Ҳукумат қарори билан “2025—2030 йилларда давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш стратегияси” тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Давлат молиясини бошқариш соҳасидаги ислоҳотларни тизимлаштириш, бюджет барқарорлигини таъминлаш ва интизомини кучайтириш орқали бюджет тақчиллигини қисқартириб бориш, бюджет очиқлигини таъминлаш, солиқ маъмурчилигини яхшилаш ва унинг самарадорлигини янада ошириш, бюджет харажатлари натижадорлигига эришиш, давлат қарзини макроиқтисодий хавфсиз даражада ушлаб туриш ва давлат бюджети ликвидлилигини ошириш стратегиянинг асосий мақсадлари ҳисобланади.
Қуйидагилар стратегиянинг устувор йўналишлари ҳисобланади, жумладан:
- бюджет интизомини таъминлаш, механизмларини кучайтириш;
- ўрта муддатли бюджетлаштиришда стратегик устуворликни таъминлаш;
- давлат харажатлари ва инвестицияларининг самарадорлиги ҳамда натижадорлигини ошириш.
Стратегияни амалга ошириш даври 2025 йилдан 2030 йилгача мўлжалланган бўлиб, унда қайд этилган устувор йўналишлар доирасида 16 та мақсад белгилаб олинган.
Шунингдек, мазкур мақсадларга босқичма-босқич эришишни таъминловчи вазифалар ва амалий тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.
Ушбу стратегияда давлат фуқаролик хизматчиларининг лавозим маошларини ягона принцип асосида шакллантириш кўзда тутилмоқда.
Бунда давлат фуқаролик хизматчиларига давлат бюджети ва бюджетдан ташқари маблағлар, шу жумладан, давлат мақсадли жамғармалари ҳисобидан қўшимча тўловлар тўлаш механизмларини бекор қилиш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, айрим турдаги давлат божлари, мажбурий йиғимлар, тўловлар, жарималар ва ажратмалар ҳисобидан шакллантириладиган вазирлик ва идораларинг бюджетдан ташқари жамғарма ҳисобварақларини қисқартириш тартиби ишлаб чиқилади ва ҳукуматга киритилади.
Изоҳ (0)