Санкт Петербургда 2021 йилда содир этилган қотиллик учун қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси Салвадордан экстрадиция қилинди.

Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, бу икки давлат ўртасида гумондор шахсни ўтказиш бўйича тарихдаги биринчи ҳолатдир. Эркак жанжал чоғида бир кишини ўлимига сабаб бўлган, шундан сўнг чет элга қочиб кетган.
2023 йил май ойида Интерпол уни узоқ вақтдан бери дунёдаги энг хавфли давлатлардан бири ҳисобланган Марказий Америкадаги энг кичик давлат — Салвадорда ҳибсга олди. Россия Бош прокуратураси экстрадиция тўғрисида илтимоснома киритди ва у қаноатлантирилди. 25 май куни гумонланувчи Россия ҳуқуқ-тартибот идораларига топширилиб, Москвага етказилган.
Россия Ички ишлар вазирлигининг расмий вакили Ирина Волк таъкидлашича, бу қарор жиноий таъқиб соҳасидаги халқаро ҳамкорликнинг ноёб намунаси бўлди.
2024 йил декабрида Россия Қозоғистонга 7 миллион долларлик фирибгарлик ишида гумонланаётган ўзбекистонлик аёлни экстрадиция қилганди. 2025 йил февралида ўғрилик ва катта миқдорда товламачилик жиноятларини содир этганлик учун халқаро қидирувга берилган шахс Мисрдан Ўзбекистонга экстрадиция қилинганди. Бухорода фирибгарлик содир этиб қочиб юрган ўзбекистонлик март ойида Россияда ушланганди. Ўша ойда Тошкентда бир неча кишини калтаклаган эркак Қозоғистонда қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинганди.
Изоҳ (0)