Замонавий АҚШ ҳудудида африкаликларнинг пайдо бўлиши XVII асрга бориб тақалади — қул сифатида. Мамлакатнинг 16-президенти Авраам Линкольн 1862 йилда “Қулларни озод этиш тўғрисидаги прокламация”ни имзоламагунга қадар шундай бўлиб келди.
Шунга қарамай, қулдорликнинг юридик жиҳатдан бекор қилиниши Америка жамиятида ирқий келиб чиқишига кўра камситишларга барҳам бермади — сегрегация бошланди: АҚШнинг қора танли аҳолиси алоҳида мактабларда ўқир, алоҳида кафеларда овқатланар, жамоат транспортида ҳам ажратилган жойларга ўтиришга мажбур бўларди, ҳатто айрим штатларда овоз бериш имкониятидан ҳам маҳрум этилган эди. “Дарё” “100 буюк инсон” лойиҳаси доирасида ирқчиликка қарши курашга умрини бағишлаган Мартин Лютер Кинг ҳақида ҳикоя қилади.
Озодлик учун юриш
Барчаси 1955 йил 1 декабрь куни Алаба Штатининг Монтгомери шаҳрида бошланди. Кечки соат 18:00 да Роза Паркс исмли 42 ёшли қора танли аёл универмагдаги иш кунини якунлаб, уйига қадар борадиган автобусга чиқади. У “ранглилар учун сексия”дан жой олган — афроамерикаликларга фақат шу ерда ўтиришга рухсат бериларди. Шу билан бирга, ўша вақт шаҳарда амалда бўлган қонунга кўра, улар олд қаторлардаги оқ танлиларга жой етмай қолса, ўринларини бўшатиб бериши лозим бўлган.
Ва шу воқеа содир бўлди: йўловчиларга тўла автобусга оқ танли фуқаро чиқади, ҳайдовчи афроамерикаликдан унга жой беришни талаб қилади. Роза Паркс эса рад жавобини беради.
Қонунга бўйсунмаган аёл ҳибсга олиниб, 10 доллар миқдорида жаримага тортилади. Роза Паркс устидан бошланган суд куни Монтгомеридаги автобус тармоқларида бойкот бошланди — шаҳарнинг қора танли аҳолиси сегрегация сиёсатига қарши норозилик рамзи сифатида автобуслардан фойдаланишдан бош тортди. Норозилик намойиши ўз-ўзидан келиб чиқмади: уни Эдгар Дэниел Никсон раҳбарлиги остидаги маҳаллий фаоллар ташкиллаштирди, бойкот етакчиси сифатида эса баптистлар черкови руҳонийси кичик Мартин Лютер-Кинг танланди.
Бу вақтда ўрта синфга оид оиладан чиққан 26 ёшли руҳоний ирқий хурофотга дуч келган, суиқасдни бошдан ўтказган, иймонда ўз шубҳалари билан шуғулланиш ва зўравонлик қилмаслик фалсафасига собит эди. У 1954 йилда Монтгомеридаги черков руҳонийси этиб тайинланади ва шаҳарда янги бўлгани боис бойкот ташкилотчилар ундан “қўрқмас” етакчи сифатида фойдаланади.
Аввалида бойкот фақат Роза Паркс устидан ўтказиладиган суд куни бўлиб ўтиши режалаштирилган эди, аммо акция чўзилиб кетади — 381 кун давом этади. Кўплаб афроамерикаликлар шаҳар бўйлаб пиёда ва велосипеддан фойдаланган ҳолда ҳаракатланади, машинаси борлар ҳамфикрларини манзилгача етказиб қўяр, таксичилар эса қора танлиларни автобус нархида таший бошлайди.
Бойкот ташкилотчилари мазкур босқичда сегрегацияни бекор қилишни эмас, балки муроса йўлини таклиф этганди: ўринлар бўлинишини сақлаб қолиш, аммо уни тартиб бўйича эгаллаш — яъни қора танлиларни оқ танлиларга жой бериш мажбуриятидан озод этиш. Улар шаҳар маъмурияти бунга рози бўлади деб ўйлаган.
