Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг 8243-рейсдаги самолёти Суриядан Россияга олиб келинган “Панцирь-С1” зенит-ракета мажмуасидан учирилган ракета билан уриб туширилган. Бу ҳақда текширув жараёни билан таниш бўлган ишончли Россия манбаларига таяниб, Озарбайжоннинг АnewZ халқаро янгиликлар канали ва Euronews хабар берди.
AnewZ ўз манбаларига таяниб хабар беришича, 2024 йилнинг 25 декабрь куни Грознийга қўнаётган Озарбайжон самолётига қарши радиоэлектрон кураш тизимлари қўлланилган. Бу Қозоғистоннинг Оқтов аэропорти ҳудудида қулашидан олдин бошқарув тизимларида жиддий узилишларга олиб келган.
AnewZ маълумотларига кўра, россиялик терговчилар ракетани учирган шахс ва буйруқ берган зобитнинг кимлигини аниқлаганлар.
Озарбайжондаги дипломатик манбаларнинг маълум қилишича, Боку бу ишнинг “шунчаки ёпиқ қолиб кетишига” йўл қўймоқчи эмас ва Россиядан лайнер ҳалокатида айбдорларни жавобгарликка тортишни қатъий талаб қилмоқда.
Агар Москва 38 йўловчи ҳалок бўлган ва 29 киши жароҳатланиб омон қолган фожиа учун жавобгарликни ўз зиммасига олишни рад этса, бу халқаро судларга мурожаат қилишни ҳам ўз ичига олади.
Қозоғистондаги авиаҳалокат
25 декабрь куни Бокудан Грознийга учаётган Озарбайжон ҳаво йўллари (AZAL)нинг Embraer самолёти Оқтов яқинида ҳалокатга учради. Самолёт бортида 67 киши, жумладан, беш нафар экипаж аъзоси бўлган. Улардан 42 нафари Озарбайжон, 16 нафари Россия, 6 нафари Қозоғистон, 3 нафари Қирғизистон фуқароларидир. Ҳодиса оқибатида жами 38 киши ҳалок бўлди.
29 декабрь куни барча 17 халқаро эксперт, жумладан, Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO), Бразилия авиаҳалокатларни текшириш ва олдини олиш маркази (SENIPA), Давлатлараро авиация қўмитаси (IАC) ва Embraer ишлаб чиқарувчи компания вакиллари AZAL самолёти ҳалокати сабабларини текшириш учун Оқтовга етиб келди.
30 декабрь куни Қозоғистон Озарбайжон самолётининг регистраторларини SENIPA’га ўрганиш учун юборди.
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев самолёт Грозний яқинида ташқи таъсир оқибатида шикастланган ва бошқарувни йўқотганини маълум қилган.
“Фактлар шундан иборатки, Озарбайжон фуқаролик самолёти Россия ҳудудида, Грозний шаҳри яқинида ташқи таъсир оқибатида шикастланган ва деярли бошқарувни йўқотган. Шунингдек, бизнинг самолётимиз радиоэлектрон кураш воситалари ёрдамида бошқариб бўлмайдиган ҳолатга туширилганини ҳам биламиз. Бу самолётга етказилган биринчи зарар ҳисобланади”, деди у Озарбайжон телевидениесига берган интервьюсида.
Изоҳ (0)