Ўзбекистонда 30 июль соат 23:30 дан 31 июль соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 738 та ҳолат қайд этилди. Биринчи марта кунлик беморлар сони 700 нафардан ошди ва янги антирекорд ўрнатилди. Кетма-кет иккинчи кун коронавирусдан тузалганлар сони янги беморлар сонидан ошмоқда, бунинг эвазига даволанаётган беморлар сони 2 кундан буён камаймоқда. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 24009 нафарга етди.

ССВ ҳисоби бўйича 141, «Дарё» ҳисоби бўйича 148 киши коронавирус асоратларидан вафот этган.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланганларнинг

  • 111 нафари хориждан келиб карантинга олинганлар орасида;
  • 627 нафари тана ҳарорати кўтарилганлиги туфайли профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида (Тошкент шаҳрида — 302 нафар, Тошкент вилоятида — 203 нафар, Бухоро вилоятида — 35 нафар, Сирдарё вилоятида — 22 нафар, Андижон вилоятида — 19 нафар, Қашқадарё вилоятида — 17 нафар, Наманган вилоятида — 15 нафар, Навоий вилоятида — 10 нафар, Қорақалпоғистон Республикасида — 4 нафар) аниқланган.

Тошкент шаҳрида 302 кишида касаллик аниқланди. Тошкентда июль ойида касаллик аниқланмаган бирон кун ҳам бўлмади. Жорий ҳафтанинг ўзида Тошкентда 1602 кишида касаллик қайд этилди. Шунингдек, хориждан келиб, карантин марказига жойлаштирилган фуқаролар орасида 111 кишида касаллик аниқланди. Янги ҳолатлардан сўнг Тошкентда коронавирусга чалинганлар сони 14415 нафарга етди. Касаллик энг кам қайд этилган ҳудуд Жиззахда 140 кишида коронавирус аниқланган, яъни Тошкентда коронавирусга чалинганлар сони Жиззахдагидан 103 баравар кўп. Тошкент шаҳрида қайд этилган коронавирусга чалиниш ҳолатлари Жанубий Кореяда аниқланган барча ҳолатлар (14305)дан ҳам ошиб кетди.

Тошкент вилоятида 203 кишида коронавирус қайд этилди17 июлдан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент вилоятининг кўрсаткичларини Тошкент шаҳридан алоҳида бера бошлади. Ўшандан буён вилоятда кунлик касалланиш ҳолатлари сони илк марта 200 тадан ошди. Ҳафта давомида Тошкент вилоятида 788 кишида касаллик аниқланди. Республика махсус комиссиясининг 28 июлдаги қарорига мувофиқ Тошкент вилояти Зангиота туманидаги «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги «Назарбек» санаторийси 350 ўринга мўлжалланган коронавирусга чалинган беморларни даволаш комплексига айлантирилди.

Бухоро вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида 35 кишида касаллик аниқланди. Июль ойида Бухорода жами 307 кишида касаллик аниқланди ва касалланганлар сони 828 нафарга етди. Бу вилоятдаги жами касалланиш ҳолатларининг 37 фоизига тенг. Бухоро вилояти коронавирусга чалинганлар сони 800 нафардан ошган Тошкент шаҳри, Тошкент, Андижон ва Самарқанд вилоятларидан сўнг 5-ҳудуд бўлди. Вилоятда коронавирус юқтириб олганлар орасида Бухоро вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов ҳам бор, ҳозирда у Тошкентда даволанмоқда.

Сирдарё вилоятида 22 кишида коронавирус қайд этилди. 25 июлдан бери вилоятда ҳар куни янги касалланиш ҳолатлари аниқланмоқда. 17 июлдан бошлаб ССВ Сирдарё вилоятининг статистикасини Тошкентдан алоҳида беришни бошлади. Ўша кунгача вилоятда касалланганлар сони 213 нафарни ташкил этган, 15 кун ичида Сирдарё вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 2,5 баравардан ортиққа кўпайиб, ҳозирда 581 нафарга етган.

