Ўзбекистонда гепатитни аниқлаш мақсадида 1,6 миллион нафарга яқин киши скринингдан ўтказилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Президентнинг 2022 йил 16 майдаги тегишли қарори асосида мамлакат бўйлаб вирусли гепатит “Б” ва “C” турларини барвақт аниқлаш мақсадида 2023 йилдан бошлаб салкам 2 миллион кишини скринингдан ўтказиш режа қилинган эди. 2025 йилнинг олти ойи якуни бўйича бу режа ҳар иккала йўналишда 80,5 фоизга бажарилди ва бир миллион 600 минг нафарга яқин киши скринингдан ўтказилди.
“Айни пайтда текширувлар жараёнида гепатит аниқланган беморларни соғломлаштириш чораларини кўряпмиз”, деган Вирусология илмий-тадқиқот институти директори Эркин Мусабоев.
Унинг қайд этишича, ҳозирги вақтда биобанк ташкил этиш чоралари кўрилмоқда. Биобанкда қуйидаги вазифалар амалга оширилади:
- юқумли касалликлар сабаблари ва механизмлари ўрганилади;
- юқумли касалликларнинг тарқалиш даражаси ва хавф омиллари таҳлил қилинади;
- ташхисотнинг янги усуллари ишлаб чиқилади;
- вирусли инфекциялар ва беморларнинг генетик маълумотлари асосида янги даволаш усуллари яратилади;
- янги дори воситалари синовдан ўтказилади ва уларнинг самарадорлиги баҳолаб борилади.
Халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида 10 дан зиёд давлатнинг тиббиёт муассасалари билан меморандумлар имзоланган ва улар доирасида катта ишлар рўёбга чиқарилмоқда.
Вирусли гепатитнинг “Б” ва “C” турларига қарши скрининг
Ўзбекистонда ҳар йили аҳоли вирусли гепатитнинг “Б” ва “C” турларига қарши скринингдан ўтказилади. Ушбу хавфли касалликни ўз вақтида профилактика ва диагностика қилиш, уларни даволаш мақсадида президентнинг 2022 йил 16 майда тегишли қарори қабул қилинган. Мазкур қарорда вирусли гепатитларнинг “Б” ва “C” турларини эрта аниқлаш учун республиканинг барча ҳудудларида скрининг текширувларини ўтказиш ва касалликни даволаш қамровини ошириш борасида бир қатор муҳим вазифалар белгиланган. Шундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистондаги 65 дан ортиқ оилавий ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда ушбу касалликни аниқлаш учун бепул скрининг ташкил этилди.
Миср билан ўтказилган музокаралар натижасида гепатитга қарши “Даклатасвир” ва “Софосбувир” дори воситаларини беғараз ёрдам сифатида юбориш учун келишувга эришилган. 22 июнда Миср ҳукумати томонидан Ўзбекистонга инсонпарварлик ёрдами сифатида ажратилган ушбу дори воситасининг 2025 йилдаги тўртинчи партияси Тошкентга етказилганди. 1 июнь куни дори воситаларининг 2025 йилдаги илк партияси олиб келинганди. 9 июнда иккинчи партияси, 15 июнда учинчи партияси келтирилди. Миср ҳукумати томонидан тақдим этилган ушбу дорилар давлат бюджети маблағларини тежашга ёрдам беради.
Изоҳ (0)