Испанияда илк бор Америка ёввойи қоракўзанларида коронавирус инфекцияси борлиги аниқланди, деб ёзмоқда Periodico нашри.
Аввал SARS-CoV-2 фақат қоракўзанлар боқиладиган фермаларда қайд этилганди. Ўтган йили июль ойида SARS-CoV-2 Пуэбла-де-Вальверде (Арагон автоном бирлашмаси) муниципалитетидаги фермадаги ҳайвонларда аниқланган. Ўшанда маҳаллий ҳукумат 90 мингдан зиёд қоракўзанни йўқ қилиш ҳақида қарор қабул қилган. 2021 йил январь ойида Ла-Коруня провинциясидаги кўзанлар етиштириладиган фермада яна коронавирус борлиги маълум бўлди, бу ерда ҳам қоракўзанларни йўқ қилиш юзасидан топшириқ берилган.
Валенсия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги икки нафар ўлик ёввойи қоракўзанда коронавирус аниқлангани ҳақида хабар берган. Маҳаллий ҳукумат мазкур ҳолатда касалликнинг одамга юқиш эҳтимоли йўқлигини билдирган.
Америка қоракўзани – Испанияда ярим табиий равишда ёввойилашадиган тур ҳисобланади. Асосан фермалардан қочиб кетган қоракўзанлар табиат шароитида ёввойилашиб боради. Хавфсизлик нуқтаи назаридан мазкур турга мансуб ҳайвонларни ушлаш ёки овлаш вақтинча тўхтатилган.
COVID-19 бошқа мамлакатлардаги қоракўзанлар етиштириладиган фермаларда ҳам аниқланган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти SARS-CoV-2 вирусининг Дания, Нидерландия, Польша, Испания, Швеция, Ирландия, Италия ва АҚШдаги қоракўзанлар етиштириладиган фермаларда аниқланганини маълум қилган.
Литва 2020 йил декабрь ойида Ионов ҳудудида 1,2 мингта қоракўзан коронавирус оқибатида ҳалок бўлгани, яна 40 мингта кўзанлар ухлатиб ўлдирилишини хабар қилган.
Изоҳ (0)