Америкалик актёр ва продюсер Вин Дизель “Форсаж” франшизасининг 11-қисмида марҳум актёр Пол Уокер яна пайдо бўлишини расман тасдиқлади. Бу ҳақда у Лос Анжелесдаги кинофестивалда маълум қилди.

Пол Уокер 2013 йил ноябрда, 40 ёшида автоҳалокатда ҳалок бўлган эди. “Форсаж” жамоаси унинг хотирасини сақлаб қолиш мақсадида актёрнинг образини визуал эффектлар ва архив кадрлари ёрдамида жонлантиришни режалаштирмоқда. Шу билан бирга, Уокернинг акалари Калеб ва Коди Уокерлар фильмни суратга олиш жараёнида кўмак бериши кутилмоқда.

Вин Дизель журналистлар билан суҳбатда шундай деди:
“Биз Полнинг хотирасини ҳурмат қиламиз. Янги фильм томошабинларга илк қисмлардаги муҳитни — тунги Лос Анжелес, кўча пойгалари ва автомобиллар тюнинги муҳитини қайта ҳис қилиш имконини беради”.
“Форсаж”нинг 11-қисми 2027 йил апрелда катта экранларга чиқади ва бу франшизанинг якуний бўлими бўлади. Бироқ режиссёр Луи Летерре аввалроқ фильм премераси 2026 йилга режалаштирилганини билдирган эди. Мазкур тафовут лойиҳанинг кечикиши мумкинлигидан далолат беради.

Пол Уокер ва Вин Дизель “Форсаж”даги Доминик Торетто ва Брайан ЎКоннор роллари орқали кино оламида машҳур бўлиш билан бирга, ҳаётда ҳам яқин дўстлар эди. Дизель Уокернинг ўлимидан сўнг уни “ўз қалбининг бир бўлаги” деб атаган ва уни тез-тез хотирлаб келмоқда. Актёр ҳаттоки Пол Уокернинг қизи Мидоу Уокернинг тўйида ҳам иштирок этган.

“Форсаж” илк бор 2001 йилда намойиш этилган бўлиб,10 та қисмли фильмлари ва бир нечта спин-оффлари чиққан. 2023 йилда намойиш этилган “Форсаж 10” дунё бўйлаб 522 миллион доллар даромад келтирган. Фильм бюджети эса тахминан 340 миллион доллар бўлган.
Изоҳ (0)