АҚШда эркак ChatGPT маслаҳати сабабли руҳий касалликлар шифохонасига тушиб қолди. Бу ҳақда америкалик мутахассислар мақоласига таяниб, Annals of Internal Medicine хабар берди.

У сунъий интеллект маслаҳати билан 3 ой давомида туз ўрнига бромид истеъмол қилган. Оқибатда заҳарланиш юз бериб, психоз ривожланган. Бемор паранойя, галлюцинациялар билан касалхонага мурожаат қилган, у ҳатто сув истеъмолидан ҳам бош тортган.
Эркак ўзини қўшниси томонидан заҳарлаган деб ўйлаган. Бироқ шифокорлар текширувда унинг бромид билан заҳарланганини аниқлаган. Шу сабабли бемор руҳий касалликлар бўлимида мажбурий даволанишга қолдирилган.
Эркакнинг сўзларига кўра, у туз истеъмолини камайтирмоқчи бўлган ва ChatGPT маслаҳати билан интернетдан бромид сотиб олиб, уни истеъмол қилган. Шифокорлар ChatGPT’ни текшириб, у бундай тавсияни огоҳлантирмасдан бериши мумкинлигини тасдиқлаган.
Уч ҳафталик даволанишдан сўнг эркак соғайиб, касалхонадан чиқарилган. Вашингтон университети шифокорлари таъкидлашича, бромид илгари тиббиётда қўлланилган, аммо узоқ муддат истеъмол қилинганда заҳарли таъсир кўрсатиши аниқлангач, ундан воз кечилган. Ҳозирда у фақат айрим ветеринария препаратлари ва қўшимчаларида учрайди.
Психоз — руҳий ҳолат бўлиб, унда одам ҳақиқатни тўғри идрок эта олмайди. Бу ҳолатда одам мантиқсиз гаплар айтиши, воқеаларни нотўғри талқин қилиши мумкин. Галлюцинация эса психознинг энг кенг тарқалган белгисидир. У мавжуд бўлмаган нарсаларни кўриш, эшитиш ёки сезиш ҳолати.
Изоҳ (0)