Тошкент халқаро аэропортини реконструкция қилиш доирасида қурилиш-монтаж ишларининг навбатдаги босқичи — учиб келиш залини кенгайтириш ишлари бошланди, деб хабар бермоқда Uzbekistan Airports матбуот хизмати.
Шу сабабли залнинг чап томонидан йўловчиларнинг чиқиши тўхтатилади. Эндиликда учиб келганлар бинодан тўғрига қараб чиқишади. Қурилиш вақтида хавфсизликни таъминлаш учун вақтинчалик усти ёпиқ йўлак қурилади. Кутиб олувчилар зали одатдаги режимда ишлайди.
Лойиҳага кўра, бино фасадини олдинга суриш ҳисобига учиб келиш зали майдони 2500 квадрат метрга ошади. Ҳозирда мавжуд зал майдони 5300 квадрат метр. Ушбу босқич яна иккита багаж ленталарини ўрнатиш ва терминал ичида кутиб олувчилар учун кенг майдон яратишни ўз ичига олади.
Реконструкция ишларини 2025 йилнинг май ойида якунлаш режалаштирилган, шундан сўнг қурилиш ишларининг якуний босқичи бошланади, унда учиб кетиш ва келиш залларини бирлаштириш назарда тутилган. Бу эса ўз навбатида соатига 2400 йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга йирик ягона аэропорт мажмуасини яратиш имконини беради.
Тошкент халқаро аэропорти реконструкцияси
Тошкент халқаро аэропортида кенг кўламли қурилиш ва реконструкция ишлари 2023 йил декабрда бошланган эди. Айни пайтда Тошкент халқаро аэропорти терминалининг ўтказиш қобилияти йилига 7 миллион йўловчини ташкил этади. Пойтахт аэропортида 6,8 миллион йўловчига хизмат кўрсатиш режалаштирилган. Халқаро терминални кенгайтириш лойиҳаси 2 босқичда амалга оширилади ва 2025 йилнинг охирига қадар давом этади. Мазкур ишлар якунига етгач, ўтказиш имконияти йилига 13 миллион йўловчига етказилади.
Ушбу аэропортда янги карго терминалини қуриш ҳам режалаштирилган. Бунинг самарасида юкларга сифатли хизмат кўрсатиш қуввати 300 тоннага етади.
Изоҳ (0)