Озарбайжоннинг Minval.аз нашри 2024 йил 25 декабрь куни Грозний шаҳрига яқинлашаётган AZAL Embraer E190 самолёти уриб туширилгани ҳақида шов-шувли маълумотларни эълон қилди.
Маълум қилинишича, таҳририятга аноним хат келиб тушган. Хатда ҳаво ҳужумидан мудофаа капитани самолётга Россия Мудофаа вазирлиги буйруғи билан ўқ узилганини таъкидлаган тушунтириш хати, шунингдек, видео, аудиоёзувлар ва техниканинг носоз ҳолати ҳақида батафсил маълумотлар мавжуд.
274-сонли жанговар машинанинг командири, ҳисоб-китоб бошлиғи, капитан Дмитрий Паладичукка тегишли тушунтириш хатида нишонларни аниқлаш станцияси потенциал нишонни аниқлагани, функцияли радиолокацион станция (МРЛС) билан аниқ кузатувга олингани билдирилган.
“Телефон орқали менга нишонни йўқ қилиш буйруғи берилди. Жуда қалин туман туфайли оптик қурилмада нишон кўринмади, бу ҳақда ВКПга хабар берилди. Соат 08:13:30 да операторга нишонни йўқ қилиш буйруғини бердим. Соат 08:13:33 да ракета йўналтирувчидан учирилди. Соат 08:13:47 да БМ-72В6 марказий ҳарбий тизими нишон ўтказиб юборилгани ҳақида хабар берди. Соат 08:13:48 да такроран ўққа тутиш буйруғини бердим”, дейилади тушунтириш хатида.
“Биз капитаннинг имзоси билан тасдиқланган ушбу хатнинг ҳақиқийлигини тасдиқлай олмаймиз. Бироқ унинг мавжудлиги, шунингдек, ушбу ҳужжатнинг ярим йилдан бери давом этаётган тергов ва жамият учун аҳамияти уни эълон қилишга мажбур этмоқда. Бундан ташқари, олинган маълумотлар Озарбайжон Республикасининг фожиа тафсилотларини текшираётган ваколатли органлари учун фойдали бўлиши мумкин.
Аммо хат мазмунини тасдиқловчи учта овозли хабарнинг аудиоёзувини ҳақиқий деб ҳисоблаш мумкин. Биз музокараларнинг тўлиқ матнини келтира олмаймиз - уларни ҳали тергов органлари ўрганиши лозим. Бироқ шуни таъкидлаш жоизки, учала овоз ҳам оператив буйруқ берилганини, икки марта ўқ узилганини ва ракета парчалари учиб кетиши натижасида самолётга тегиб кетганини тасдиқлаган.
Шубҳасиз, бу маълумотлар чуқур таҳлилни талаб қилади ва тегишли тузилмалар бу имкониятни қўлдан бой бермайдилар”, дейилади эълон қилинган мақолада

Ўзи нима бўлганди?
2024 йил 25 декабрь куни Оқтов аэропортидан уч километр узоқликда Озарбайжоннинг Azerbaijan Airlines (AZAL) авиакомпаниясининг Embraer самолёти иштирокида фожиали авиаҳалокат юз берди. Боку—Грозний рейсини амалга ошираётган самолёт фавқулодда қўнишга уриниш чоғида ҳалокатга учради. Бортда 62 нафар йўловчи ва 5 нафар экипаж аъзоси бўлган.
38 киши ҳалок бўлган, яна 29 киши жароҳатланган. Президент Илҳом Алиевнинг таъкидлашича, лайнер радиоэлектрон кураш воситалари ёрдамида бошқарилмайдиган ҳолатга келтирилган ва кейин Россия ҳудудидан ҳужумга учраган. Учувчилар Россиянинг энг яқин аэропортларидан бирига фавқулодда қўнишни сўраган, бироқ уларга ҳамма жойда рад жавоби берилган, шундан сўнг самолёт Каспий денгизини кесиб ўтиб, Оқтов шаҳрига қулаган.
Алиев ҳалокат учун жавобгарликни Россияга юклаб айбдорларни жазолашни талаб қилган. У, шунингдек, Москванинг самолётнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимидан ўққа тутилиши фактини қушлар билан тўқнашув ва бортдаги газ баллони портлаши ҳақидаги “бемаъни тахминлар ёрдамида яшириш”га уринишларидан ғазабланган.
Ҳалокатни тергов қилишда ICAO (Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти) конвенциясига мувофиқ Қозоғистон бошчилик қилмоқда. Ишда Озарбайжон, Россия мутахассислари, халқаро экспертлар ва Embraer вакиллари иштирок этмоқда. Қора қутилар олиб қўйилиб, халқаро экспертлар иштирокида расшифровка қилинмоқда.
Изоҳ (0)