Тошкент шаҳрида синов тариқасида “ақлли” бекатлар ташкил этилади. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Бобур ва Фурқат кўчаларида йўлларни жорий таъмирлаш, транспорт ҳаракатини оптималлаштириш, ITТни жорий этиш ишлари бошланди. Ишлар доирасида синов тариқасида “ақлли” бекатлар ташкил этилиши кўзда тутилган бўлиб, уларда жамоат транспорти йўловчилари ва бошқалар ўз мобил қурилмаларини қувватлантириши, Wi-Fi тармоғидан фойдаланиши ҳамда электрон таблода кутилаётган автобус келишига қанча вақт қолганлигини кўришлари мумкин бўлади.
Шунингдек, бекат видеокузатув тизими билан ҳам жиҳозланиб, янада кенгроқ бўлади.
Бундан ташқари, Муқимий номидаги театр олдида автомобиллар учун пуллик тўхташ жойлари ва электр транспорт воситаларини қувватлантириш жойлари синов тариқасида ташкил қилинади. Шунингдек, велосипед ва самокат фойдаланувчилари ҳам тураргоҳдан фойдаланиш имкониятига эга бўлишади, лекин бепул асосда. Бу мазкур манзилда йўл бўйида тўхташ жойлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаши ва кикшеринг фойдаланувчилари учун қўшимча қулайлик бўлиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)