Сурхондарё вилояти “Сурхон” давлат қўриқхонасида икки ҳайвонни овлаганлар табиатга 4,5 млрд сўм зарар етказди. Бу ҳақда вилоят Экология бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, 5 июль куни “Сурхон” давлат қўриқхонасининг “Хатак” бўлими, “Олтикунлик” массивида ўтказилган рейд чоғида ноқонуний ов ҳолати аниқланиб, Қизил китобга киритилган икки бош бурама шохли эчки (морхўр) овлангани маълум бўлди.
Рейд давомида қўриқхона ҳудудида қурол билан ҳаракатланаётган уч нафар фуқаро шубҳа уйғотади, уларнинг ҳаракати кузатилади. Улар тошлоқ ва тик қияликларда ҳаракатланаётган бўлишига қарамай, масофадан бинокл ва мобил воситалар ёрдамида назоратга олиниб, ҳаракати ҳужжатлаштирилиб борилади.
Назорат давомида ҳуқуқбузарлар морхўр овлаб, сўяётган вақтда қўлга олинган. Ҳайвон қолдиқлари Термиз давлат университети ҳузуридаги суд-зоологик экспертизага йўналтирилиб, уларнинг бир ва уч ёш атрофидаги эркак ва урғочи морхўрлар экани тасдиқланди.
Мазкур ҳолат Шеробод тумани “Катта ҳаёт” маҳалласида яшовчи Х.Ш., Ш.Ж. ҳамда “Вандоб” маҳалласида яшовчи V.М. томонидан содир этилгани аниқланган.

Бурама шохли эчки (Cапра фалcонери) — халқаро миқёсда ҳимояланадиган ноёб ҳайвон тури ҳисобланади. Уни овлаш Ўзбекистон Жиноят кодексига асосан жавобгарликка сабаб бўлади.
Президентнинг 2023 йил 31 майдаги қарорига мувофиқ, Қизил китобга киритилган ҳайвонларни ноқонуний овлаш ҳолатларида жарималар 10 бараварга оширилади. Натижада мазкур ҳолатда давлатга етказилган зарар 4,5 миллиард сўм деб ҳисобланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан ҳужжатлар тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилган ва терговгача бўлган суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, “Сурхон” давлат қўриқхонаси 1986 йилда ташкил этилган бўлиб, муҳофаза этиладиган ҳудуд ҳисобланади. Бу ерда ов қилиш, дарахт кесиш, мол боқиш каби хўжалик фаолиятлари қатъиян тақиқланган.
Айдар-Арнасой кўлларида 2024 йили ноқонуний ов оқибатида табиатга 1,7 млрд сўмлик зарар етказилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Навоийда ноқонуний балиқ овлаган шахслар табиатга 6,3 млрд зарар етказгани ҳақида хабар берилганди.
Бундан ташқари, Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида ноқонуний балиқ овланиши натижасида табиатга 1,4 миллиард сўм зарар етказилган эди. Ўзбекистон ҳудудида 2025 йил 1 сентябрдан 2028 йил 1 январгача ов қилишга мораторий жорий қилиниши мумкинлиги айтилганди.
Изоҳ (0)