаяпти. Кўпчилик олмаётганига қараганда, мажбурий қилиб қўйишадими, деб ўйлаяпман.

Вакцинага ҳеч ким ишонмаяпти. Вакцина олгандан кейин одам максимум икки йил яшайди, деб эшитяпман. Вирус Хитойдан чиқиб, вакцинаям ўша ерда ишлаб чиқарилганидан кейин шубҳали кўриняпти. Баъзилар «Спутник V» ҳам бизга тўғри келмайди, деяпти.

Биласизми, Telegram’дан коронавирус ҳақидаги хабарларни умуман ўқимайман. Ўтказиб юбораман. Кўз олдимда эмлаш пункти ҳам бор. Эътибор бермайман. Чунки қанча ўқиб, кўрганингиз сари ваҳимаси ортиб бораверади. Вакцина олишдан қўрқаётганим йўқ, лекин ишонмайман. Ҳаммаси Аллоҳдан.

Жавоҳир Расулов.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Жавоҳир Расулов, 22 ёш: Вакцина олмадим, тўғрисини айтсам, бунга ишонмаяпман. Одамлар орасида ҳар хил гаплар юрибди. Кўпчиликда ножўя таъсирлари бўлганки, шунинг учун миш-мишлар тарқаляпти.

Аммо олиш ниятим бор. Чунки ўзим одам гавжум жойда ишлайман. «Абу Сахий» бозорида сотувчиман. Худо хоҳласа, июлнинг ўрталарига «Спутник V» келса ёки поликлиникага бориб, тўғри келганини олишни режалаштиряпман.

Барно Мамасолиева.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Барно Мамасолиева, 18 ёш: Бизда кўпчилик ишонмаяпти. Поликлиникадан чақиришса ҳам, олмаймиз, ўзинглар олинглар, деб «отказ» қилишяпти.

Албатта, олиш керак, назаримда. Ахир вакциналар бекорга ишлаб чиқарилмаган-ку.

Ҳозир қилинаётган вакциналарга ҳеч ким ишонмаяпти. Лекин мен Pfizer вакцинасининг кучига ишонаман. Агар Ўзбекистонга олиб келинса, шу вакцинани оламан. Ҳозирча кутяпман. Агар мен айтган вакцинани олиб келишмаса, эмланганларни кузатиб, салбий таъсир қилмаса, борини олавераман.

Маълумот учун: AstraZeneca (CovieShield эмас), Pfizer, Moderna ёки ЖССТ тасдиқлаган бошқа вакцина август ойида Ўзбекистонга келиши кутилмоқда.

Акмал Алимжонов.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Акмал Алимжонов, 72 ёш: Вакцина олмадим. Олишимга ҳожат ҳам йўқ, деб ҳисоблайман. Коронавирусга чалинмаганман. Доим уйдаман. Ўзимни эҳтиёт қиляпман. Ҳамманинг ҳаёти ўз қўлида-ку.

Оила аъзоларим ҳам эмланмаган. Чунки улар ҳам уйда ўтиришади. Кўчага чиқишмайди. Кечки пайт айланиб келишмаса, бошқа пайтда ҳамиша уйда. Ён атрофдан эмланаётган одамлар ҳақида эшитяпман. Лекин менинг олиш ниятим йўқ.

Ситора Саидова.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Ситора Саидова, 22 ёш: Чет элда яшайдиган кўп ўртоқларим вакцина олишди. Ҳеч қандай ёмон таъсири кузатилгани йўқ. Мен вакцина олиш керак деб ҳисоблайман. Ахир бекорга ишлаб чиқарилмаган-ку. Йилнинг охирига қадар AstraZeneca, Pfizer ёки «Спутник V» вакциналари Ўзбекистонга келса, олмоқчиман.

Исмини айтишни истамаган «Тансиқбоев» бозори сотувчиси, 20 ёш: Вакцина олишни хоҳламайман. Вакцина вирус тарқатади. Чунки у Хитойдан келади. Олишдан қўрқдим. Оила аъзоларим Қашқадарёда эди, улар эмланибди. Лекин вакцина олиш яхши эмас.

Одамларнинг айтишича, ҳозир вакцина олганда билинмаслиги мумкин, лекин қачондир мазаси бўлмаса, у ўзининг ёмон таъсирини кўрсатаркан. Шунинг учун олишни хоҳламайман.

