Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Баҳром Абдуллаев томонидан олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шариповга сенатор сўрови юборилди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, фуқароларнинг бир вақтнинг ўзида икки олий таълим муассасасида, масалан, давлат ва нодавлат ОТМда кундузги ва масофавий ёки кечки ва сиртқи шаклларда таҳсил олиш имкониятлари чеклангани борасида мурожаатлар кўпаймоқда.
Ушбу масалаларга аниқлик киритиш ва қонунчиликдаги мавжуд тўсиқларга изоҳ бериш мақсадида сенатор сўрови юборилган.
Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган низомга асосан абитуриент фақат битта ОТМга асл ҳужжатини топшириши мумкин. Шунингдек, HEMIS ахборот тизимида бир марта рўйхатдан ўтган талаба бошқа ОТМда қайта рўйхатдан ўта олмайди. Бу ҳолат эса ёшларнинг ўз ихтиёри ва эҳтиёжига кўра бир вақтнинг ўзида бир нечта таълим йўналишида билим олишига тўсқинлик қилмоқда.
Сенатор сўровида шу каби чекловлар АҚШ, Европа мамлакатлари, Россия, Қозоғистон каби давлатларда мавжуд эмаслиги, аксинча, талабалар бир вақтнинг ўзида бир нечта олий таълим муассасасида таҳсил олиб, икки ва ундан ортиқ дипломга эга бўлиш имкониятига эга экани таъкидланган.
Шу муносабат билан сенатор вазирдан фуқароларга бир вақтнинг ўзида давлат ва нодавлат ОТМларининг иккитасида таҳсил олиш имконияти юзасидан расмий тушунтириш беришни сўради.
Изоҳ (0)