The New York Times нашри XXI асрнинг энг яхши 100 та фильми рўйхатини тузди, деб ёзади “Правила жизни”.

Ушбу рўйхатни шакллантириш учун журналистлар 500 дан ортиқ режиссёр, актёр ва бошқа таниқли Голливуд вакиллари билан суҳбатлашди. Улардан ҳар бири ўзининг энг севимли 10 фильмини санаб ўтиши сўралди ва билдирилган фикрлар асосида умумий рейтинг тузилди.

Фото: “Правила жизни”
Сўровда таниқли режиссёр ва актёрлар — Гилермо дел Торо, Педро Алмодовар, София Коппола, Жулианна Мур, Жон Туртурро, Чиветел Эжиофор, Барри Женкинс, Майки Медисон ва бошқалар иштирок этди.
Рўйхатнинг биринчи ўрнини жанубий кореялик режиссёр Пон Жун Хонинг “Паразитлар” фильми эгаллади. Мазкур картина Кимлар оиласининг турли ҳийлалар ёрдамида бадавлат инсонлар уйига ишга жойлашгани ҳақида ҳикоя қилади. Лойиҳа “Энг яхши фильм”, “Энг яхши режиссёр”, “Энг яхши сценарий” ва “Энг яхши халқаро фильм” каби номинацияларда тўртта “Оскар” мукофотига сазовор бўлган.

Фото: “Правила жизни”
Рейтингнинг иккинчи поғонасида Девид Линчнинг “Малхолланд драйв” фильми жой олди. Унда хотирасини йўқотган қиз ва актёрлик орзусидаги ёш аёлнинг ҳикояси акс этади.
Учинчи ўринни эса Пол Томас Андерсон томонидан суратга олинган “Нефть” фильми эгаллаган. Фильмда ХХ аср бошларида нефть саноатининг ривожланиши ва унинг фонида кечадиган турли воқеалар тасвирланади. Картинада бош ролни ижро этган Дениел Дей-Луис ушбу роли учун “Оскар” мукофотини қўлга киритган.
Тўртинчи ўринга Вонг Кар Вайнинг ушалмаган севги ҳақида ҳикоя қилувчи “Муҳаббат кайфияти” фильми муносиб топилган. Бешинчи ўринда эса Барри Женкинснинг “Ой нури” фильми қайд этилган. Бу фильм Майамидаги қора танли ўсмирнинг оғир ва мураккаб даврни бошидан кечирган ҳолда улғайиш даври ҳақида ҳикоя қилади.

Фото: “Правила жизни”
Рўйхатга киритилган фильмлар:
“Паразитлар”, реж. Пон Чжун Хо, 2019
“Малхолланд драйв”, реж. Девид Линч, 2001
“Нефть”, реж. Пол Томас Андерсон, 2007
“Муҳаббат кайфияти”, реж. Вонг Карвай, 2000
“Ой нури”, реж. Барри Женкинс, 2016
“Қарияларга бу ерда жой йўқ”, реж. Коэн биродарлар, 2007
“Беғубор онгнинг абадий порлаши”, реж. Мишел Гондри, 2004
“Даф бўл”, реж. Жордан Пил, 2017
“Руҳлар олами”, реж. Хаяо Миядзаки, 2001
“Ижтимоий тармоқ”, реж. Девид Финчер, 2010
“Телба Макс: Ғазаб йўли”, реж. Жорж Миллер, 2015
“Қизиқиш зонаси”, реж. Жонатан Глейзер, 2023
“Инсон фарзанди”, реж. Алфонсо Куарон, 2006
“Манфур кимсалар”, реж. Квентин Тарантино, 2009
“Худо шаҳри”, реж. Фернанду Мейрелис, 2002
“Узлатдаги аждарҳо”, реж. Анг Ли, 2000
“Букри тоғ”, реж. Анг Ли, 2005
“Онангизни ҳам”, реж. Алфонсо Куарон, 2001
“Мунажжим”, реж. Девид Финчер, 2007
“Уолл-стрит бўриси”, реж. Мартин Скорсезе, 2013
Изоҳ (0)