Бобурмирзо Даминов.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Бобурмирзо Даминов, 19 ёш (Бобурмирзо вакцина олишга келган икки дўстини кутиб турганди): Вакцина олишни хоҳламайман. Чунки ҳеч қаерда вакцинанинг коронавирусга қарши ёрдам беришининг исботи йўқ. Тўғри, текин қилиняпти, лекин гап пулида ҳам эмас. Шунчаки одам фойдаси ёки зарарини кўрмаган нарсасига қизиқмайди, олишга хоҳиши ҳам бўлмайди.

Уйдагилар ҳам умуман қизиқишмайди. Эмланишни ҳатто хаёлига ҳам келтирмайди. Instagram’да вакцинация ҳақида маълумотлар ўқиб қоламан, лекин очиғи нима бўляпти, қандай қилиняпти, умуман қизиқмайман.

Аслида, вакцинадан қўрқаётганим ҳам йўқ. Шунчаки қизиқмайман. Агар мажбурий қилинса, оламан.

«Мажбурий қилинган тақдирда ҳам, олмасам керак»

Мадина Қаюмова.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Мадина Қаюмова, 36 ёш: Вакцина олмадим, олиш ниятим ҳам йўқ. Билмадим, негадир қўрқяпман. Эшитишим бўйича, вакцина икки йил давомида одамларга ёмон таъсир қилиши мумкин экан.

Ён атрофимда ҳам вакцина олганларини эшитмадим. Кўп танишларим билан гаплашсам, улар қўрқаётганини, эмланмаслигини айтяпти. Лекин қайнонам ва қайнотам эмланибди. Яқинда кўргани борганимизда айтиб қолишди. Менимча, ёмон таъсир қилгани йўқ. Иккинчи дозасини ҳам олишмоқчи экан.

Мажбурий қилинган тақдирда ҳам, олмасам керак, қўрқаман.

Исмини ошкор этишни истамаган аёл, 27 ёш: Вакцина олишни истамайман, чунки ишонмайман. Сабаби коронавирус бир кишидан иккинчисига юққанда штамми ўзгаради. Яъни ҳар бир инсон организмида у мутацияга учрайди. Ҳозирги вакциналар вируснинг битта тури учун, холос. Барчасини йўқ қилишига кафолат йўқ. Шунинг учун эмланишни хоҳламайман.

Азамат Мирсодиқов, 35 ёш: Менинг опам ишхонасидан вакцина олганидан кейин касал бўлиб қолди. Ҳозир Зангиотадаги шифохонада ётибди. Энди мени вакциналарга ишончим ҳам, олиш ниятим ҳам йўқ. Ундан кўра Аллоҳ шифо берсин.

Вакцина олган одам икки йилдан кейин ўладими?

Одамларнинг вакцина бўйича хавотирлари қанчалик ҳақиқатга яқин? Чиндан ҳам вакцина салбий таъсир қилиш мумкинми? Агар фуқаро эмланганидан сўнг соғлиғи ёмонлашса, кимга мурожаат қилиши керак? Бу борада Инновацион ривожланиш вазирлигига йўлланган саволларга Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг вакциналар ва иммунопрофилактика бўлими бошлиғи Дилором Турсунова жавоб берди.

Вакцина олган одам узоғи икки йилгача яшаркан, деган миш-мишлар ҳеч қандай илмий асосга эга эмас. Агар вакцинага нисбатан организмда салбий ўзгаришлар кузатилиши керак бўлганда, бу ҳолат 30 дақиқанинг ичида ўзини ошкор этиши керак эди. Икки йилда салбий оқибатлар олиб келиши ҳақидаги гаплар ҳеч қандай мантиққа тўғри келмайди.

Бугунги кунда вакциналар билан оммавий эмланиш жараёнида салбий оқибатларга олиб келган ёмон ҳолатлар аҳоли орасида қайд этилгани йўқ. Тахминан вакцина билан эмланган аҳолининг 1% да тана ҳароратининг кўтарилиши, бош оғриғи, ҳолсизлик каби ҳолатлар кузатилди. Бу дегани ҳеч қандай ножўя таъсирга эга эмас, десак ҳам бўлади.

Умуман, вакциналарни яратиш жараёни катта назорат остида ташкил этилади. Аввал у турли лаборатория синовларида текширилади. Барча давлатларда шу қатори Ўзбекистон ҳам Фармацевтика агентлигининг вакцина сифатига баҳо берганидан сўнг оммавий эмлашга рухсат этилади.

Охирги кунларда ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси коронавируснинг кўп штаммларига самарали таъсир кўрсатиши кузатувлар давомида исботланмоқда.

