2022 йил 24 февралдан буён Украинага қарши урушда ҳалок бўлган 109 625 нафар россиялик ҳарбий хизматчининг шахси аниқланди. Бу ҳақда мустақил Mediazona нашри ва BBC Рус хизмати томонидан йўлга қўйилган қўшма лойиҳанинг натижаларига асосланиб маълум қилинди.
Материалга кўра, рақамлар кенг кўламли уруш бошидан 2025 йил 23 майгача бўлган даврни қамраб олади. Фақатгина май ойининг бошидан бери рўйхатга 2 009 нафар аскарнинг исм-фамилияси қўшилган.
Лойиҳа ташаббускорларининг маълум қилишича, рақамлар фақат очиқ манбаларга асосланган. Яъни рўйхатни тузишда расмий некрологлар, қариндошлар томонидан эълон қилинган постлар, хотира дарахти экиш тадбирлари, ҳудудий матбуот ва маҳаллий ҳокимиятлар баёнотлари ҳамда шунга ўхшаш манбаларга таянилган. Шу боис қурбонларнинг ҳақиқий сони бундан анча кўп бўлиши мумкин.
Мураккаб, бироқ ишончли
Mediazona нашрига кўра, қурбонлар рўйхати кўнгиллилар томонидан шакллантирилади. Жараёнда ҳар бир исм қўлда киритилиб, муайян шахс такрорий марта қўшилиб қолмаслиги учун ҳар бир ҳолат алоҳида текширилади. Шу боис ҳали қайта ишланмаган маълумотлар кўп.
Ҳозирча шахси тасдиқланган 109 625 нафар россияликнинг 27 000 нафари кўнгиллилар, 17 200 нафари қамоқдан ёлланган маҳбуслар, 12 000 дан ортиғи сафарбар этилганлар ҳамда 5 000 дан зиёди офицерлардир.
Изоҳ (0)