Аммо шаҳар ҳукумати аксинча йўл тутади: улар йўловчилардан пул олмаётган таксичиларни жаримага тортишни, бойкот етакчиларини обрўсизлантиришни, афроамерикаликларни йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик айби билан ҳибсга олишни бошлайди.
“Оқлар устунлиги” тарафдорлари ҳам бу каби ҳолатдан норози эди ва уларнинг норозилиги радикал шаклга ўта бошлайди. Шундай қилиб, 1956 йил 30 январь куни номаълум шахс машинада Мартин Лютер Кингнинг Монтгомеридаги уйи олдига келиб, бомба отади. Портлаш вақтида руҳоний уйда бўлмаган, аммо рафиқаси ва етти ёшли қизи жароҳат олади. Воқеа жойига тўпланган оломонга қарата Кинг “Мен душманларимизни яхши кўришларингизни истайман”, дейди. Мазкур ҳужум охиргиси эмасди — шу йилнинг ўзида Кингнинг уйи яна ўққа тутилади, бунда ҳам ҳеч ким қурбон бўлмайди.
1950 йилларда Монтгомери жамоат транспортларида ҳаракатланадиганларнинг 70 фоизини афроамерикаликлар ташкил этган ва шу боисдан йўловчи ташувчи компаниялар даромадининг катта қисмидан ажрала бошлайди, шундай бўлишига қарамай, жамиятнинг консерватив қисми қаршилик кўрсатишни тўхтатмайди.
1956 йилда Монтгомери федерал суди мамлакат конституциясига киритилган 14-ўзгартиш билан барча тенг ҳуқуқли ва тенг ҳимояга эгалиги кафолатлангани белгилангани транспортда сегрегацияни қонунбузилиши деб топганидан кейин барчаси ҳал бўлади. Шаҳар расмийлари қарорни АҚШ Олий судида қайта кўриб чиқмоқчи бўлади, аммо у ҳам қуйи инстанция қарорини қўллаб-қувватлайди. 21 декабрь куни автобуслар барча ирқдаги йўловчилар учун умумийга айланди.
Бойкот якунланди, бироқ кураш давом этарди: шаҳар аҳолиси орасида суд қарорига очиқ-ойдин норозилик билдирадиганлар чиқа бошлади. Автобуснинг тунда ўққа тутилиши оқибатида ҳомиладор афроамерикалик жароҳатланди, 1957 йил январда эса радикаллар тенг ҳуқуқлилик учун курашган ҳаракат етакчилари тўпланадиган тўртта черков ва уйларни портлатиб юборди (Кингнинг уйидан яна бомба топилади — бу сафар уни зарарсизлантиришга улгуришган). Ҳужум учун жавобгарликни оқ танлилар устунлиги тарафдори бўлган “Ку-клукс-клан” гуруҳининг етти нафар террорчиси ўз зиммасига олади.
Иш ташлашлар ва озодлик рейдлари
1960 йил 1 февраль куни тўрт нафар қора танли талаба Шимолий Каролина штатидаги Гинсборо шаҳрида жойлашган тамаддихонанинг “фақат оқлар учун” мўлжалланган жойга бориб ўтиради. Улар ўзларига хизмат кўрсатишмагунга қадар кетмасликларини айтган, шу билан бирга, ҳеч қандай агрессияга берилмаган ва чақирувга етиб келган полиция уларга қарши чора кўра олмайди. Эътиборли жиҳати, ушбу масалада йигитларга оқ танли бизнесмен Ралф Жонс ёрдам кўрсатганди, у сабаб акция оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилади. Ўша куни талабалар тамаддихонада у ёпилгунга қадар ўтиради, эртаси куни эса маҳаллий коллеждаги бошқа шериклари билан қайтиб келади.
Акция оммавий иш ташлашларни юзага келтирди — икки ой ичида у 30 та штатдаги 55 та шаҳарда тарқалди, тамаддихоналардаги ҳолат, черковлар, меҳмонхоналар, кутубхоналар, пляжлар ва бошқа муассасаларни эгаллай бошлади.
