Marvel олами фильмлари кўплаб актёрлар учун карьерасидаги кескин бурилиш нуқтасига айланди. Улар дунё бўйлаб машҳурликка эришди, миллионлаб томошабинлар эътиборини тортди ҳамда мўмай даромадга эга бўлди. Бироқ бундай муваффақият ижодий эркинликни чекловчи омилларга ҳам эга: бир образга узоқ йиллар боғланиш янги ролларда очилиш имкониятларини сезиларли даражада камайтиради. Қуйида суперқаҳрамон образидан кейин Голливуд юлдузларининг карьераси қандай давом этгани ҳақида сўз боради.
Скарлетт Йоханссон

Скарлетт Йоханссон Marvel оламида рус жосуси Наташа Романофф, яъни Қора бева образини яратиб, франшизанинг саккизта фильмида иштирок этди. Бироқ у фақат суперқаҳрамонлик роллари билан чекланиб қолмади. Йоханссон йирик блокбастерлар ва мустақил киноларда бирдек муваффақият қозонди. “Никоҳ тарихи” фильми унга “Оскар” номинациясини олиб келди, “Қуролланган арвоҳ” эса унинг йирик лойиҳаларидан бири бўлди.
Актриса “Куйла” ва Уэс Андерсоннинг “Итлар ороли” анимацион фильмларида овоз берди. Наташа ролидаги сўнгги чиқиши 2021 йилда суратга олинган “Қора бева” фильмида бўлди. Ҳозирча бу образга қайтиш режалаштирилмаган.

Marvel’дан сўнг Скарлетт яна Уэс Андерсон билан икки марта ишлади ва “Астероидлар шаҳри”, “Финикия схемаси” каби фильмларида иштирок этди. 2025 йил июль ойида эса у “Юра даври олами: уйғониш” фильмида пайдо бўлади.
Марк Руффало

Марк Руффало Ҳалк ролини актёр Эдвард Нортон ва Marvel студияси ўртасидаги келишмовчиликдан сўнг қабул қилиб олган. Айнан шу сабабли бу образ асосида алоҳида фильм суратга олинмаган. Руффало Ҳалк ролида 13 йил давомида иштирок этди ва Marvel коинотининг муҳим шахсларидан бирига айланди. Бироқ “Қасоскорлар” фильмидан кейин у фақатгина “Аёл Ҳалк: адвокат” сериалида эпизодик рол ўйнади.

Руффало ўзининг актёрлик салоҳиятини Marvel’дан бошқа лойиҳаларда ҳам кўрсатди. У Ёргос Лантимоснинг “Бечора бахтсизлар” фильмида иштирок этди. 2025 йилда эса “Ёлғонлар иллюзияси 3” фильми экранларга чиқади, унда Руффало яна ФҚБ агенти Дилан Родс образини гавдалантиради. Миш-мишларга кўра, Руффало “Ўргимчак одам 4” фильмида ҳам иштирок этиши мумкин.
Элизабет Олсен

Элизабет Олсен Marvel оламига “Қасоскорлар: Алтрон даври” фильми орқали кириб келди ва Ванда Максимофф образини яратди. Мазкур рол актриса карьерасида улкан бурилиш бўлди. Marvel лойиҳалари орасида у “Шамоллар дарёси” триллери, “Ингрид Ғарбга йўл олади” комедик драмаси, “Севги ва ўлим” сериалларида ҳам иштирок этди.

Яқинда Элизабет Ванда Marvel’нинг янги фильмларида пайдо бўлмаслигини маълум қилди. “Доктор Стрейнж: телба коинот” фильми илиқ кутиб олинмагач, бу образнинг келажаги мавҳумлигича қолмоқда. Шу билан бирга, актрисага Marvel’дан ташқарида ҳам ҳозирча йирик лойиҳалардан таклиф бўлмади.
Ҳью Жекман

Ҳью Жекман ва унинг Росомаха образи суперқаҳрамонлар орасида энг машҳур образлардан биридир. Биринчи фильм 2000 йилда 20th Century Fox томонидан суратга олинган бўлса, сўнгги “Дедпул ва Росомаха” 2024 йилда экранларга чиқди. Жекман бу образда учта алоҳида фильмда рол ўйнади. Актёр сўнгги етти йил давомида Росомаха ролига қайтмаслигини билдирган, аммо “Ғаройиб одамлар” франшизаси ҳуқуқлари Дисней қўлига ўтгач, дўсти Райан Рейнолдс уни “Дедпул” лойиҳасига қайтаришга кўндирди.

Marvel’даги танаффус давомида Жекман “Қандай қилиб президент бўлмаслик керак”, “Бенуқсон” комедик драмаси ва “Хотиралар” фантастик триллерида рол ўйнади. 2022 йилда у “Ўғил” фильмида бош ролни ижро этди, аммо бу фильмлар касса даромадлари юқори бўлмади.
Роберт Дауни

“Темир одам” образи орқали Роберт Дауни ўн йилдан ортиқ вақт давомида франшизанинг асосий юзи бўлиб келди. Унинг суперқаҳрамонлик образлари “Қасоскорлар: интиҳо” фильми билан якун топди. Кейинчалик Marvel студияси жанжаллар сабабли Жонатан Мейжорсни асосий ёвуз образдан олиб ташлаб, унинг ўрнига доктор Дум образини танлади ва бу ролга айнан Дауни таклиф қилинди.

Ҳозирда актёр яна Шерлок Ҳолмс образига қайтиши кутилмоқда, учинчи фильм ишлаб чиқаришга тайёргарлик кўриш босқичида.
Тоби Магуайр

Ўргимчак одам Marvel дунёсидаги энг машҳур суперқаҳрамонлардан бири бўлиб, сўнгги 25 йил ичида бу ролни уч нафат актёр ижро этди. Улардан биринчи бўлиб Тоби Магуайр 2002 йилдан бошлаб суратга олинган трилогияда иштирок этди. Унинг сўнгги чиқиши “Ўргимчак одам 3: кўзгудаги душман акси” фильми бўлиб, сюжетнинг ҳаддан ташқари мураккаблиги сабабли у турли танқидларга учради.

Marvel’нинг мултикоинот ғояси қайта жорий этилгач, Магуайр “Ўргимчак одам: уйга йўл йўқ” фильмида яна Питер Паркер образига қайтди. Marvel’дан ташқари бошқа лойиҳаларда эса Магуайр камроқ кўринди. У иштирок этган машҳур фильмлар қаторига “Буюк Гецби”, “Ака-укалар” ва “Меҳнат байрами” киради. Шунингдек, у продюсерлик билан ҳам шуғулланди, бироқ бу лойиҳалари тижорий муваффақиятга эриша олмаган.
Изоҳ (0)