Рақобат қўмитаси автобус бекатларидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича Транспорт вазирлиги, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига тегишли кўрсатмалар юборди.

Қўмита матбуот хизматининг маълум қилишича, келиб тушган мурожаатлар, шунингдек ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари томонидан қолдирилаётган мурожаатларда автобус бекатлари белгиланган талаб даражасида эмаслиги ва унда йўловчилар учун етарли даражада қулайликлар яратилмагани юзасидан кўплаб эътирозлар билдирилмоқда.
Мазкур мурожаатлар асосида қўмита ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан танланма усулида 2 800 тадан ортиқ бекатлар фаолияти ўрганиб чиқилди. Ўрганишларда уларда белгиланган нормаларга номувофиқ фаолият кўрсатаётган баъзи бекатларда қатор камчиликлар аниқланди.
Жумладан:
- 286 та ҳолатда — кутиш залларининг учта томони махсус тўсиқлар билан ёпилмаганлиги сабабли йўловчилар иссиқ ва совуқ ҳаводан ҳимояланмаган;
- 210 та ҳолатда — кутиш залларида савдо шохобчалари жойлаштирилган;
- 387 та ҳолатда — ногиронлар учун махсус кўтарма пандуслар мавжуд эмас;
- 412 та ҳолатда — кутиш залларида электр ёритгичлар ўрнатилмаган;
- 57 та ҳолатда — ёмғир, қор ва шамолли кунларда йўловчилар учун павилон мавжуд эмас;
- 156 та ҳолатда — бекат номи ёзилган кўрсаткич қўйилмаган;
- 255 та ҳолатда — йўналишнинг тартиб рақами мавжуд эмас.
Республикада автомобиль йўлларидаги автобус бекатларига қўйиладиган умумий талабларнинг давлат стандартида:
- совуқ ва иссиқ ҳаводан йўловчиларни ҳимоя қилиш мақсадида кутиш залларининг камида 3 та томони махсус тўсиқлар билан ёпилган бўлиши;
- қатновларнинг тиғиз пайтида мазкур бекатлар майдони 4 та йўловчи учун камида 1 метр квадратни ташкил этиши;
- савдо шохобчалари кутиш залларидан ташқарида жойлашиши;
- ногиронлар учун махсус кўтарма пандуслар билан жиҳозланиши;
- кутиш залининг ҳар 10 квадрат метри учун камида 1 та ўриндиқ (скамейка) ўрнатилиши;
- кутиш залларида йўловчилар учун қўшимча чиқиш эшиклари мавжуд бўлиши;
- бекат ташқариси ҳамда кутиш залига алоҳида чиқинди қутилари ўрнатилиши;
- кутиш заллари электр ёритгичлар билан таъминланган бўлиши;
- бекат конструкцияларида рекламаларни жойлаштиришга рухсат бермасликдан иборат қатор талаблар белгиланган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган “Автомобиль транспортида йўловчилар ва багажни ташиш қоидалари”да шаҳар атрофи йўналишларидаги бекатлар йўловчиларнинг у ерга хавфсиз ва қулай келишини таъминлаши ҳамда қонунчилик талабларини ҳисобга олган ҳолда жойлаштирилиши белгиланган. Улар қуйидагиларга эга бўлиши керак:
- павилонни жойлаштириш учун асфалтланган майдончалар ва йўловчиларнинг бекатга келиши учун асфалтланган йўлкалар;
- йўловчиларнинг ёмғир, қор, шамолдан бекиниши (ҳимояланиши) учун павилон;
- бекатнинг номи ёзилган кўрсаткич;
- йўналишлар бўйича кўрсаткичлар.
Қўмита томонидан ўрганишда аниқланган юқоридаги каби камчилик ва қонунбузилиш ҳолатларини бартараф қилиш чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Транспорт вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига тегишли кўрсатма юборилди.
“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасига асосан товар (иш, хизмат)нинг хавфсиз бўлиши, ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфли нуқсони бўлган товар (иш, хизмат), шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган моддий зиён, маънавий зарарнинг тўлиқ ҳажмда қопланиши ҳуқуқига эга;
12-моддасига асосан истеъмолчи ўзи сотиб олган товар (иш, хизмат) санитария-гигиена, шу жумладан, радиология, эпидемияга қарши талабларга ва амалдаги бошқа нормалар ҳамда қоидаларга риоя этган ҳолда ишлаб чиқарилган ёки бажарилган бўлишига ва унинг ҳаёти, соғлиғи, атроф-муҳит учун хавфсиз бўлишига, шунингдек, унинг мол-мулкига зарар етказмаслигига кафолат берилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.
Изоҳ (0)