Вакцинадан сўнг ўзини ёмон ҳис қилган фуқаро дастлаб вакцина қабул қилган оилавий поликлиникадаги шифокорларга мурожаат қилиши мумкин.

Шунингдек, коронавирусга қарши қўлланилаётган вакциналардан ножўя белгилар пайдо бўлса, барча «тез тиббий ёрдам» марказлари томонидан зудлик билан ёрдам кўрсатилади. Бироқ минг бор шукрки, аҳоли орасида вакцинага нисбатан салбий ножўя таъсирлар кузатилмади.

Дилором Турсунова, Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бўлим бошлиғи

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Вакцина олгандан кейин ҳам нега коронавирусга чалиниш ҳолатлари кузатилмоқда?

Клиник тадқиқотлар доирасида вакцинанинг тегишли равишда учала дозасини қабул қилган фуқарода организмдаги антитаначалар миқдори сезиларли даражада баланд чиқаётганлигига гувоҳ бўлмоқдамиз. Хитой ва ўзбек олимларининг кузатувлари бунга асос бўлади.

Тўғри, вакцинанинг 1 ва 2-дозаларини олган фуқаролар орасида коронавирусни юқтириш ҳолатлари кузатилмоқда. Бироқ суриштирувларимиз жараёнида бундай фуқаролар касалликни енгил тарзда ўтказганлигини айтишмоқда.

Аммо 3-дозаси билан тўғри ва ўз вақтида эмланган аҳолида антитаначаларнинг миқдори юқори бўлиши эвазига юқтириш хавфи кузатилмайди.

Дилором Турсунова, Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бўлим бошлиғи

Вакциналар узоқ муддатгача COVID-19 дан ҳимоя қила оладими?

Ҳозирда коронавирусга қарши бутун дунёда қўлланилаётган вакциналардан ҳеч бири COVID-19 дан 100 фоиз ҳимоя қилиши ҳақида кафолат бермаган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан рўйхатга олинган вакциналарнинг фойдалилик кўрсаткичи 90 фоиздан юқорилиги ўтказилган синовларда тасдиқланган. Исроилда 2021 йил январида кунига 10 минг атрофида коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этиларди. Ҳозирда аҳолисининг 60 фоизини эмлашга улгурган Исроилда кунига 200—300 та касалланиш ҳолати кузатилмоқда. Аҳолисининг 60 фоизга яқинини тўлиқ эмлаган АҚШда ҳам сўнгги олти ойда касаллик юқтириш 94 фоизга пасайган. Бу рақамларнинг ўзиёқ вакцинанинг қай даражада фойда келтираётганини кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, дунёнинг бир қатор етакчи давлатлари раҳбарлари ҳам коронавирусга қарши вакцина билан эмланди. Улар қаторида АҚШ президенти Жо Байден, Россия президенти Владимир Путин, Хитой раҳбари Си Цзиньпин, Британия қироличаси Елизавета II, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон, Саудия подшоҳи Салмон ибн Абдулазиз Ас-Сауд ва бошқаларни келтириш мумкин. Уларнинг аксарияти жонли эфирда эмланиб, мамлакат фуқароларини ҳам эмлаш жараёнларида фаол иштирок этишга чақирганди. Вакцина чиндан ҳам хавфли бўлганида давлат раҳбарлари шу тарзда иш тутишармиди? Албатта, йўқ.

Вакцина олаётган Жо Байден ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон.

Фото: AFP / Туркия президенти матбуот хизмати

Ўзбекистонда ҳар бир бола туғилганидан то 16 ёшига қадар қизамиқ, Гепатит А, Б каби турли хил юқумли касалликларга қарши 11 бор эмланади. Тўғри, эмланган бола энди касалликларни юқтирмайди дегани эмас. Инсон умри давомида мазкур касалликларга чалиниши мумкин. Лекин эмланганларда бошқаларга нисбатан касаллик енгилроқ кечиши кўп бор исботланган.

Олимлар ҳам коронавирус пандемиясини енгишнинг ягона йўли оммавий вакцинация эканлигини такрор-такрор айтмоқда.

Аммо биз мазкур мақола орқали вакцина олишга ёки аксинча иш тутишга тарғиб қилмоқчи эмасмиз. Шунчаки вакцина бўйича фактларни келтириб, унинг атрофидаги миш-мишларга ойдинлик киритдик, холос. Вакцина олиш ёки олмаслик бўйича танлов ўз ихтиёрингизда!

Муаллиф: Хонзодабегим Аъзамова 

Муҳаррир: Дилшод Шарипов