“Ширин укам” қўшиғи билан санъат оламига кириб келган қизалоқ Ширин Зоитова бугун салкам 20 йиллик ижодий фаолиятга эга хонанда бўлди. Шахсий ҳаётида кўплаб синов ва миш-мишларга учраган хонанда 27 февраль куни 34 ёшни қаршилади ва унинг ҳавас қилгудек оиласи бор.
“Бир ёшимда ота-онам ажрашиб кетишган”
Ширин Зоитова ота-онаси ҳақида гапиришни, ортда қолган ёқимсиз йилларни эслашни истамайди. У камдан кам интервьюларида болалиги ва қийинчилик кунларини ёдга олади.

— Ота-онам болалигимда ажрашиб кетишган. Ўша вақтда мен бор-йўғи бир ёшда бўлган эканман. Аслида ота-онам бир-бирларини севиб оила қуришган. Нима учун ажрашишгани эса менга қоронғи.
Мени кўпчилик бухоролик деб ўйлайди, аслида, Самарқандда туғилганман. Ота-онам ҳам Самарқанддан, аммо улар Тошкентга ўқишга келишганида танишишган экан.
Болалигимнинг кўп қисми қишлоқда, бобом ва бувимнинг ҳовлисида ўтган. Бир муддат Тошкентда ва Бухорода ҳам яшаганман, дейди хонанда.
“Бувим ва бобомнинг тарбиясини олганман”
Хонанда болалик йилларини ва бобо, бувиси билан боғлиқ хотираларни қуйидагича эслайди.

— Онам иш билан банд бўларди, табиийки, мен бувим ва бобом билан қолардим. Уларнинг набираси кўп эди, аммо ичида ҳеч кимга ишонмайдиган, энг эркаси ўзим бўлганман. Тўй-ҳашамлар тугул, ҳатто маъракаларга ҳам ўзлари билан олиб кетишарди.
Болалигим ниҳоятда гўзал ўтган, меҳрни ҳис қилганман. Аммо барибир ҳеч бири ўз ота-онангизнинг меҳрига тенг келмас экан.
Онамнинг иши сабаб кўп марта мактабимни кўчиришимизга тўғри келган. Менимча, камида 4-5 та мактабда ўқиганман. Шу боис синфдошлар билан боғлиқ хотираларим жуда кам. Аммо ҳамиша мактабдаги энг фаол ўқувчи бўлганимни эслайман. Рақс тушишни ва қўшиқ айтишни яхши кўрардим, дейди хонанда.
“Бутун оилам бўлишини орзу қилганман”
Ширин Зоитова ота меҳрини қўмсагани ва болаликдан фарзандларининг меҳрли отаси бўлишини орзу қилгани ҳақида гапирди.

— Отамни кўп қўмсардим. “Эй Аллоҳим, менга шундай турмуш ўртоқ бергинки, менга ва фарзандларимга меҳрибон бўлсин”, деб ният қилардим. Оила қургач, турмуш ўртоғимга сиз менинг нафақат ёрим, балки отам ва акамдек суянчиғим ҳамсиз, деганман. Болалигимдан ололмаган меҳрни сиздан олишим керак, деб куламан.
Инсон улғайган сари бутун оиласи бўлишини орзу қиларкан. Менга ҳам бундай орзулар ўтган. Чунки қиз бола учун ота меҳри қанчалик керак бўлишини билардим, дейди хонанда.
Фарҳод ва Ширин дуэтининг ташкил топиши
Фарҳод ва Ширин дуэти 2011 йилнинг 11 ноябрь санасида ташкил топган. Ўша пайтда ижодкорларнинг иккиси ҳам Ўзбекистон давлат консерваторияси талабалари эди.

2012 йил ижодкорлар учун омадли келди. Қисқа вақт мобайнида самарали ижод қилиб, 2015 йили яккахон концерт дастурларини тақдим этишди. Фарҳод ва Ширин фаолиятида шоир Бобур Бобомуроднинг катта ҳиссаси бор. У нафақат хонандаларни яхши шеър билан таъминлаган, балки ташкилий ишларида ҳам кўмаклашган.
“Турмуш ўртоғим билан коллежда танишганмиз”
Хонанда турмуш ўртоғи билан коллежда танишгани ва у кутилмаганда оила қуришни таклиф қилгани ҳақида гапирди.

