Ўзбекистонда насия бозорини давлат томонидан тартибга солиш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда 26 июнь куни бўлиб ўтган Сенат йиғилишида Марказий банк раиси Тимур Ишметов маълум қилди.

У насия савдо аҳоли қарз юкини ҳисоблашда ноаниқликларни юзага келтираётганини айтиб, тизимни давлат назоратга олиши зарурлигини таъкидлади.
“Насия савдо орқали товар ва хизматлар пулини бўлиб тўлаш оммалашмоқда. 2025 йил 1 январь ҳолатига кўра, насия савдо билан шуғулланадиган ташкилотларнинг жами портфели 8,5 триллион сўмни ташкил этган. Шундан 26 фоизи лицензия асосида фаолият юритувчи иккита микромолия ташкилоти, 7 фоизи тижорат банклари, қолган 67 фоизи тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келади. Насия савдо шартномаларида устама ҳақи ёки реал эффектив фоиз ставкаси аниқ кўрсатилмайди. Бу мижозларда қарз юки ҳаддан ташқари ошиб кетиши, банклар ёки микромолия ташкилотларидан олинган қарзлар вақтида қайтарилмаслиги сабаб муаммоли кредитлар кўпайиши хатарларини юзага келтирмоқда”, деди регулятор раҳбари.

Мамлакатда фуқарога кредит ажратишда унинг қарз юки кўрсаткичи 50 фоиздан оширилиши ман этилган. Тимур Ишметовнинг айтишича, банкда кредит олиш учун мурожаат қилган одамнинг насия савдо бўйича қарзлари тўғрисида маълумот бўлмайди. Оқибатда банкларда белгиланган қарз юки доирасидан ортиқча равишда кредитлар ажратиши кузатилмоқда. Шундан келиб чиқиб Марказий банк томонидан насия савдо бозорини тартибга солиш бўйича зарур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиши кутилмоқда.
“Насия савдо аҳоли қарз юки меъёрлари бажарилишига тўсқинлик қилмоқда. Шунинг учун ҳам насия бозорини давлат томонидан тартибга солиш таклифи билан чиқяпмиз. Насия бозоридаги бизнесга ҳеч қандай қаршилигимиз йўқ. Бунда насия савдо ташкилотлари одамларга қарз бераётганда маълумотларни мажбурий тарзда кредит бюросига етказиши, сотилган маҳсулот устига қўйилган устама ошкор қилиниши каби талабларни қонунчиликка киритиш таклиф этиляпти. Албатта, гап кичик суммалар ҳақида бўлганда хавотирга ўрин қолмасди. Лекин айтганимдек, 8,5 триллион сўм катта рақам. Бу миқдор йилдан йилга каррасига ошиб бориши прогноз қилинган”, деди Марказий банк раиси.

Аввалроқ Ўзбекистондаги насия бозори таҳлили эълон қилганди. Қайд этилишича, мазкур бозорда қарзга сотилган маҳсулотнинг умумий қийматига 27,3 фоиздан 44,3 фоизгача (ўртача 39,6 фоиз) устама қўшилади. Танланган товар банк кредитидан 14–23 фоизга қимматроқ бўлади.
Изоҳ (0)