Европа Иттифоқи Беларусда бўлиб ўтган сайловни на эркин, на адолатли деб ҳисоблайди ва полиция зўравонлиги учун масъул бўлган шахсларга нисбатан санкция қўллаш имкониятини ўрганмоқда. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича вакили Жозеп Боррелнинг баёнотида маълум қилинган, деб ёзмоқда «ТАСС».

Фото: EPA

Мазкур баёнот Европа Иттифоқининг барча 27 та мамлакати ташқи ишлар вазирлари билан келишилган ҳолда эълон қилинган.

«Беларусдаги сайлов на эркин, на адолатли бўлди. Расмийлар нотенг ва қабул қилиб бўлмайдиган зўравонликка қўл урди. Биз бу вазият бўйича ҳукуматнинг ҳаракатларини чуқур ўрганамиз ва Беларусь билан муносабатларни қайта баҳолаб чиқамиз. Бу зўравонлик ва сайлов натижаларини сохталаштириш учун масъул бўлганларга қарши манзилли чораларни ўз ичига олиши мумкин», — дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, Беларусь президенти сайлови кампанияси давомида амалдаги президентга рақобатчи бўлган номзодларга турли тазйиқлар ва таъқиблар уюштирилди. Мамлакатда Александр Лукашенконинг рақибларини қўллаб-қувватлаш учун митинглар бўлиб ўтди.

Беларусда 9 август куни президент сайлови бўлиб ўтди. Сайлов куни Минск марказида ҳарбий техника пайдо бўлди. Беларусь милицияси сайлов участкалари олдида тўпланган одамларни қўлга олди. Сайлов куни оқшомида мамлакатнинг барча етакчи оммавий ахборот воситаларининг сайтлари очилмай қолди. Пойтахт Минскда президент сайловидан кейин норозилик намойиши бошланди.

Беларусь Марказий сайлов комиссиясининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, президентлик сайловларида республиканинг амалдаги раҳбари Александр Лукашенко 80,23 фоиз овоз тўплаган. Мухолифат номзоди Светлана Тихановская эса расмий маълумотларга кўра, 9,9 фоиз овоз олган.

Кейинроқ Светлана Тихановская ўтказилган сайловларда ўзини ғолиб дея ҳисоблашини маълум қилди ва Лукашенкога музокаралар ўтказиш таклифини берди. Шунингдек, у сайловларнинг натижаси юзасидан Марказий сайлов комиссиясига норозилик билдирди.

Светлана Тихановскаянинг штаби 10 август куни кечаси у Беларусь Марказий сайлов комиссиясига борганидан сўнг йўқолиб қолганини билдирган. Кечга яқин Тихановская алоқага чиққан, бироқ қаерда эканлигини ошкор этмаган. Беларусь Давлат хавфсизлик қўмитаси Светлана Тихановскаяга уюштирилган суиқасднинг олди олинганини маълум қилган.

11 август куни Тихановская Беларусдан чиқиб кетгани ва Литвада эканлиги маълум бўлди. Унинг штаби томонидан маълум қилинишича, президентликка номзод бу ишни ўз хоҳиши билан қилмаган, балки штаб раҳбари Мария Морознинг озод этилиши эвазига ҳукумат босими остида амалга оширган.

Шунингдек, 11 август куни Тихановскаянинг видеомурожаати эълон қилинган. Унда Тихановская ўзининг кетиши «оғир қарор» бўлганини маълум қилган. «Мен дуч келган бундай танловда қолишни Худо кўрсатмасин», — деган Тихановская.

Кейинроқ Беларусь ҳукумати тарафдори бўлган Telegram канал Тихановскаянинг бошқа бир видеомурожаатини эълон қилди. Номзод мазкур мурожаатда камерага қарамасдан, варақдан ўз тарафдорларига қаратилган ва намойишларни тўхтатиш ҳақидаги чақирувни ўқиб берган.

Ҳозирда Литва ҳукумати томонидан Светлана Тихановскаяга бошпана ва қўриқчилар тақдим этиган.