Шоирнинг шеъридан рухсасиз фойдаланган яна бир хонанда Сардор Мамадалиев жаримага тортилди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

Унга кўра, Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида фарғоналик шоир Илҳомжон Комиловга тегишли “Севилмаган ёр керак менга” номли шеър хонанда Сардор Мамадалиев томонидан муаллифнинг рухсатисиз ва белгиланган тартибда шартнома тузмасдан ижро этилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177 прим 1-моддаси (муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бузиш) асосида ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, тегишли ҳужжатлар судга юборилган.
Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Сергели туман судининг қарорига асосан, ҳуқуқбузарга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177¹-моддаси биринчи қисми билан БҲМнинг икки баравари — 750 000 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Қайд этилишича, Адлия вазирлиги муаллифлик ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш ва ҳуқуқ эгаларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида доимий назоратни давом эттиради.
Бундан аввал хонанда Феруза Каримова қўшиқ ижросида шеърдан рухсатсиз фойдалангани учун муаллифга 40 млн сўмдан зиёд тўлайдиган бўлганди.
Шунингдек, Райҳоннинг “Яхшимасми” қўшиғида шеърдан муаллиф рухсатисиз фойдаланилгани аниқланганди. Шоир “Шамсиддин Садоий”нинг Адлия вазирлигига қилган мурожаати асосида “Давлатинг борида”, “Омонат” ва “Тингла дўстим” номли шеърлари хонанда Ботир Қодиров томонидан ҳуқуқ эгаси рухсатисиз ҳамда тегишли тартибда муаллифлик ҳақини тўламасдан фойдаланилгани аниқланган. Яна бир машҳур шоир хонанда Ботир Қодиров устидан Адлияга шикоят қилган.
“Абдуссамий” тахаллуси билан билан танилган шоир Шоҳрух Абдувоҳидовга тегишли “Қизғанаман”, “Сўнгги нафасгача”, “Соғиндим ёмон” ҳамда “Дилдора” номли шеърлар хонанда Ботир Қодиров томонидан ҳуқуқ эгаси рухсатисиз ҳамда тегишли тартибда муаллифлик ҳақини тўламасдан фойдаланилган.
Куни кеча эса Манзура ва Муроджон Йўлдошев “Азизим” қўшиғини муаллиф рухсатисиз куйлагани маълум бўлганди.
Изоҳ (0)