Олий Мажлис Сенати муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг сифат таркибини яхшилаш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш ҳамда кадастрини юритиш ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборди. Бу ҳақда Сена ахборот хизмати “Дарё”га маълум қилди.
Сўровда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар (MЭТҲ)га етарлича эътибор қаратилмаётганига алоҳида урғу берилган.
Аҳоли томонидан чорва молларининг боқилиши ва бошқа салбий омиллар натижасида MЭТҲнинг умумий биомассаси сийраклашмоқда.
Турли табиий ва антропоген омиллар туфайли ҳайвонот ва ўсимлик олами турларининг сони камайиб, яшаш муҳитларидаги шарт-шароит янада кескинлашмоқда.
Инқирозга учраган майдонларни қайта тиклаш ишлари амалга оширилмагани туфайли шамол ва сув таъсирида тупроқ эрозияси кучайиб, чўлланиш ва чанг-тўзонларнинг ҳосил бўлиши ортиб бормоқда.
Бир нечта MЭТҲда ўрнатилган тартиб-қоидалар (режим) бузилиши ҳолатлари рўй бермоқда. Жумладан, ушбу ҳудудларда браконьерлик, ноқонуний қурилишлар ҳамда аҳоли томонидан чорва молларининг боқилиши оқибатида ёввойи ҳайвонлар ва ўсимликларга зарар етказилмоқда, — дейилади Сенат ахборотида.
Юқоридаги каби сабаб ва омиллар инобатга олинган ҳолда ҳукуматга парламент сўрови юборилган. Унда:
- йўналтирилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши;
- браконьерлик, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси контрабандаси;
- ўсимлик дунёси турларининг ноқонуний кесилиши;
- ҳайвонот дунёси объектларининг давлат кадастри;
- ҳисобга олиш ва бошқа маълумотларни рақамлаштириш;
- соҳани илмий-методик таъминлаш;
- MЭТҲда давлат назоратини кучайтириш каби бир нечта масалалар юзасидан тушунтириш бериш сўралган.
Маълумот учун, республикада муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар умумий майдони 6,321 миллион гектарга етказилиб, улар мамлакат ҳудудининг 14,08 фоизини ташкил этмоқда. 4400 дан ортиқ олий ўсимлик ва 15 000 дан зиёд ҳайвонот турлари аниқланган.
MЭТҲда Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ҳайвонлар (умуртқали) турларининг 83 фоизи ва ўсимлик турларининг 89 фоизи қамраб олинган.
Изоҳ (0)