“Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти чегара-божхона постида 100 миллион сўмлик ичимликларни олиб ўтишга уриниш, ноқонуний олиб ўтилаётган 90 миллион сўмлик браслет ва 120 миллион сўмлик заргарлик буюмлари тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда “Дарё”га “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ахборот хизмати хабар берди.
2024 йилнинг 26 июль куни соат 19:30 ларда божхона ходимлари Истанбул—Тошкент йўналиши бўйича учиб келган Ўзбекистон Республикаси фуқаросини шахсий кўрикдан ўтказди. Унда фуқаронинг қўлига тақилган, божхона назоратига белгиланган тартибда тақдим этилмаган, оғзаки сўровда маълум қилинмаган, олиб кириш меъёридан ортиқ бўлган, қиймати 119 миллион 391 минг сўмлик 61 грамм заргарлик буюмлари борлиги аниқланди, дейди божхона ахборот хизмати масъули.
Шунингдек, ушбу манзилда ноқонуний тарзда ёшартирувчи ичимликлар олиб ўтмоқчи бўлган шахс ҳам тўхтатиб қолинган. Унинг тахминий қиймати 100 млн сўм бўлган.
Билдирилишича, 28 июль куни соат 20:30 ларда Тошкент халқаро аэропорти чегара-божхона пости ходимлари томонидан Пекин—Тошкент йўналиши бўйича учиб келган хориж фуқаросининг қўл юклари ва багажлари текширилганида сифати кафолатланмаган, тахминий нархи 100 миллион 922 минг сўм бўлган коллаген ичимликлари борлиги аниқланган.
29 июль куни Тошкент халқаро аэропорти чегара-божхона пости ходимлари Дубай—Тошкент йўналиши бўйича учиб келган, Ўзбекистон Республикаси фуқаросига тегишли бир дона сариқ рангли қўл сумкасини текширганда божхона назоратига белгиланган тартибда тақдим этилмаган, оғзаки сўровда маълум қилинмаган, олиб кириш меъёридан ортиқ бўлган қиймати 90 миллион сўмлик жами 1 дона оқ рангли металлдан ясалган 750 пробали браслет борлиги аниқланди. Ҳозирда ҳар учала ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейди “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ахборот хизмати ходими Гўзалой Абдуллаева.
Изоҳ (0)