Андижон вилоятида 19 кишида касаллик аниқланди. Вилоятда сўнгги 15 кун ичида фақат 25 июль куни янги ҳолатлар аниқланмади. Июль ойида Андижонда 786 кишида касаллик аниқланган бўлиб, бу вилоятдаги жами касалланиш ҳолатларининг 79 фоизига тенг. Ҳозирда Андижонда аниқланган беморлар сони 995 нафарга етган. Вилоят Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан сўнг касалланганлар сони 1000 нафарга етган учинчи ҳудудга айланишга яқин турибди.

Қашқадарё вилоятида 17 кишида коронавирус қайд этилди. 30 июнь ҳолатига кўра Қашқадарёда 197 кишида касаллик аниқланган бўлса, июль ойида давомида коронавирусга чалинганлар сони 3,5 бараварга ошиб, ҳозирда 693 нафарни ташкил этмоқда. Бутун республикадаги беморларнинг 2,9 фоизи Қашқадарё вилоятига тўғри келмоқда. Вилоят махсус комиссияси қарори билан Қашқадарёда 3 августдан бошлаб бир қатор карантин чекловлари босқичма-босқич юмшатилиши эълон қилинди. Махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ, 3 августдан бошлаб туман (шаҳар) ҳокимлари, ҳудудий махсус комиссия раисларига ўз ҳудудидаги буюм ва қурилиш моллари бозорлари, савдо, маиший хизмат, умумий овқатланиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига фаолиятларини давом эттиришга индивидуал тарзда рухсат бериш ваколати берилади. Шунингдек,  3 августдан бошлаб автотранспорт воситаларида махсус рухсатномасиз ҳаракатланишга, шунингдек, Қарши шаҳрига кириш-чиқишга фақатгина куннинг муайян вақтида — соат 07:00 дан 10:00 гача ва 18:00 дан 21:00 гача тегишли ҳудуд доирасида ҳаракатланишига рухсат берилади. Бунда автомобиллар ҳаракатига фуқароларнинг иш жойига бориб-келиши, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш учун рухсат этилади.

Наманган вилоятида 15 кишида коронавирус қайд этилди. Вилоятда июль ойида 23 кун янги касалланиш ҳолатлари қайд этилган. Наманганда июль ойида 447 кишида коронавирус қайд этилди, бу вилоятдаги жами касалланиш ҳолатларининг 60 фоизига тенгдир.

Навоий вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида 10 кишида коронавирус аниқланди. 25 июлдан бери вилоятда ҳар куни янги ҳолатлар қайд этилмоқда, аммо бу кунларнинг ҳеч бирида кунлик касалланиш ҳолатлари 11 тадан ошгани йўқ. Июль ойида Навоийда коронавирусга чалинганлар сони 148 кишига кўпайди, бу вилоятдаги жами касалланиш ҳолатларининг 34 фоизига тенгдир. Навоийда коронавирусга чалинганлар орасида вилоят ҳокими Қобул Турсунов ҳам борлиги маълум бўлди. У 4 кундан бери Тошкентда даволанмоқда.

Қобул Турсунов.

Фото: «Дарё»

Қорақалпоғистон Республикасида 4 кишида коронавирус аниқланди. Июль ойида республикада 206 кишида касаллик қайд этилди, бу Қорақалпоғистондаги жами касалланиш ҳолатларининг 58 фоизига тенгдир.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

ССВ кун давомида Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинган 5 киши вафот этганини хабар берди. Аммо коронавирусга чалингач 31 июль куни вафот этган Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов бўйича ахборот бермади.

Биринчи ўлим. Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшаган 55 ёшли Б.Ш. исмли эркак 13 июль куни Вирусология илмий-текшириш институти клиникасига ётқизилган. Кейинчалик аҳволи оғирлашганлиги сабабли реанимация бўлимига ўтказилган. Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган.

Хасталик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас етишмовчилиги, сепсис, полиорган етишмовчилиги, ўпка шиши асоратлари билан кечган. Шунингдек, қандли диабет, юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония, артериал гипертензия каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, ўпка шишидан вафот этган.