Қаҳрамонимиз Мартин Лютер Кинг бўлса бу вақтда Монтгомеридан она юрти Атлантага қайтиб келади, бу ерда у отаси билан баптистлар черковини бошқара бошлади. Бу лавозимда деярли барча вақтини тенг фуқаролик ҳуқуқлари учун ҳаракатга ва “Жанубий христиан лидерлик конференцияси” (СCЛC) ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотини бошқаришга сарфлашга қарор қилди, ўзининг “Озодлик йўли” китобини нашр этишга муваффақ бўлди ва навбатдаги ҳужумдан омон қолди. Руҳий носоғлом қора танли аёл фаолнинг кўкрагига канселярия пичоғи билан уради, шундан сўнг у шошилинч жарроҳлик амалиётини ўтказишга мажбур бўлади.
Умрини тенглик учун бахшида этган Кинг норозилик намойишларига тинч қараб туролмасди — 1960 йил октябрда у 33 нафар талаба билан Атлантадаги гипермаркетнинг тушлик залида сегрегацияга қарши намойиши учун ҳибсга олинади.
Барча айбловлар олиб ташланган бўлса-да, Кингга барибир қамоқхона фермасида ишлаш мажбурияти юклатилади — бунга бир неча ой олдин йўл ҳаракати қоидасини бузгани сабаб бўлганди. Ўшанда фаолнинг озод этилишига Демократлар партиясидан АҚШ президентлигига номзод Жон Кеннеди кўмаклашади — айнан у Кинг тақдирига аралашувидан саккиз кун ўтиб сайловларда ғалаба қозонди ва мамлакатнинг 35-президентига айланди.
Кенг кўламли норозиликлар бир йил ичида мамлакатнинг жанубий штатларидаги 150 та шаҳарда жойлашган умумий овқатланиш муассасаларида сегрегациянинг бекор қилинишига олиб келди. Аммо бу етарли эмасди.
1961 йилда қора танли аҳолининг фуқаролик ҳуқуқлари учун курашининг янги шакли — озодлик рейдлари пайдо бўлди. Автобуслардаги ирқчилик ёдингиздадир? Монтгомеридаги воқеа унга якун ясамади, жанубнинг кўплаб шаҳарларида сақланиб қолди: турли ирқ вакиллари учун алоҳида бекатлар ҳамон ишлар, айирмачилик нафақат шаҳар, балки рейсли жамоат транспортларига ҳам таъсир кўрсатарди. Бунга омма эътиборини жалб этиш учун қора ва оқ танли фаоллар Вашингтондан жанубий штатлар томон йўл олади.
Автобус Атлантага етиб келганида, уларни Мартин Лютер Кинг қарши олади. У Алабамага бормаслик тавсиясини беради, бироқ унга қулоқ солишмайди.
1961 йил 14 май куни фаоллар Аннистон шаҳрига етиб келганида икки марта ҳужумга учрайди: аввалига “Ку-Клукс-клан” етакчиси бошчилигидаги 50 киши автобусни занжир ва биталар билан пачоқлайди. Маҳаллий полиция ходимлари эса ёрдамга шошмайди — улар воқеа жойига ҳужум авжига чиққан пайтда келади ва автобусни хавфсиз жойга эвакуация қилиш ўрнига, шаҳар четида қолдиради. Бу ерда эса иккинчи ҳужум амалга оширилади. Полициянинг кетишини кутиб турган қуролланган бошқа гуруҳ автобусга ўт қўяди — фаоллар ёнаётган транспортдан аранг қутулиб қолади.
Жанубий штатлардаги зўравонликлар “озодлик рейдларига” нуқта қўйиши керак эди, аммо вазият ўзгариб кетади. Янги фаоллар пайдо бўлади, янги автобуслар жўнатилади ва ҳужумлар ҳам давом этади. Рейдлар 1961 йил ёзга қадар давом этади. Натижада акция айрим муассаса ва транспортда нафақат сегрегациянинг бекор бўлишига, балки мамлакат жанубидаги тенгсизликка кенг жамоатчилик эътибори тушишига олиб келади. Тенг ҳуқуқлилик учун курашган ҳаракат ва Мартин Лютер Кингга эргашадиганлар сони ортиб боради.
