Amazon компанияси янги Жеймс Бонд образини гавдалантирадиган актёрларни танламоқда. Variety нашрининг хабар беришича, асосий номзодлар орасида 28 ёшли Жейкоб Элорди (“Эйфория”, “Присцилла: Элвис ва мен”), 29 ёшли Том Ҳолланд (“Ўргимчак одам”, “Одамлар тўла хона”) ва яна бир британиялик 29 ёшли актёр Ҳаррис Дикинсон (“Ёмон қиз”, “Ғам-алам учбурчаги”) бор.

Фото: “Правила жизни”
Amazon студияси ва продюсерлар айнан 30 ёшгача бўлган ва британиялик актёр изламоқда, аммо Элордининг австралиялик экани бунга тўсқинлик қилмайди. Чунки илгари Бонд ролини австралиялик Жорж Лезенби ҳам ижро этган.
Аввалроқ 007 агенти образини 35 ёшли Аарон Тейлор-Жонсон, 42 ёшли Генри Кавилл ёки 52 ёшли Идрис Элба гавдалантириши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган эди. Бироқ уларнинг ёши катталиги сабабли бу эҳтимолдан йироқдир, деб ёзади Variety.

Фото: “Правила жизни”
Жеймс Бонд ҳақидаги янги фильм режиссёри Дени Вилнёв бўлади. Amazon навбатдаги картинани 2028 йилда тақдим этишни режалаштирган.
Вилнёв болалигидан Бонд фильмларининг мухлиси бўлганини айтиб ўтди:
“Кинога оид илк хотираларим айнан Жеймс Бонд билан боғлиқ. Мен отам билан бирга у ҳақдаги фильмларни кўриб улғайганман, хусусан, Шон Коннери ижросини ҳурмат қиламан”, деди режиссёр ва янги лойиҳа устида ишлашни “катта масъулият” ва “улуғ шараф” деб атади.
Янги фильм франшизанинг 26-қисми бўлади ва у 2021 йилда суратга олинган “Ўлимга вақт йўқ” фильмидан кейинги воқеаларни акс эттиради. Унда актёр Дэниэл Крейг 007 агенти образини сўнгги бор ижро этган. Сюжетга кўра, унинг қаҳрамони фильм охирида душманларга тегишли завод портлаши натижасида ҳалок бўлади.

Фото: “Правила жизни”
Маълумот учун, 2024 йил февраль ойида Amazon MGМ Жеймс Бонд франшизаси бошқарувини қўлга киритган. Компания бу борада Бонд фильмларини 1960 йиллардан буён продюсерлик қилиб келаётган Барбара Брокколи ва Майкл Уилсон билан келишув имзолаган.
Изоҳ (0)