«Тошкент» халқаро аэропортида «Тошкент-2» терминалини реконструкция қилишнинг иккинчи босқичи давом этмоқда. Бу ҳақда Uzbekistan Airports хабар қилди.
Қайд этилишича, реконструкция доирасида учиб кетиш терминалининг умумий майдони 44 001 квадрат метр дан 74 001 квадрат метргача оширилади. Ҳудуд янги қурилиш, рўйхатга олиш, кутиш, багажни қабул қилиш ва чегара назорати зоналарини кенгайтириш орқали катталаштирилади. Натижада аэропортнинг ўтказиш қобилияти ҳар соатда 1200 дан 2400 йўловчига ошади.
Шунингдек, йўловчилар ва кузатувчиларга қулайлик яратиш мақсадида учиб келиш зали олдидаги майдонни реконструкция қилиш, автотураргоҳларни автоматлаштириш ишлари бошлаб юборилган. Иш учиб келиш зали олдидаги кичик автотураргоҳдан бошланган. Сўнгра учиб келиш зали олдидаги майдон реконструкция қилинади, лойиҳага кўра, у уч қисмга бўлинган — тўхташ жойи, пиёдалар ҳудуди (скамейкалар, фавворалар, яшил ҳудудлар) ва алоҳида такси йўлаклари.
Автотураргоҳларни реконструкция қилиш доирасида Uzbekistan Airports компанияси томонидан автотураргоҳ учун янги жиҳозлар харид қилинган. Уларни ўрнатиш яқин кунларда бошланади. Сотиб олинган техник ускуналар ходимлар иштирокисиз кириш/чиқиш ва тўловларни қабул қилиш имконини беради.
Маблағлар автоматлаштирилган онлайн касса терминалида нақд пулда, шунингдек, нақд пулсиз банк карталари ва мобил тўлов иловалари орқали қабул қилинади. Бошқарув компанияси автотураргоҳнинг жойлашуви ва фойдаланиш давомийлигини (соат, кун) ҳисобга олган ҳолда тарифларнинг мослашувчан тизимини ишлаб чиқмоқда.
Бундан ташқари, тизимда автотураргоҳни олдиндан банд қилиш, шунингдек, масофадан туриб тўловларни амалга ошириш имконини берувчи мобил илова мавжуд бўлади. Шунингдек, «Тошкент» аэропорти ҳудудидаги автотураргоҳлар электромобилларни қувватлантириш шохобчалари билан жиҳозланади.