Олбани ва Бирмингем
Мартин Лютер Кинг 1961 йил декабрда Жоржия штатидаги Олбани шаҳрининг қора танлилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича маҳаллий ҳаракатига ёрдамга келади ва қақшатқич мағлубиятга учрайди. Кинг томонидан ташкиллаштирилган сегрегацияга қарши тинчлик намойишлари шаҳар полиция бошлиғининг оммавий ҳибсга олишлар тактикасига дуч келади. Натижада намойишчиларнинг бир қисми полиция билан тўғридан тўғри тўқнашувларга бориш каби радикал усуллардан фойдаланишни бошлайди. Олбанидаги кампания вақтида шаҳардаги қора танли аҳолининг 5 фоизга яқини ҳибсга олинади, Кингнинг ўзи ҳам уч маротаба қамоққа тушади.
Олбанидаги мағлубиятдан кейин кўпчиликка маълум Бирмингемдаги кураш бошланади: Мартин Лютер Кингни бу ерда маҳаллий руҳоний ҳукуматга, айниқса, “Буқа” лақабли полиция бошлиғи Теофил Южин Коннорга қарши туришда ёрдам беришга чақиради.
1963 йилнинг апрелида Бирмингемда биринчи иш ташлашлар бошланади — унинг ортидан ҳибсга олиш авж олади. Шундан сўнг Кинг норозилик намойишини ўтказади ва тарафдорлари билан яна панжара ортидан жой олади. Ҳибсдалигида у ўзининг машҳур “Бирмингдек қамоқхонасидан мактуб”ни ёзади.
Саккиз кундан кейин гаров эвазига озод қилинган Кинг навбатдаги намойишларга ўсмирлар ва талабаларни жалб этади. “Буқа” Коннор бошчилигидаги полициячилар намойишчиларга қарши водомётлардан фойдаланади, итларни уларга қарши қўйиб юбориб, жисмоний куч ишлатади — эртаси куни Америка газеталари итлар ишлаётган ва полиция калтаклаётган Бирмингем болалар суратларини чоп этади. Вазиятга Оқ уй аралашишга мажбур бўлади.
Президент Кеннеди Бирмингемга фуқаролик ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчиси Берк Маршаллни юборади ва шундан кейин маҳаллий ҳукумат намойишчилар билан музокаралар ўтказишга рози бўлади. 10 май куни “Ярашув бўйича Бирмингем келишуви” имзоланади, фаолларнинг талаблари қаноатлантирилади, сегрегация тарафдорлари эса норози: радикаллар Кинг яшаган меҳмонхонада портлаш уюштиради, укасининг уйи портлатиб юборилади, тўрт ойдан кейин шаҳардаги баптистлар черковида ҳам портлаш овозлари эшитилади — унда тўрт нафар ёш қиз ҳалок бўлади. “Ку-Клукс-клан”нинг бунга алоқадор икки аъзоси 2001 йилда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.
Вашингтонга юриш
Бирмингемдаги намойишлар АҚШ пойтахтида ҳам оммавий акцияларни ташкиллаштиришга туртки бўлади, 1963 йил ёзида президент Кеннеди Конгрессга ирқий камситиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини юборади, жамоатчилик конгрессменларга ушбу қонун лойиҳасини қабул қилиш кераклигини кўрсатиши керак эди.
28 август куни мамлакат бўйлаб 250 мингга яқин одам — оқ ва қора танлилар — Вашингтонда тўпланади. Ташкилотчилик билан фақатгина Кингнинг “Жанубий христиан лидерлик конференцияси” шуғулланмаган: касаба уюшмалари, ҳуқуқ ҳимоячилари ва диний гуруҳлар ҳам бунга қўшилганди. Акцияни шартли маъқуллаган ҳолда давлат раҳбари ҳам улар тарафида бўлади: Кеннеди маршни зўравонликка олиб келмаслик шарти билан қўллаб-қувватлайди ва бош прокурор, укаси Робертга тадбир хавфсизлигини таъминлаш вазифасини юклайди.
