Ҳиндистонда уч йил мобайнида квартирасидан чиқмаган эркак ахлат ва чиқиндилар уюми орасидан топилди. Бу ҳақида The Indian Express хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Social and Evangelical Association for Love (SEAL) хайрия ташкилотининг ижтимоий ходимлари ёрдам бериш мақсадида йиллар давомида бутунлай ёлғиз яшаган 55 ёшли собиқ дастурчи Ануп Кумар Наирнинг Мумбайдаги хонадонига боришган. Ташриф давомида эркак жуда аянчли аҳволда — ахлат, ишлатилган озиқ-овқат қадоқлари, синган мебеллар ва ифлосликлар орасида яшаётгани маълум бўлди.
Таъкидланишича, Наир чуқур тушкунликка тушган ва яқинларини йўқотиш туфайли руҳий жароҳат олган. Шундан сўнг у аста-секин жамиятдан узоқлашиб, ҳатто қариндошлари билан ҳам алоқани узиб қўйган. Сўнгги уч йил давомида у онлайн иловалар орқали буюртма бериш йўли билан озиқ-овқат етказиб бериш хизмати туфайли тирик қолган. Шунингдек, унинг оёғида зудлик билан даволанишни талаб қиладиган жиддий инфекция борлиги аниқланган.
Ҳозирда Наир вақтинча хайрия ташкилотида истиқомат қилмоқда. Унинг айтишича, дўстлари йўқ, соғлиғининг ёмонлиги эса янги иш қидиришга имкон бермаяпти.
“Биз бир неча бор унга квартирасини тозалашда ёрдам беришга уриниб кўрдик. Шунингдек, ота-онасининг банк омонатидаги маблағни унинг шахсий ҳисоб рақамига ўтказишга кўмаклашдик”, дейди Наирнинг қўшниси.
Изоҳ (0)