Netflix томонидан 2021 йилда намойиш этилган “Калмар ўйини” сериали қисқа вақт ичида глобал миқёсда машҳурликка эришди. Жанубий Кореяда суратга олинган бу лойиҳа жамиятдаги тенгсизлик, омон қолиш учун кураш ва мураккаб танловлар мавзусини кўтариб чиқди. Сериалдаги ҳар бир саҳна синчковлик билан яратилгандек туюлади.

Учинчи мавсум премераси жорий йил 27 июнь куни намойиш этилади, бироқ биринчи мавсумдаги бир саҳна ҳанузгача томошабинлар учун жумбоқ бўлиб қолмоқда.
Гап Ҳан Ми Нё исмли қаҳрамон ҳақида кетмоқда. Унинг характери сериалда ёлғончи, айёр ва фақат ўз фойдасини ўйлайдиган бўлади. “Калмар ўйини”да у қўриқчилардан тунги дамдан кейин ҳожатхонага чиқишга рухсат сўрайди. Айнан шу вақтда мухлислар “мавсумдаги энг тушунарсиз эпизод” деб атаган воқеа юз беради.
Ҳан Ми Нё дугонаси билан вентиляция шахтасига чиқиб олади. У ерда ходимлар келгуси ўйин учун шакардан махсус печеньелар тайёрлаётганини кўради. Ми Нё зудлик билан қайтади ва бу маълумотдан ўз манфаати йўлида фойдаланади.

Аммо томошабинларда дарров савол туғилади: қандай қилиб бу нарса содир бўлди? Нега қўриқчилар бу ҳаракатга тўсқинлик қилишмади? Камералар йўқмиди? Ахир ҳар бир ҳаракат назорат қилинадиган жойда ҳаттоки ҳожатхонада ҳам видеокузатув қўйилиши керак эмасми?
Баъзилар бу ҳолатни оддий сценарий хатоси деб ҳисоблайди. Уларнинг фикрича, бу даражадаги йирик ва қаттиқ назорат остидаги ўйинда кузатув камералари ҳар жойда бўлиши шарт эди. Бироқ бошқа бир гуруҳ томошабинлар бу тасодиф эмас, балки режиссёрлар томонидан атайлаб киритилган саҳна, деб ҳисоблайди. Уларнинг фикрича, сериал ҳомийлари учун энг муҳим нарса бу — интрига ва томошабоплик. Агар иштирокчи қоидани бузса ёки алдаса, бу воқеаларнинг янада қизиқарли ва ҳаяжонли тус олишига сабаб бўлади.
Изоҳ (0)