Нақд пулда тўлов қилувчилар сони камайгани сабаб Тошкент метросининг айрим бекатларида кассалар ёпилди.

Метрополитен маъмуриятининг билдиришича, йўловчиларига қулайлик яратиш ҳамда касса олдидаги тирбандликларни камайтириш мақсадида метродан фойдаланишда йўл ҳақини тўлашнинг 10 дан ортиқ тури мавжуд. Жумладан, QR-кодли бир марталик чипталар 3000 сўмни ташкил қилса, бошқа тўлов усуллари 1700 сўм ва ундан ҳам арзон. Шуни инобатга олиб, ҳозирги вақтга келиб йўловчиларнинг кам сонли қисмигина нақт пул кўришида яни кассадан QR-кодли чипта ҳарид қилиб йўл ҳақини тўламоқда.
Илгари бир марталик QR-кодли чипталардан метро йўловчиларининг 45-50 фоизи фойдаланган бўлса, ҳозирги вақтга келиб қарийб 6-7 фоизни ташкил қилмоқда. Узоқ вақт давом этган кузатув ва ўрганишлар натижаларига кўра бир қанча метро бекатларидаги вестибюлларда жойлашган кассаларда чипталар ҳарид қилиниш кўрсаткичи кескин камайгани аниқланди.
Шу боисдан, нақд пул кўринишида тўловни амалга оширувчи йўловчилар сони кам бўлган 13 та метро бекатларининг (Мирзо Улуғбек, Халқлар дўстлиги, Пахтакор, Ҳамид Олимжон, Пушкин, Дўстлик, Тошкент, Ойбек, Тинчлик, Шаҳристон, Бодомзор, Минор ҳамда Абдулла Қодирий ) 1 тадан вестибюлларидаги кассалар ёпилди. Маълум қилинишича, ушбу вестибюлларга чипта сотиб олиш учун автоматлаштирилган банкоматлар синов тариқасида ўрнатилмоқда.

Шунингдек, метро йўловчилари касса ёпилган вестибюлларда ҳам автоматлаштирилган тўлов турларининг бошқа усуллари орқали тўлов қилиш имкониятига эга (ATTO карталари, банк карталари, турли мобил иловалар, кафт орқали ва бошқа тўлов усуллари).
Хабарда айтилишича, бу тўлов усулларининг бир қатор афзалликлари бўлиб, йўловчиларга касса олдида навбат кутмасдан ўз вақтларини тежаш имконини беради. Қолаверса, метрода йўл ҳақини арзон тарифда тўлашлари мумкин.
Бундан бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда “метрода тирбандликлар кузатилмоқда” мазмунидаги хабарлар тарқалганди. Тошкент метрополитени бунга муносабат билдириб бугунги кунда ҳар бир йўналишда йўловчилар оқимидан келиб чиққан ҳолатда поездлар ҳаракати жадвал асосида йўлга қўйилаётганини, доимий равишда эрталабки ва кечки тиғиз вақтларда йўналишларда поездлар сони оширилиб, қўшимча захира поездлар ҳам ҳаракатланаётганини маълум қилганди.
Сўнгги 7 йилда Тошкент метрополитенида бекатлар сони 29 тадан 50 тага етди. Метро линияларнинг умумий узунлиги эса 38 километрдан 71 километргача ошди. “Буюк ипак йўли”дан ТТЗ даҳасигача 10 та метро бекати қурилиши режалаштирилган. Бу икки босқичда амалга оширилиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)