Лондон ярим йил давомида яширинча Фаластин масаласини ҳал қилиш режасини ишлаб чиқди. Бу ҳақда манбаларга таяниб, The New York Times (NYT) хабар берди.

Буюк Британия бош вазирининг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жонатан Пауэлл режани иттифоқчиларга тарқатишни бошлаган. У саккиз банддан иборат бўлиб, Ғазода технократик Фаластин ҳукуматини тузиш, Исроил қўшинларини тўлиқ олиб чиқиш ва АҚШ бошчилигидаги ўт очишни тўхтатишни ўз ичига олади.
Буларнинг барчаси охир-оқибат икки мустақил давлатнинг ташкил топишига олиб келиши керак, дейилади хабарда.
Режанинг бошқа тафсилотларига аниқлик киритилмаган. Нью-Ёркда 30 июль куни Фаластин-Исроил можаросини ҳал қилиш бўйича халқаро конференция бўлиб ўтди. Тадбир якунида иштирокчилар икки давлат концепцияси доирасида тинчлик учун қилиниши керак бўлган қадамларни келишиб олди. Томонлар Ғазодаги урушни тўхтатишга содиқлигини тасдиқлади. Шунингдек, барқарор тинчликка эришиш истагини билдирди.
Исроилнинг Ғазога ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 60 минг кишидан ошди. Сектордаги гуманитар вазият оғирлигича қолмоқда, очарчилик туфайли қурбонлар сони 193 нафарга етди, уларнинг 96 нафари болалар. Қатор давлатлар Исроилдан блокадани тўхтатиш, Ғазога гуманитар ёрдам киришини таъминлашни сўраган.
Мазкур чақириқлар фонида Буюк Британия, Канада, Португалия, Франция ва Мали сентябрда БМТ Бош ассамблеяси сессияси бошланишидан олдин Фаластин давлатини тан олишга тайёрлигини айтган.
Бундан ташқари, яна 10 давлат: Андорра, Австралия, Канада, Исландия, Ирландия, Люксембург, Янги Зеландия, Норвегия, Сан Марино, Словения ва Финляндия ҳам шундай қадам ташлаш ниятида. Дунё бўйлаб 140 дан ортиқ давлат Фаластин давлатини тан олган, Европа Иттифоқининг 27 мамлакатидан 12 таси шундай қарор қилган.
Изоҳ (0)