Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар 14 июль куни мамлакатнинг Ғазо секторини узоқ муддат назорат қилиш нияти йўқлигини маълум қилди. Бу ҳақда Fox News хабар берди.

Гидео Саар хавфсизликдан хавотирда эканини таъкидлаган.
“Ғазо секторини узоқ муддат назорат остида ушлаш ниятимиз йўқ. Биз фақат хавфсизликдан хавотирдамиз”, деган у.
Вазирнинг бу гаплари бош вазир Биньямин Нетаньяхунинг фикрларига зид келмоқда. Нетаньяху май ойида Исроил бутун Ғазони назоратга олишини айтганди.
“Биз АҚШ президенти Дональд Трампнинг режасини амалга оширамиз. Бу яхши режа ва шубҳасиз ўз натижасини кўрсатади. Ғазони тарк этишни истаган одамлар кетиши, қолишни хоҳлаганлар қолиши мумкин”, деган бош вазир.
Аммо Саъарнинг қўшимча қилишича, ҳозирда анклавни назорат қилаётган Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи “Ғазо келажагининг бир қисми бўла олмайди”. Ташқи ишлар вазири шунингдек, Ғазодаги ҳарбий операциялар номутаносиб деб танқид қилганларга мурожаат қилиб, шундай деган:
“Сиз Ғарбнинг ИШИДни йўқ қилган ҳужуми ҳақида нима деган бўлардингиз? Бу ҳаракат мутаносибмиди?”
АҚШ ҳомийлигида таклиф этилаётган Ғазода ўт очишни тўхтатиш келишуви ҳали ҳамон амалга ошгани йўқ. Режага кўра, ҲАМАС гаровга олинганларни озод қилиши лозим. Исроил ҲАМАС ўз қуролларини топшириб, Ғазони бошқаришдан воз кечса, барча ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга тайёрлигини билдирган.
Изоҳ (0)