Аввалига маршни Вашингтонда Капитолий бўйлаб ўтказиш режалаштирилади, бироқ конгрессменлар ўзини “тузоқдагидек” ҳис қилмасликлари учун бошқа йўналиш танланади. Бунинг ўрнига ташкилотчилар Авраам Линкольн ҳайкали томон отланади — айнан шу ерда Мартин Лютер Кинг “Менинг орзум бор” номли нутқини ирод этади.
Нутқи давомида Кинг орзуси — одамлар терисининг рангидан қатъи назар тенг туғилган давлат ҳақида гапиради. У жанубдаги энг консерватив давлатлар ҳам ўз сиёсатини ўзгартиришига ишонишини айтади.
Ушбу маршнинг фойдаси жуда катта бўлди. 1964 йилда америкалик конгрессменлар сегрегациянинг ноқонунийлиги ва ирқий жиҳатдан дискриминацияни тан олувчи фуқаролик ҳуқуқларига оид қонунни қабул қилади. 14-октябрда Мартин Лютер Кингга тинчлик бўйича Нобел мукофотини топширишади — бу вақтда у мукофотнинг энг ёш лауреатига айланганди.
Кингнинг ўлими
Кинг овоза бўлган охирги ғалабасига Алабама штатида эришади: 1965 йилда маҳаллий губернатор Жорж Уоллес қора танли фуқароларни сайловчи сифатида рўйхатдан ўтказишдан бош тортади ва натижада табиий норозиликлар юзага келади.
Алабамада Кинг Селма шаҳрида штат маркази — Монтгомерига қадар марш ташкил этади, аммо унинг ўзи бу вақт Атлантада бўлгани боис унда шахсан иштирок эта олмайди. Унинг йўқлигида намойишчилар Эдмунд Петтус кўпригида штат қўшинлари билан тўқнашади. Кўприкда тўпланган оқ танли томошабинлар қарсаклари остида аскарлар оломонни дубинкалар билан калтаклаб, кўзни ёшлантирувчи газлардан фойдаланади. Марш иштирокчилари чекинишни бошлагач, отлиқ полиция фаолларни қувлаб, калтаклашни давом этган. Натижада Америка ОАВлари мазкур воқеани “қонли якшанба” деб атайди.
Биринчи маршдан кейин Кинг иккинчисини ташкил этади ва бу сафар одамларга ўзи бошчилик қилади: Эдмунд Петтус кўпригида яна эски воқеа такрорланади — намойишчилар қўшинларга дуч келади, аммо тўқнашув юз бермайди. Шундай қилиб, Алабамадаги воқеалар қора танлиларнинг сайлов ҳуқуқи масаласини Конгресс даражасида кўриб чиқилишига сабаб бўлади — ўша йилнинг ўзида парламент овоз беришда дискримацияни тақиқловчи қонунни қабул қилади.
1968 йилнинг март ойида Кинг Мемфисга (Теннесси штати) бориб, у ерда чиқинди ташувчи қора танли ишчиларнинг иш ташлашини қўллаб-қувватлайди. Ишчилар 1968 йилнинг 11 февраль куни тенг тўланмаётган иш ҳақи ва иш шароитига норозилик билдириб, намойиш ўтказган эди. У вақтларда қора танли ишчиларга оқ танлиларга нисбатан анча кам ҳақ тўланган. Бундан ташқари, қора танлилар ноқулай об-ҳаво сабаб уйида қолгудек бўлса, оқ танли ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ ўша кунга маош олмасди. Шу боис қора танли ишчилар турли бўрон ва ёғингарчиликларда ҳам ишга чиқишга мажбур бўларди.
