АҚШнинг Украинага Россия бўйлаб узоқ масофали ракеталар билан зарба беришга рухсат этгани ҳақидаги хабарларга Кремль салбий муносабат билдирди.
Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, ушбу қарор кескинликнинг янги босқичи ва АҚШнинг Украинадаги урушга аралашувини англатади.
Сиёсатчининг таъкидлашича, Путиннинг Санкт-Петербургда бўлиб ўтган маданий форумдаги баёнотида унинг, Россия томонининг позицияси жуда аниқ ва бир маънода ифодаланган. У, шунингдек, президентнинг сўзлари билан яна бир бор танишиб чиқишни тавсия қилган.
“Агар шундай қарор ҳақиқатан ҳам ишлаб чиқилган ва Киевга етказилган бўлса, бу кескинликнинг янги босқичи ҳамда Қўшма Штатларнинг ушбу можарога аралашуви нуқтаи назаридан янги ҳолатдир”, деди Песков матбуот брифингида.
“Янги кескинлик даври”
“Вашингтондаги лавозимидан кетаётган маъмурият ‘оловга мой сепиш’да давом этиши ва бу можаро атрофида кескинликни янада кучайтириш учун чоралар кўриш ниятида экани аниқ”, деди Кремль вакили.
Бир кун аввал Америка ва Европанинг кўплаб оммавий ахборот воситалари АҚШ президенти Жо Байден Украина ҳарбийларига Россия ҳудудига ҳужум қилиш учун ATACMS ракеталаридан фойдаланишга рухсат бергани ҳақида хабар қилганди.
The New York Times нашрининг ёзишича, Украина Қуролли кучлари бу ракеталарни фақат Курск вилоятидаги Россия ва Шимолий Корея қўшинларига қарши қўллаши мумкин, дея тахмин қилинмоқда.
Украина президенти Владимир Зеленский Ғарб ҳамкорларидан Украинага етказиб берилган юқори аниқликдаги ракеталар билан Россия ҳудудига зарба беришга рухсат этишни бир неча бор сўраган ва буни ҳарбий зарурат билан изоҳлаган. Ёзда Украина Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов украиналиклар аллақачон Ғарб қуроллари билан бундай ҳужумларни амалга ошираётганини айтган.
Россия етакчиси аввалроқ мамлакат ҳудудига чуқур зарбалар бериш бўйича чекловларнинг олиб ташланиши “НАТО давлатлари, АҚШ ва Европа давлатлари уруш ҳолатида” эканини англатишини таъкидлаган.
Изоҳ (0)