Иккинчи ўлим. Тошкент шаҳри Сергели туманида яшаган 67 ёшли Н.Т. исмли аёлда 10 июль куни COVID-19 инфекцияси тасдиқланган ва шаҳар 1-сонли клиник шифохонага олиб келинган, ҳолати ёмонлиги сабабли реанимация бўлимига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас етишмовчилиги асоратлари билан кечган. Шунингдек, бемор юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония, артериал гипертензия каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи асосий касаллик ҳисобига кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Учинчи ўлим. Тошкент шаҳрида яшовчи 60 ёшли М.С. исмли аёл 10—20 июль кунлари уй шароитида хусусий шифохона шифокорларининг тавсияларига мувофиқ даволанган. 21 июль куни эса бемор Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги асоратлари билан кечган. Шунингдек, бемор юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония, артериал гипертензия каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи асосий касаллик ҳисобига кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Тўртинчи ўлим. Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси, Олий Мажлис Сенати раиси ўринбосари Муса Ерниязов 72 ёшида вафот этди.

Муса Ерниязов.

Фото: «Дарё»

Муса Ерниязовнинг ўлими ҳақида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот бермади ва коронавирус асоратларидан вафот этганлар рўйхатига ҳам киритмади. Қорақалпоғистон ССВ Муса Ерниязовнинг касаллиги қандай кечгани ҳақида маълумот берди.

Муса Ерниязовда касалликнинг клиник белгилари кучайгани сабабли 30 июнь куни Воҳидов номидаги ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг Нукус филиалига олиб келинган ва оғир аҳволда реанимация бўлимига ётқизилган. Беморга икки томонлама пневмониянинг оғир кечиши ташхиси қўйилган. Касаллик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафар етишмовчилиги асоратлари билан кечган. Шунингдек, бемор бир неча йиллардан буён қандли диабет, гипертония, юрак ишемик касалликларидан даволаниб келган.

Воҳидов номидаги ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг Нукус филиалида Муса Ерниязовни даволаш ишлари чет эллик ва Тошкент шаҳридаги етакчи шифокорлар билан консультациялар ва консилиумлар орқали амалга оширилган.

Муса Ерниязовнинг аҳволи асосий касаллик асоратлари ҳисобига стабил оғир бўлиб турган, мутахассислар томонидан ўтказилган реанимацион чораларга қарамасдан, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, ўткир респиратор дистресс синдромидан вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, Муса Ерниязов коронавирусга чалингани ҳақидаги хабарлар июль ойи бошида пайдо бўлганди. Аммо ўшанда Қорақалпоғистон раҳбарияти бу хабарларни қатъий рад этганди. Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабари бўйича Ерниязов 30 июнда касалхонага ётқизилган.

Муса Ерниязовнинг вафоти муносабати билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамдардлик билдирди.

Бешинчи ўлим. Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида яшаган 55 ёшли Н.Д. исмли эркак 19 июль куни оғир ҳолатда Вирусология илмий-текшириш институти клиникасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Шифохонада унда COVID-19 инфекцияси борлиги тасдиқланган. Беморга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Касаллик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас етишмовчилиги, ўпка шиши, кенг тарқалган миокард инфаркти асорати билан кечган.

Шунингдек, бемор юрак ишемик касаллиги, стабил зўриқиш стенокардияси, гипертония, артериал гипертензия, семизликнинг 3-даражаси каби ҳамроҳ хасталиклар билан ҳам оғриган.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи асосий касаллик ҳисобига кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, ўпка шиши, кенг тарқалган миокард инфарктидан вафот этган.

Олтинчи ўлим. 27 июль куни Ички ишлар академияси ахборот хизмати академия фахрийлар кенгаши ва шахсий таркиби истеъфодаги полковниги Тангирбердиев Султонбой Қурбонбоевичнинг 25 июль куни вафот этганини хабар қилганди. ССВ унинг ўлими ҳақидаги хабарни 6 кун ўтиб эълон қилди.

Султонбой Тангирбердиев.

Фото: ИИВ академияси

«Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшаган 62 ёшли Т. С. исмли эркакда 29 июнь куни Ўзбекистон Республикаси ИИБ Марказий госпиталида ўткир аппендицит аниқланган ва оператив даво ўтказилган. 10 июль куни унда COVID-19 тасдиқланган ва оғир ҳолатда Вирусология илмий текшириш институти клиникаси реанимация бўлимига ётқизилган», — дейилади ССВ хабарида.