28 март куни Кинг норозилик маршига бошчилик қилади, бироқ у полиция томонидан куч ишлатилган ҳолда тарқатиб юборилади. “Агарда мен зўравонлик содир бўлишини билганимда, ушбу маршни бекор қилган бўлардим”, — дея афсусланган Кинг.
Янги марш апрель ойига режалаштирилган. 3 апрель куни Кинг яна Мемфисга йўл олади. Самолёт кеч ҳавога кўтарилган. Парвоздан олдин учувчи йўловчилардан узр сўрайди: “Сизлардан кечирим сўрайман, гап шундаки, биз билан доктор Мартин Лютер Кинг учмоқда. Шу сабабли барча юкларни текширишга мажбур бўлдик. Самолётга ҳеч нарса бўлмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун барчасини яхшилаб текширдик. Парвоздан олдин кечаси билан самолёт яхшилаб қўриқланган”.
Кечаси Мемфисдаги черковда сўзга чиққан Кинг буни эслаб, овоз чиқарган ҳолда ҳаёт ва ўлим ҳақида мушоҳада қила бошлайди:
“Мана, мен Мемфисга етиб келдим. Бу ерда менга таҳдид борлигини, носоғлом оқ танли иниларимиз менга бирор нарса қилиши мумкинлигини айтишмоқда. Энди нима содир бўлишини билмадим. Олдинда бизни оғир кунлар кутиб турибди… Ҳамма қатори мен ҳам узоқ умр кўришни хоҳлайман. Узоқ умр кўришнинг ўзига яраша афзалликлари бор. Аммо ҳозир мени бу ташвишга солмаяпти. Фақатгина Худонинг иродасини амалга оширсам дейман. У менга тоғга кўтарилиш имконини берди. У ердан ваъда қилинган ерни кўрдим. Балки у ерга сизлар билан бирга тушмасман, аммо биз халқ сифатида ушбу ваъда қилинган ерга эришамиз. Мана, бугун кечаси мен бахтлиман. Мени ҳеч нарса ташвишга солмаяпти. Ҳеч кимдан қўрқмайман…”.
Кинг одатда қора танлиларга тегишли даҳалардаги меҳмонхоналарда тунаш учун қоларди. Бу сафар ҳам у шундай йўл тутиб, тадбиркор Уолтер Бэйлига тегишли “Лорейн” мотелида тўхтайди. 4 апрелда Кинг кун бўйи хонасидан чиқмай, ишлари билан шуғулланади. Уни ва ёрдамчиларини маҳаллий руҳоний кечки овқатга таклиф қилганди. Кинг номеридан чиқади ва зинада дўсти Ралф Абернетлини кутиб қолади.
Меҳмонхона олдидаги автотураргоҳда Кинг кечки овқатда мусиқа чалиши керак бўлган Бент Бранчга дуч келади. “Бен, ўтиришда ‘Худойим, мени қўлимдан тут’ни ижро этиб бергин. Мен учун имкон борича яхшироқ чалгин”, — дейди ва чалқанчасига йиқилади.
Милтиқдан узилган ўқ унинг ўнг бўйнидан кириб, бўйин умуртқасини ва пастки жағини ёриб чиқиб кетганди. Бир неча дақиқа ичида у операция столига етказилган, бироқ ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмайди.
Кингнинг вафоти оммавий тартибсизликларни юзага келтиради. Юзлаб шаҳарларда қора танлилар норозилик намойишларига чиқади, дўконлар ўмарилган, ойналар синдирилган, машиналарга ўт қўйилган. Полиция жаҳл отига минган минглаб инсонларга қарши туришга қодир эмасди, шу сабабли ҳукумат ҳарбийларни жалб этишга мажбур бўлади. Вашингтоннинг ўзида мингдан ортиқ бинога ўт қўйиб юборилганди.
Кинг ўлдирилганидан икки ой ўтгач, Лондонда Жеймс Эрл Рей ҳибсга олинади. Судья чин кўнгилдан пушаймон бўлса, унинг жазосини енгиллатишга ваъда беради, бироқ 99 йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида ҳукм ўқилиши билан у Кингни ўлдирмаганини маълум қилади.
Изоҳ (0)