Япония ERА (Фавқулодда даромадларни тезлаштириш) дастури доирасида Россиянинг музлатилган активларидан тушган маблағлар ҳисобидан Украинага 3 миллиард доллар ажратди. Маблағлар 30 йил муддатга берилади. Бу ҳақда Украина Молия вазирлиги баёнотида айтилади.

“Украина молия вазири Сергей Марченко ва Япониянинг Украинадаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Масаши Накагоме келишув имзоладилар, унга кўра Киев G7 ERА дастури бўйича кредит олади. Битим Украинага 471 миллиард долларгача бўлган миқдорда кредит беришни назарда тутади”, дейилади хабарда.
Сўнгги уч йил ичида Япония Украинага 8,5 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратди.
Аввалроқ Еврокомиссия музлатилган Россия активлари тушумлари ҳисобидан Украинага G7 кредити доирасида 1 млрд евро ажратгани хабар қилинганди.
“Европа комиссияси Украинага алоҳида макромолиявий ёрдам қарзи доирасида 1 миллиард евро миқдорида қўшимча транш ажратди. Бу маблағ Россиянинг Европа Иттифоқидаги музлатилган давлат активларидан тушадиган даромадлар ҳисобидан қопланиши керак. Бу Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан бери Европа Иттифоқининг энг йирик ҳомий сифатидаги мавқейини мустаҳкамлайди”, дея хабар берилганди ўшанда
Умуман олганда, макромолиявий ёрдам 18,1 миллиард еврони ташкил этади. Бу Европа Иттифоқининг “катта еттилик” раҳбарлигидаги ERА ташаббусига қўшган ҳиссаси ҳисобланади. Ушбу ташаббус доирасида G7 Украинага тахминан 45 миллиард евро миқдорида молиявий ёрдам кўрсатади. Жумладан, жорий йилда Украина ушбу кредит бўйича Европа Иттифоқидан жами 4 миллиард евро олди.
Изоҳ (0)