— Қиз боланинг ҳар қандай нияти амалга ошади, шу боис унга жиддий эътибор бериш керак. Бўйим паст бўлгани учун ҳар доим турмуш ўртоғимнинг бўйлари баланд, ақлли, чиройли ва оилапарвар инсон бўлишини орзу қилганман. У инсон орзумдаги инсон эди, аммо бу севгими ёки шунчаки ўткинчи туйғуми, билолмасдим. Фарҳод билан ижод қилиб юрган вақтимизда Нодир ака билан яна гаплашиб қолдик. Алоқалар тингланди ва рақамларни алмашдик. Бир куни мендан “Фарҳод сиз учун ким?” деб сўрадилар. Ўйлаб ўтирмасдан дўстим эканлигини айтдим. Шундан кейин “Менга турмушга чиқасизми?” деган хабар келди. Нима дейишимни билмай, кулган смайл жўнатдим. Ҳазиллашмаяпман, ниятим жиддий деганларидан кейин ўйланиб қолдим. Икки кундан кейин эса торт ва гул олиб онамнинг розиликларини олгани келди.
Турмуш ўртоғим ҳам ҳаётда етарлича қийналган, 19 ёшида онасидан айрилган. Шу боисдан ҳам яқинларнинг қадрига етади, оилани ардоқлайди, дейди хонанда.
“11 йиллик деутдошдан айрилиш…”
2022 йили Фарҳод ва Ширин дуэти ва продюсери ўртасида низо юзага келди ва шоир шеърлари асосида яратилган қўшиқларини куйлашни тақиқлади. Продюсер билан ҳамкорлик узилгач, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай Ширин Зоитова Фарҳод билан ортиқ ҳамкорлик қилмаслигини маълум қилди.
-Vn90mLVt.webp)
— Фарҳод анчадан буён яккахон хонанда сифатида ижод қилишни хоҳларди. Икки ой олдин администраторимиз, мен ва Фарҳод ўтириб, гуруҳнинг келажаги ҳақида гаплашдик. Шундан кейин у Фарҳод ва Ширин дуэти учун ижод қилмаслигини, ўзи алоҳида хонанда сифатида куйлашини маълум қилди. Биз таклифни қабул қилдик, чунки бу унинг хоҳиши. Ҳеч қачон ҳеч кимни ҳеч нарсага мажбурлаб бўлмайди.
Шу билан ижодни тўхтатдик. Бир йилдан буён яхши ижод қилмаётган эдик. Мен жуда яхши нарсаларни қилишни, кўп нарсалар қилишни хоҳладим, лекин ҳаракатларим унча ўхшамагандан кейин фойдаси йўқлигини тушундим ва ўзимни ўзим тайёрлашга ҳаракат қилдим. Осонмас, 11 йиллик дуэт, Фарҳод эгизагимдек бўлиб қолганди. Қачондир барибир шу нарса бўларди, дейди Ширин Зоитова.
“Дуэтнинг бўлиниши турмуш ўртоғимга ҳам бошқача таъсир қилди”

— Турмуш ўртоғим ҳар қандай вазиятда мени қўллаб-қувватлайди. Дуэтнинг бўлиниши турмуш ўртоғимга ҳам бошқача таъсир қилди, чунки улар ҳам санъаткор. Бизни нафақат Ўзбекистонда, балки қўшни давлатларда ҳам яхши кўришади. Ўн бир йил давомида жуда кўп ютуқларга эришганмиз. Фарҳод билан 20 ёшимизда ижодни бошлаган бўлсак, шу ёшдан жуда кўп нарсаларга эришганмиз. Кўпчилик сизлар эришган ютуққа 50 га кирган санъаткор ҳам эриша олмаслиги мумкин, деб айтишади. Турмуш ўртоғим ҳам буни эшитиб ачинди.
“Кўнглимга оғир ботади”
Ширин Зоитова миш-мишлар қалбига оғир ботгани ва турмуш ўртоғининг қўллаб-қувватлаши унга ижобий таъсир этгани ҳақида гапирди.

— Қиз ва аёл санъаткорлар ҳақида турли миш-мишлар тарқалади. Албатта, ҳар хил гап-сўзлар кўнгилга оғир ботади. Турмуш ўртоғим тўйдан аввал “Сенинг қандайлигингни мен билсам бўлди”, деган. Оила қурдик, аммо шу кунгача фалончи сен ҳақингда бундай деди, ростми-ёлғонми, деб ҳам сўрамади. Шу жиҳатларини ҳурмат қиламан, мулоҳазали ва ўз фикрига эга инсон, дейди Ширин Зоитова.
Нодир ва Ширин Зоитовалар машҳур, аммо ижтимоий тармоқларда уларнинг жажжи қизалоқлари бу борада улардан ҳам ўзиб кетган. Уни миллионлаб инсонлар кузатишади. Реклама нархи ҳам осмон, миш-мишларда қараганда, Ясмина Зоитованинг битта пости 3 минг АҚШ доллари экан.
Изоҳ (0)