Беморга COVID-19 инфекцияси ўта оғир кечиши ва икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган ва касаллик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас етишмовчилигининг 3-даражаси, ўткир юрак-қон томир етишмоқчилиги ва инфексион токсик миокардит асоратлари билан кечган. Шунингдек, беморда юрак ишемик касаллиги, стабил зўриқиш стенокардияси, гипертония касаллиги, артериал гипертензиянинг 3-даражаси каби ҳамроҳ касалликлар кузатилган.

Асосий касаллик асоратлари ҳисобига аҳволи стабил оғир бўлиб турган бемор, мутахассислар томонидан ўтказилган реанимацион чораларга қарамасдан, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 141 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони 148 нафарни ташкил этмоқда. Давлат хизматлари агентлиги 15 июль куни Навоий вилоятидаги 61 ёшли ходими Адҳамжон Деҳқонов, Маданият вазирлиги эса 18 июль куни 32 ёшли ходими Акмал Ирисов коронавирус асоратларидан вафот этгани, Олмалиқ шаҳри ҳокимлиги 9 ва 15 июль кунлари шаҳар шифохоналарида вафот этган икки аёлда коронавирус тасдиқлангани ҳақида хабар берган. Шунингдек, 19 июль куни Чилонзор тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бактериология лабораторияси мудири 62 ёшли Марҳабо Аҳмедова, 22 июлда Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари, Қорақалпоғистон прокуратурасида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаётган 66 ёшли Ҳакимбай Халимов коронавирус асоратларидан вафот этгани хабар қилинган. 31 июль куни эса Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов вафот этгани хабар берилди (унинг коронавирусга чалингани ҳақида ССВ 18 июлда хабар берганди). Бироқ ушбу етти ҳолат ҳақида ССВ томонидан айни вақтгача ахборот берилмаган.

Таниқли режиссёр Сарвар Каримов ҳам 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди. Режиссёрнинг ўзи ва унинг бошқа оила аъзоларида коронавирус тасдиқланган. Шунингдек, 26 июль куни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 24 июль куни Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм университетининг 33 ёшли магистранти Ўткир Темиров касалликдан вафот этганини айтган. Маълум бўлишича, марҳум ўзида COVID-19’нинг барча белгилари бўлса-да, тест ҳам топшира олмаган, касалхонага ҳам ёта олмаган. Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир тумани шифохонасининг 32 ёшли тез тиббий ёрдам ҳамшираси Алия Жиемуратова 28 июль куни коронавирусдан вафот этгани ҳақида «Makan.uz» хабар тарқатди.

Айни пайтда коронавирус инфекциясидан даволанаётган 9 404 нафар бемордан 594 нафари оғир, 197 нафари эса ўта оғир аҳволда. Аҳволи оғир ва ўта оғир беморларнинг умумий сони 29 июлда 500 нафардан, 30 июлда эса 600 нафардан ошганди, ҳозирда уларнинг умумий сони 791 нафарни ташкил этмоқда.

Касалликдан даволаниш

31 июль куни Ўзбекистонда жами 784 нафар бемор коронавирус инфекциясидан тузалди ва янги рекорд ўрнатилди. Кетма-кет бешинчи кун соғайганлар сони бўйича рекордлар янгиланмоқда. 31 июль куни тузалганларнинг

  • 467 нафари Тошкент шаҳрида;
  • 184 нафари Тошкент вилоятида;
  • 41 нафари Андижон вилоятида;
  • 32 нафари Қашқадарё вилоятида;
  • 22 нафари Хоразм вилоятида;
  • 21 нафари Сирдарё вилоятида;
  • 13 нафари Наманган вилоятида;
  • 4 нафари Фарғона вилоятида касалликдан фориғ бўлган.

Ушбу беморларнинг қанчаси уй шароитида, қанчаси стационар шароитда даволанганига аниқлик киритилмаган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас. Республика махсус комиссияси марказий штабининг 22 июль куни берган маълумотлари аллақачон эскирди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 24 009 нафар бемордан 14 464 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 60 фоизни ташкил этмоқда. Охирги марта 12 июль куни даволаниш кўрсаткичи 60 фоиз бўлганди. 23 июлда эса бу борадаги кўрсаткич 53 фоизга тушиб кетганди.