“Мио, болагинам Мио” — совет, инглиз ва скандинавиялик актёрлар иштирок этган ноёб халқаро лойиҳадир. Швед ёзувчиси Астрид Линдгреннинг шу номдаги қиссаси асосида яратилган оилавий фантастика ғарб томошабинларида катта қизиқиш уйғотмаган бўлса-да, совет болалари учун бу ҳақиқий шоҳ асар эди.
Фильм машҳурлигига нафақат пухта сценарий ва қалбни ларзага солувчи мусиқа, балки режиссёр Владимир Грамматиков раҳбарлигида 80 йиллар болалари ҳали-ҳануз илиқлик билан хотирлаётган ажойиб эртакни яратган бир гуруҳ истеъдодли актёрлар ҳам ҳисса қўшди.
Ник Пиккард
Инглиз актёри Ник Пиккард стокголмлик бола Боссе ролини ижро этган. Болакай Орзулар мамлакатининг шаҳзодаси Мио эканлигини тўсатдан билиб қолади. Пиккард учун бу тўлиқ метражли фильмдаги илк тажриба эди, аммо болалигида у театр мактабида таълим олган ва актёр бўлишни мақсад қилган эди.
Актёр 1995 йилда “Ҳоллиокс” сериалида Тони Хатчинсон ролини ижро этади. У лойиҳанинг доимий иштирокчисига айланиб, ҳозирга қадар суратга тушмоқда. Ник Пиккард Хатчинсон ролини кўп йиллар давомида маҳорат билан ижро этгани учун British Соап Award мукофотига сазовор бўлган.
Кристиан Бэйл
Мионинг Бенке исмли энг яқин дўсти, шунингдек, унинг Орзулар мамлакатидаги акси — Юм-Юмни ҳозирда машҳур, аммо ўша пайтда деярли номаълум бўлган ёш актёр Кристиан Бэйл ижро этган. Унинг қаҳрамони бош қаҳрамон билан бирга ёвузлик билан бўладиган сўнгги жангдан ташқари барча синовлардан ўтади ва қутқарилган болалар билан бирга уйига қайтади.
“Мио, болажоним Мио” фильмидан бир йил олдин Кристиан Бэйл “Анастасия: Аннанинг сири” телефильмида шаҳзода Алексей ролини ўйнаган. Шундан сўнг дарҳол Стивен Спилбергнинг “Қуёш империяси” ҳарбий драмасида рол ижро этади. Бэйл учун “Америкалик психопат” триллери муваффақият келтиради. Фильмда у муваффақиятли сармоядор ниқоби остида яширинган серияли қотил Патрик Бейтман ролини маҳорат билан ижро этади.
Бугунги кунгача Бэйл 50 дан ортиқ фильмда рол ижро этган. Улар орасида “Эквилибриум” антиутопияси, “Жонни Д.” жиноий драмаси, “Ҳокимият” трагикомедияси, шунингдек, у Қора рицар ролини ўйнаган “Бетмен” фильмлари туркуми бор. Кристиан Бэйл “Оскар” ва иккита “Олтин глобус” каби кўплаб нуфузли совринлар соҳибидир.
Тимоти Боттомс
Орзулар мамлакати қироли ва Мионинг отаси ролини америкалик Тимоти Боттомс ижро этди. Унинг қаҳрамони туғилганидан бери кўрмаган ўғли билан учрашганидан қувонч ва айни пайтда болани ёвузликка қарши курашиш учун хавфли топшириққа юбориши кераклигидан ғам-андуҳга тўла. Боттомс мулойим, меҳрибон ва босиқ монарх образини яратиб, ундан ўғлига чексиз муҳаббат ёғилиб турганини намоён этади.
“Мио, болажоним Мио” фильми суратга олинаётган пайтда Боттомс аллақачон тажрибали, ўз соҳасида етук актёр эди. Боттомс АҚШнинг 43-президенти кичик Жорж Буш роли билан шуҳрат қозонди, чунки у билан актёрнинг ташқи кўринишида сезиларли ўхшашлик бор эди. Боттомс ушбу образда “Бу менинг Бушим!” ситкомида, 11 сентябрь теракти ҳақидаги ҳужжатли фильмда, шунингдек, “Тимсоҳ овчиси: Жанг” номли комедия жанр бўйича жанговар фильмда намоён бўлди.
Сверре Анкер Оусдал
Фильмда норвегиялик актёр Сверре Анкер Оусдал қояга занжирбанд қилинган қуролсоз уста ролини ижро этади. У бош қаҳрамон учун тошни ҳам кесадиган сеҳрли қилич ясаб беради. Бусиз қора рицарни мағлуб этиш мумкин эмас, чунки унинг юраги тошдан эди.
Актёр асосан Швеция ва Норвегия фильмларида суратга тушган бўлиб, бу фильмлар Скандинавиядан ташқарида деярли танилмаган. Шу билан бирга, у театрда ўйнашни давом эттириб, 1997 йилда рицар унвонига сазовор бўлди. 2008 йилда Оусдалга саратон касаллиги ташхиси қўйилди, бу касаллик билан курашиш жараёнида у деярли кўриш қобилиятини йўқотди. Актёрнинг саҳнадаги сўнгги роли 2013 йилдаги “Қирол Лир” спектаклидаги бош рол бўлди.
Кристофер Ли
Жаҳон кинематографиясининг тан олинган Дракуласи Кристофер Ли “Мио, болажоним Мио” фильмида қора рицар Като ролини ижро этди. Унинг номи тилга олинганда табиат ларзага келарди. Орзулар мамлакатига тинчлик ва осойишталик қайтиши учун айнан уни Мио енгиши лозим эди.
Ижодий фаолияти 30 йилдан ортиқ давом этган актёр учун эртакдаги рол унинг муҳимроқ ишлари олдида хира тортган ўткинчи лавҳага айланди. 2015 йилда вафот этгунга қадар, Кристофер Ли яна элликка яқин фильмда суратга тушишга улгурди. Улар орасида, айниқса, Питер Жексоннинг фантастик асаридаги Саруман роли ҳамда “Юлдузлар жанги” фильмининг икки қисмидаги граф Дуку образи алоҳида ажралиб туради.
Изоҳ (0)