Хоразмда туман судининг тергов судьяси пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда Олий суд хабар берди.

Олий суд ташаббуси билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан 2 июлда ўтказилган тезкор тадбирда жиноят ишлари бўйича Янгиариқ туман судининг тергов судьяси М.С. фуқаро О.Р.га оид жиноят иши бўйича ёрдам бериш эвазига муқаддам олган пулларнинг бир қисмини аризачининг талаби билан қайтарган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
3 июль куни Судьялар олий кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Бош прокурорнинг Хоразм вилояти жиноят ишлари бўйича Янгиариқ туман суди тергов судьяси М.С.ни Жиноят кодексининг168- ва 28,211-моддалари тегишли қисмлари билан жиноий жавобгарликка тортишга оид тақдимномаси муҳокама қилинди.
Якунда Кенгаш хулосаси билан М.С.ни жиноий жавобгарликка тортишга розилик берилди ва унинг судьялик ваколати тўхтатилди.
Тергов сири ва айбсизлик презумпсияси талабларидан келиб чиқиб, бошқа тафсилотлар ошкор қилинмади.
Апрель ойининг охирларида Тошкент шаҳридаги кафеларнинг биридан маст ҳолда чиққан ва машина ўғирлашда гумонланган Миробод туман суди судьяси ваколати муддатидан аввал тугатилганди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Шунингдек, Жиноят ишлари бўйича Хонобод шаҳар суди раисига жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ (0)