Тарихий шахслар кўпинча кино туфайли таниш қиёфага эга бўлади. Биз уларни айнан шундай — харизматик, улуғвор ёки ҳатто даҳшатли кўришга ўрганиб қолганмиз. Бироқ экрандаги тасвирлар асл воқеликка қанчалик мос келади? Баъзида режиссёрлар ўз прототипларидан анча фарқ қиладиган қаҳрамонларни яратади.
Албрехт I
Албрехт 1298 йилдан бошлаб Германия қироли бўлган, Габсбурглар сулоласига мансуб шахс. У қирол Рудолф I нинг ўғли бўлиб, ҳокимият учун курашнинг мураккаб даврида ҳукмронлик қилган. Албрехт I нинг сиёсати Вилгелм Телл ҳақидаги афсонада акс этган воқеаларга сабаб бўлган ҳукмдорлардан бири сифатида қаралади. 2024 йилги тарихий жангари фильмда бу ҳукмдор ролини Бен Кингсли ижро этган.
Ксеркс I
Ксеркс I Форс шоҳи ва Аҳамонийлар сулоласининг тўртинчи шоҳи бўлган. У буюк ҳукмдор Доро I нинг ўғли эди. Отасининг вориси сифатида амалга оширган асосий режалари Миср ва Бобилда ҳокимиятни мустаҳкамлаш, шунингдек Юнонистонни забт этиш бўлган. Сўнгги мақсад Доро ҳукмронлиги даврида буюк Форс шоҳига қаттиқ қаршилик кўрсатган Афина ва бошқа полисларни жазолаш эди. “300 спарталик” фильмида Ксеркс кал ва кўплаб тақинчоқлар билан тасвирланган бўлса-да, аслида у қалин соқолли ва узун сочли эди.
Юлий Цезар
Юлий Цезар буюк Рим саркардаси ва давлат арбоби. У Рим республикасининг қулаши ҳамда Рим империясининг юксалишига олиб келган воқеаларда ҳал қилувчи рол ўйнаган.
Барчага таниш “Астерикс ва Обеликс Олимпия ўйинларида” фильмида Цезар ролини машҳур актёр Ален Делон ижро этган, аслида ҳақиқий Цезарнинг ташқи кўриниши бутунлай бошқача бўлган. Баланд пешона, катта бурун ва чўзиқ юз эркаклар гўзаллигининг тимсоли ҳисобланган Ален Делоннинг қиёфасига мутлақо мос келмасди.
Сэр Уилям Уоллес
Уилям Уоллес Шотландиянинг энг машҳур қаҳрамонларидан бири бўлиб, унинг тарихга таъсирини баҳолаб бўлмайди. Режиссёр ва бош рол ижрочиси Мел Гибсон томонидан унга бағишланган “Шерюрак” тарихий драмаси машҳурликка эришиб, кўплаб мукофотларга сазовор бўлди ҳамда оммавий маданиятда Шотландия тарихини идрок этишга катта таъсир кўрсатди, гарчи фильмнинг тарихий ҳаққонийлиги етарли даражада бўлмаса-да. Масалан, биз фильмда кўрадиган қаҳрамоннинг юзидаги кўк бўёқ бадиий тўқимадир. Бундай безак қадимги даврда пиктлар томонидан қўлланилган, аммо XIII асрдаги шотландияликлар бундай қилишмаган. Шу сабабли сэр Уилям ҳақиқий ҳаётида ҳеч қачон кўк чизиқлар билан юзини бўямаган.
Тутанхамон
Тутанхамон шунчаки Қадимги Миср фиръавнларидан бири эмас, балки сир-синоат ва жумбоқларга бурканган Миср маданиятининг тирик рамзи ва тимсоли бўлиб қолди. 1922 йилда унинг деярли қўл тегмаган мақбараси топилгач, у ҳақда янада кўпроқ сўз юритила бошланди. Тутанхамоннинг олтин дафн ниқоби бугунги кунгача Қадимги Миср маданиятининг рамзи сифатида сақланиб келмоқда. Турли тадқиқотларга кўра, Тутанхамон озғин ва паст бўйли бўлган деган тахминлар мавжуд, бироқ сериалда биз баланд бўйли, бақувват йигитни кўрамиз.
Нефертити
Нефертити Қадимги Миср XVIII сулоласининг маликаси ва буюк фиръавн Эхнатоннинг хотини. У эри билан бирга янги эътиқод — қуёш маъбуди Атонни ягона худо сифатида эъзозлашни жорий этишга интилди. У нафақат олтита фарзанд дунёга келтирди, балки унинг таянчи бўлиб, фиръавннинг барча ишларида уни қўллаб-қувватлади. Узоқ йиллар давомида турли актрисалар буюк маликани тасвирлашга уринишди, бироқ жуда муҳим бир жиҳат эътибордан четда қолди: Нефертити оқ танли эмасди. Бундан ташқари, қалин ва жингалак сочли бўлиши ҳам мумкин.
Наполеон Бонапарт
Наполеон Бонапарт — машҳур саркарда ва Франциянинг биринчи императори бўлган. Уни кўпинча паст бўйли, баланд пешонали ва кўзлари чуқур жойлашган одам сифатида тасвирлаганлар. Қизиғи шундаки, фильмда буюк саркарданинг 24 ёшидан бошланган ҳарбий фаолияти ҳақида ҳикоя қилинади, бироқ унинг ролини 30 ёшдан анча ошган актёр ижро этади.
Клеопатра
Птолемейлар сулоласининг сўнгги ҳукмдори бутун дунёга ўзининг гўзаллиги билан машҳур, аммо у фақат ташқи кўриниши билангина ажралиб турмаган. Клеопатра ниҳоятда доно ва зукко аёл бўлиб, заифлашган ва парчаланган мамлакатга фаровонлик ҳамда тинчликни олиб келган. У нафақат сиёсий фаолияти, балки Юлий Цезар ва Марк Антоний билан бўлган ишқий алоқалари туфайли ҳам шон-шуҳрат қозонган.
Изоҳ (0)