Самарқандда “Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг барқарор ривожланиши учун атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш истиқболлари: халқаро ва миллий тажриба” мавзусидаги халқаро конференция ўз ишини бошлади. Тадбирнинг очилиш маросимида Шерзод Асадов президентнинг анжуман иштирокчиларига мурожаатини ўқиб эшиттирди.
Давлати раҳбарининг мурожаатида иқлим ўзгаришларининг салбий таъсири ва анъанавий энергия манбалари тақчиллиги яққол сезилаётган ҳозирги шароитда тинч атом ҳаёт сифатини ошириш ва миллий тараққиёт стратегияларини амалга оширишда муҳим муқобил ечим ҳисобланиши таъкидланган.
“Юртимиз жаҳонда биринчилардан бўлиб, халқаро талаб ва стандартларга мувофиқ, кичик қувватли атом электр станцияларини барпо этишга киришди. Биз ушбу лойиҳаларни, бундан ташқари, соғлиқни сақлаш ва қатор илмий дастурларни муваффақиятли амалга оширишда ХАЭАни ўзимиз учун муҳим шерик деб биламиз.
Ҳеч шубҳасиз, атом энергияси бўйича илғор технологияларнинг жорий этилиши мамлакатимиз тараққиётига кучли туртки беради ҳамда янги илмий-технологик ишланмалар ва инновацион иқтисодиётга ўтиш учун имкон яратади”, деди президент.
Давлат раҳбарининг қайд этишича, мамлакатни ишончли, хавфсиз, иқтисодий самарадор ва экологик тоза энергия манбалари билан таъминлаш – Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда устувор йўналишлардан бири сифатида етакчи ўрин эгаллаб келмоқда.
Соҳанинг ҳуқуқий-институционал асосини мустаҳкамлаш учун Миллий агентлик ташкил этилди, Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш ҳақидаги қонун, Атом энергиясини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли концепция, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган стратегия қабул қилинди. Соҳа учун юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш тизими жорий этилди.
Конференция ҳақида
Ушбу тадбир иштирокчиларга атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишнинг муҳим жиҳатлари бўйича билимларини чуқурлаштириш ва тажриба алмашиш учун ноёб имконият яратади. У хавфсизликнинг юқори стандартлари, экологик масъулият ва иқтисодий мақсадга мувофиқлигига эътибор қаратган ҳолда мамлакатда атом энергетикасини муваффақиятли ривожлантиришга хизмат қиладиган муҳим ҳамкорлик майдонига айланади.
Конференция давомида иштирокчилари ўзаро тажриба ва билим алмашиш имкониятига эга бўлишади, шунингдек, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, атом саноатини қонуний тартибга солиш, ижтимоий, экологик ва хавфсизликнинг турли жиҳатлари, ядровий технологияларни тинч мақсадларда ривожлантириш, кадрлар тайёрлашга оид турли масалаларини кўриб чиқади.
Ўзбекистонда кам қувватли атом электр станцияси қурилиши
Россия президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида 27 май Жиззахда атом электр станцияси қуришдаги ҳамкорликка оид ҳукуматлараро битимга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги баённома имзоланганди. Шу куни “Ўзатом” агентлиги ҳузуридаги “АЭС қурилиши дирексияси” ДУК ва “Росатом” тузилмасидаги “Атомстроекспорт” АЖ инжиниринг компанияси ўртасида Ўзбекистонда кам қувватли атом электр станцияси қурилиши бўйича шартнома тузилди.
Имзоланган келишувларга асосан, Жиззах вилоятида Россия лойиҳаси асосида 330 МW қувватга эга (ҳар бири 55 МW қувватли 6 та реактордан иборат) АЭС қурилади. Станция қурилишида “Росатом” бош пудратчи бўлади, Ўзбекистон компаниялари ҳам иштирок этади.
Аксарият ижтимоий тармоқлар фаоллари АЭС хатарли эканини айтиб, унинг портлашидан хавотир билдирмоқда. Москва муҳандислик-физика институти Тошкент филиали ўқитувчиси Қосим Тўхтаохунов “Дарё”га берган интервьюсида бундай хавотирлар ўринсиз эканини айтганди.
“АЭС ва атом бомбасида бўлаётган жараёнлар мутлақо бошқа-бошқа. АЭС реакторида ҳеч қачон портлаш бўлиши мумкин эмас. Чернобилда бошқа реактор тури эди — РБМК. У ерда хавф бўлган. Фукусимада ҳам ъкипяшийъ реактор. Дунё мазкур турдаги реакторлардан воз кечган. Ҳозир ундай реакторлар қурилмаяпти. Ҳозир бутун дунёда фақатгина VVER конструкциялари қурилмоқда. Бунда хавфсизлик томонига кўпроқ эътибор берилади”, деган эди мутахассис.
“Ўзатом” агентлиги ҳузуридаги АЭС қурилиши дирексияси директори Отабек Омонов “Дарё”га берган интервьюсида станция қурилишида хавфсизлик талаблари юқори эканлигини, АЭС қурилиш харажатларининг кўп қисми хавфсизлик таъминланиши учун сарфланишини таъкидлаганди.
Қосим Тўхтаохуновнинг сўзларига кўра, атом энергетикаси — бутун дунёнинг келажаги. Одамзодда бу технологияга ўтишдан бошқа йўл йўқ. Чунки Ер юзида углеводородлар тугамоқда. Ўзбекистон биринчи қадамни кичик АЭС қуришдан бошлади.
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовдан АЭС, атом энергияси ҳақида фикри сўралганида вазир “бу ҳозирги кунда технологик жиҳатдан энг хавфсиз ишлаб чиқариш жараёни” эканлигини айтганди.
АЭС қурилиши инвестиция маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Ҳозиргача бир неча банклар сармоя киритиш таклифини билдирган. “Ўзатом” агентлиги ҳузуридаги АЭС қурилиши дирексияси директори Отабек Омоновнинг сўзларига кўра, ҳозир АЭС майдонида режим-кузатув ишлари олиб бориляпти. Майдон янада чуқур ўрганилмоқда. 2025 йил якунигача майдончага АЭС жойлашуви бўйича рухсатнома олиш режалаштирилган. Муҳим асбоб-ускуналарни ҳам ўз вақтида жойлаштирса, 2029 йил якунида станциянинг биринчи қисми ишга туширилиши мумкин.
Изоҳ (0)