АҚШ президенти Дональд Трамп видеомурожаат қилиб, ноқонуний муҳожирларни мамлакатни ихтиёрий равишда тарк этишга чақирди. Бунинг учун улар CBP Home махсус иловасидан фойдаланишлари керак. Бу ҳақда Axios портали хабар бермоқда.

Бу илова собиқ президент Жо Байден даврида ишлаб чиқилган ва муҳожирларга чегарани қонуний кесиб ўтиш имконини берувчи CBP Оnе иловасининг ўрнини эгаллади.
“Мамлакатимизда ноқонуний турган одамлар ўзлари депортация қилиниши ёки мажбуран депортация қилиниши мумкин, бу унчалик ёқимли эмас. Байден маъмурияти бир миллиондан ортиқ чет элликларнинг АҚШга ноқонуний киришига йўл қўйиш учун CBP Оnе иловасидан фойдаланди. Энди менинг маъмуриятим CBP Home иловасини ишга туширмоқда, токи ноқонуний шахслар мамлакатни ҳозироқ осон ва ихтиёрий равишда тарк эта олсинлар”, деди Трамп видеода.
“Агар улар шундай қилса, кейинчалик қонуний равишда қайтиш имкониятига эга бўлишлари мумкин. Аммо агар бундай қилмасалар, улар депортация қилинади ва бошқа ҳеч қачон АҚШга кира олмайдилар. Ҳеч қачон, ҳеч қачон. Сиз бошқа кирмайсиз”, дея қўшимча қилди у.
Трампнинг сўзларига кўра, янги CBP Home иловаси солиқ тўловчиларнинг маблағларини тежаш ва чегара хизмати ишини соддалаштириш мақсадида яратилган.
Axios маълумотларига кўра, илованинг ишга туширилиши Трамп маъмуриятининг ноқонуний миграцияга қарши кенг кўламли кампаниясининг бир қисми ҳисобланади.
АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги аллақачон муҳожирларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг кенг кўламли рейдлари бошланишидан олдин мамлакатни ихтиёрий равишда тарк этишга ундовчи реклама кампанияси учун тахминан 200 миллион доллар сарфлаган.
20 январь куни ўтказилган инаугурацияда Трамп АҚШнинг 47-президенти сифатидаги илк нутқида Америка ҳудудига ноқонуний шахслар кириб келишини зудлик билан тўхтатишга ва миллионлаб муҳожирларни депортация қилиш жараёнини бошлашга ваъда берди. Шунингдек, у АҚШнинг жанубий чегарасидаги вазият туфайли умуммиллий фавқулодда ҳолат режимини жорий этди.
Изоҳ (0)