Курск вилоятида Шимолий Корея ҳарбийлари йўналишни нотўғри аниқлаб, Чеченистоннинг Ахмат бўлинмаси автомобилини ўққа тутди. Оқибатда саккиз нафар россиялик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда Украина разведкаси хабар берди.
Маълум қилинишича, Шимолий Корея қўшинларининг жанг майдонида ҳаракатланишида тилни тушунмаслиги муаммони юзага келтирмоқда.
Ушбу муаммо туфайли Шимолий Корея аскарлари “Ахмат батальон” деб номланувчи бўлинманинг автотранспорт воситаларига “дўстона ўт очди. Оқибатда саккиз нафар “қодировчилар” ҳалок бўлди, дейилади хабарда.
Украина разведкаси Россия ҳудудида 11 мингга яқин КХДР ҳарбийси борлиги, улар жойлашган ҳудудларда Россия ҳукумати “махсус контрразведка режими” жорий этганини эслатди.
Шимолий Корея бўлинмалари жойлашган ҳудудларга кириш учун Россия аскарлари ва зобитлари Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан текширилади, уларнинг телефон ва бошқа қурилмалари олиб қўйилади.
КХДРдан Украинадаги урушга юборилган аскарлар
Жанубий Корея ва АҚШнинг ҳисоб-китобларига кўра, Шимолий Корея Россияга 10 мингдан ортиқ аскар юборган. Улардан баъзилари аллақачон Курск вилоятидаги жангларда қатнашган. Украина президенти Владимир Зеленский урушга юборилган Шимолий Корея аскарлари сони 100 мингга етиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. Сеул маълумотларига кўра, КХДР Россияга оғир артиллерия – ўзиюрар гаубицалар ва кўплаб ракета тизимларини ҳам етказиб беради.
Россия ва Шимолий Корея Россиянинг Украинага ҳужуми бошланганидан кейин ҳарбий соҳадаги ҳамкорликни кучайтира бошлади. 2024 йил июнь ойида Россия президенти Владимир Путин Шимолий Кореяга ташриф буюриб, Ким Чен Ин билан ҳужум содир бўлган тақдирда бир-бирини қўллаб-қувватлашни назарда тутувчи, шунингдек, Ғарб санкцияларига қарши ҳамкорликни ўз ичига олган кенг қамровли стратегик шартнома имзолаган эди.
Изоҳ (1)
Ukraina razvedkasi yozgani hamma narsaga ishonasizmi? )