Исландиянинг жануби-ғарбий қисмидаги Рейкянес яриморолида 19 март куни олти минг йил ухлаган Фаградальсфьядль вулқони отилди. Вулқон мамлакат пойтахти Рейкявикдан тахминан 30 километр узоқликда жойлашган, деб ёзади Meduza.

Фото: Reuters

Reuters хабарига кўра, вулқон содир бўлган жойда узунлиги 500 дан 700 метргача бўлган ёриқ ҳосил бўлган, ундан чиққан лавалар 100 метргача баландликка кўтарилган. Табиий ҳодисанинг дастлабки соатларида лава бир квадрат километрдан ортиқ майдонга (200 га яқин футбол майдонига тенг) тўкилган.

Фото: AFP

Таъкидланишича, вулқон отилишидан олдин сўнгги тўрт ҳафта ичида яриморолда кетма-кет 40 мингдан ортиқ майда зилзилалар содир бўлган. Исландия метеорология идораси маълумотларига кўра, вулқон аҳоли ва инфратузилма учун хавф туғдирмайди.

Ҳукумат мамлакатдаги ягона халқаро аэропорт — пойтахтда жойлашган Кеблавикни ёпмади. Ҳар бир авиакомпания парвозлар ҳақида ўзи мустақил қарор қабул қилади. Вулқон отилган ҳудудда рейсларни кечиктириш ҳолати қайд этилмаган.

Аввалроқ ўтган уч ҳафта давомида бутун Исландияда сейсмологлар 50 мингдан ортиқ зилзилани қайд этгани ҳақида хабар берилганди. Олимлар ушбу ҳодисани ғайриоддий деб атаб, вулқон отилиш эҳтимоли юқори эканини айтганди. BBC’нинг таъкидлашича, исландияликлар вулқон отилишига ўрганиб қолган, лекин зилзилалар юз йиллардан буён бу ҳудудда бўлмаётганди.

Шунингдек, Суматра оролида Синабунг вулқони ҳаракатга келгани, Сицилияда Этна вулқони, Индонезияда Левотоло вулқони уйғонгани ҳақида хабар берилганди.