Ўзбекистоннинг молиявий тизими сўнгги йилларда ўсиш ва ислоҳотлар йўлида муайян ютуқларга эришди, бироқ муаммолар ҳанузгача мавжуд — хусусан, давлатга қарашли банкларнинг устун мавқеи, тўлиқ очиб берилмаган кредит хавфлари ва тартибга солишдаги бўшлиқлар бунга мисол бўла олади. Бу хулосалар Халқаро валюта жамғармасининг (ХВЖ) Жаҳон банки билан ҳамкорликда Ўзбекистонда илк бор ўтказган Молиявий сектор баҳолаш дастури (FSAP) натижаларида қайд этилган.

Ислоҳотлар суръати: умидли старт
2017 йилдан бери Ўзбекистон бир қатор муҳим ислоҳотларни амалга оширди. Валюта курслари бирлаштирилди (банк ва “қора бозор” нархи тенглаштирилди — “Дарё” изоҳи), нархлар бозор тамойилларига ўтказилди, банклар ва марказий банк тўғрисидаги янги қонунлар қабул қилинди. 2023–2024 йилларда учта давлат банки хусусийлаштирилди, яна тўрттаси навбатда турибди.
Сектор ҳажмида улкан ўсиш кузатилди – молиявий тизим активлари 2017 йилдан бери 9 баравар ошди, кредитлар ЯИМга нисбатан 52,9 фоизга етди. Аҳолига берилаётган кредитлар кўпайди, долларлашув эса аста-секин камаймоқда.

Давлат устунлиги — асосий муаммо
Аммо бу ўсиш фонида молиявий сектор ҳануз давлатга таянади. 9 та давлат банки тизимдаги активларнинг 60% дан ортиғини назорат қилади. Энг хавфлиси – йўналтирилган ва имтиёзли кредитлар ҳануз амалда. 2024 йил охирида улар жами кредитларнинг 24 фоизини ташкил этди (2020 йилда 39% эди).
Бу кредитлар иқтисодий ресурслар самарадорлигини пасайтиради. 2017–2023 йиллар оралиғида давлат бу банкларни 5,8 млрд долларга тенг капитал билан қўллаб-қувватлади (ЯИМнинг 5 фоизи).
Кредит сифати ва яширин хатарлар
Расмий статистикада муаммоли кредитлар (NPL) даражаси 4% деб кўрсатилган бўлса-да, Халқаро молиявий ҳисобот стандартлари (IFRS) бўйича бу кўрсаткич 7,8% ни ташкил этади. Субстандарт кредитлар, айниқса, давлатга тегишли тижорат банкларида 21,5% гача етган. Энг йирик 10 та қарздорнинг умумий кредитлари миқдори банк капиталининг 142 фоизини ташкил этади.
Стресс-тест натижаларига кўра, оғир иқтисодий шароитларда банклар тизимининг капитал етарлилик даражаси (CАR) белгиланган минимум 13% дан, 9,9% гача камайиши мумкин. Агар банкларнинг актив сифати (яъни кредитларнинг ҳақиқий хавф даражаси) тўғри баҳоланса, бу кўрсаткич янада пасайиб, 7,7% га тушади. Бундай ҳолатда банк тизими умумий ҳисобда 79 триллион сўмлик капитал танқислигига дуч келади, бу эса мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 3,6 фоизига тенг.
Банкларда валюта хавфи ҳам сезиларли даражада баланд — корхоналарга берилаётган хорижий валютадаги кредитлар (масалан, доллар кредитлари) кўплаб ҳолларда тегишли даражада ҳимояланмаган. Яъни, бу корхоналар даромадларини асосан сўмда топади, лекин қарзини долларда тўлаши керак бўлади. Агар доллар курси ошса, уларнинг қарзни қайтариш қобилияти сезиларли даражада ёмонлашади — корхоналарга берилаётган доллар кредитлари етарлича хедж қилинмаган.

Ликвидлик ва инқирозга тайёргарлик: мувозанат нозиклигича қолмоқда
Ҳозирда банк тизимининг ликвидлик ҳолати барқарор кўринади, бироқ баъзи банкларда депозитлар тор доирадаги йирик мижозларга таянади. Бу эса кутилмаган маблағ чиқимлари юз берса, ликвидлик инқирозини келтириб чиқариши мумкин.
2025 йилда янгиланган депозит суғуртаси тизими ҳали тўлиқ ишга тушмаган, айниқса юридик шахслар омонатлари бўйича. Бундан ташқари, фавқулодда ликвидлик ёрдами (ELA) ва эрта аралашув механизмлари учун зарур бўлган институтлар ва ҳуқуқий асослар ҳануз етарли даражада шаклланмаган.
Шу сабабли, тизим юзаки барқарорликка эга бўлса-да, реал инқироз ҳолатларига қарши тўлиқ тайёр эмас.

Нима қилиш керак?
ХВЖ Ўзбекистон молиявий сектори барқарорлигини сақлаш учун қуйидагиларни тавсия қилмоқда:
Банкларни тугатиш тўғрисидаги қонунни (BRLL) қабул қилиш.
Молиявий барқарорлик кенгашини ташкил этиш.
Йўналтирилган ва имтиёзли кредитларни босқичма-босқич тугатиш.
Марказий банк мустақиллигини кучайтириш.
Активлар сифати бўйича аниқ ҳисобот бериш ва давлат банкларидаги тижорат ва субсидияланган кредитларни ажратиб кўрсатиш.
Хулоса: Узоқ муддатли ва мустаҳкам ўзгаришлар сари йўл
Ўзбекистон молиявий сектори ташқи зарбаларга дош бера олди, аммо яширин муаммолар — давлатга таяниш, шаффоф бўлмаган кредит амалиётлари — жиддий хатар бўлиб қолмоқда. Бугун бу тизимни демонтаж қилиш эмас, балки уни шаффоф, ҳисобдор ва бозорга мос шаклга келтириш муҳим.
Агар сиёсий ирода ва институционал интизом давом этса, Ўзбекистон молиявий сектори ҳақиқий барқарор ўсиш омилига айланиши мумкин.
Изоҳ (0)