Hiv.plus сайтида COVID-19 коронавирус инфекциясига қарши кураш борасида Тайвань ва Корея муваффақияти ҳамда Италиянинг аянчли ҳолати ҳақида каттагина мақола эълон қилинди. «Дарё» мақолани айрим ўзгартириш ва тўлдиришлар билан, таржима тариқасида тақдим этади.
Ҳозирда деярли бутун дунёни қамраб олган COVID-19 коронавируси ўтган йил охирида Хитойда бошланган эди. Шу кунларда Хитой давлати пандемияни ўз ҳудудида енгаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Албатта, бу қувонарли ҳол. Лекин коронавирусни енгган бошқа Хитой ҳам бор. Қанақасига дейсизми? Қуйида шу ҳақда баён қилмоқчимиз.
Биз Хитой деганда, биринчи навбатда ёдга оладиган мамлакат — бу пойтахти Пекин бўлган Хитой Халқ Республикаси (ХХР) бўлади. 1949 йилдаги воқеалардан кейин дунёда Хитой деб номланган мамлакат, аслида, иккита бўлиб қолганини кўпчилик унча яхши билмайди. Иккинчисини биз у жойлашган орол — Тайвань ороли номи билан аташга одатланиб қолганмиз.
Шундай қилиб, Тайвань оролида жойлашган давлатнинг асл номи ҳам Хитой! Ҳар ҳолда улар ўзларини шундай деб номлашади ва «ҳақиқий Хитой» улар ўзи эканига даъво қилишади. Тил ва миллат жиҳатидан иккала давлатнинг фарқи йўқ. Фақат оролдагилар ўзларини Хитой Республикаси деб атайди (худди Жанубий Кореянинг ҳам расмий номи Корея Республикаси экани сингари).
Шундай қилиб, COVID-19 пандемияси ҳали Хитой ва узоқ шарқ тарафда локал эпидемия кўринишида бўлган пайтда, яъни январь ўрталарида Жонс Хопкинс университети томонидан компьютер моделлаштириши асосидаги Тайвань учун қилинган эпидемия тарқалиши прогнози оролда алалоқибат эпидемия жуда аянчли оқибатларга олиб келишини башорат қилган эди. Прогнозга кўра, Тайвань бугунги Эрон каби ҳолатга тушиши ва катта йўқотишларга дучор бўлиши тахмин қилинганди.
Ҳақиқатан ҳам, Тайвань шундоққина Хитойнинг биқинида бўлиб, 23 миллионлик аҳоли зичлиги жуда катта бўлган орол давлат ҳисобланади. Оролдаги жуда кўпчилик эпидемия ўчоғи бўлган Ухань шаҳрига бориб фаолият олиб боради. Ҳисоб-китобларга кўра, тайванликларнинг 850 мингга яқини Хитойда яшаб ишлайди ва яна 400 мингга яқин аҳоли Хитойга қатнаб ишлайди. Умумий олганда, материкдаги Хитой ва оролдаги Хитой ўртасидаги трафик йилига 3 миллион кишини ташкил қилади. Бундай йирик оқим билан, албатта, Тайванда тез орада эпидемия аянчли кўринишга келишини кутиш мумкин эди...
Лекин Жонс Хопкинс университетидаги математик моделлаштиришга масъул мутахассис, айниқса, Тайвань эпидемияга қарши туриш борасида «тажрибали мўйсафид» эканини назардан қочирган кўринади. Қизиғи шундаки, бошқа ким бўлса ҳам майли, лекин айнан Жонс Хопкинс университетидагиларнинг бу борада янглишишига ҳақи йўқ эди. Чунки 2016 йилдан буёғига Тайваннинг вице-президенти лавозимида фаолият юритаётган инсон — Чен Цзянжен 1982 йилда айнан Жонс Хопкинсда ўзининг докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.
Унинг докторлик иши мавзуси нима бўлганини биласизми? Сюрприз! Тадамм! У «Эпидемиология ва инсон генетикаси» мавзусида докторлик иши қилган! Жаҳоннинг аксар мамлакатларида гепатит Б га қарши аҳолини эмлаш борасидаги амалий ишлар бошланишида Чен Цзянженнинг тадқиқотлари катта аҳамият касб этган, шунингдек, заҳарли маргимуш моддасига нисбатан халқаро тиббий стандартларнинг ўзгаришига ҳам у сабабчи бўлган.
Балки давлатнинг иккинчи рақамли раҳбари жаҳон миқёсида тан олинган эпидемиолог врач мутахассис экани Тайваннинг энг катта ютуғидир. Боз устига, Чен Цзянжен 2003—2005 йилларда соғлиқни сақлаш вазири ҳам бўлди. Ёдингизда бўлса, ўша йиллари бошқа бир турдаги коронавирус эпидемияси содир бўлган эди ва олим-вазир унга қарши курашиш билан иш бошлашига тўғри келди. Ўшанда ҳам Тайваннинг эпидемия билан узоққа боролмаслиги ҳақида тахминлар янграган эди.
Чен Цзянжен ишни аҳолида вирусни аниқлаш учун ёппасига скрининг ўтказишдан бошлади ҳамда инфекцияга чалинганларни жуда пухта ташкилланган изоляцияда даволаш ишлари олиб борди. Материкдаги номдош қўшниси билан мавжуд зиддиятлар туфайли Тайвань Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг кўмагига унчалик ҳам умид қилмасдан, фақат ўз ички имкониятларига таяниб иш кўришига тўғри келди. Натижада, 2003 йилдаги эпидемияни ҳам Тайвань биринчилардан бўлиб енгиб чиқди.
COVID-19 эпидемиясига ҳам Тайвань 17 йил мобайнида тайёргарлик кўрди. Айтишларича, Чен Цзянжен ва унинг тиббиёт мутахассислари жамоаси 2003 йилдаги SARS инфекцияси эпидемиясининг шаклан ўзгарган ҳолдаги қачондир қайтишини фақат вақт масаласи деб қаради ва унга зимдан тайёргарлик кўриб борди.
Жонс Хопкинснинг сўнгги маълумотларига таянадиган бўлсак, Тайванда COVID-19 инфекциясини юқтириб олганлар сони 17 март ҳолатига атиги 67 тани ташкил қилди ва улардан бир бемор вафот этди. 22 март ҳолатига кўра эса бу кўрсаткич 153 тани ташкил қилди. Улардан 28 таси аллақачон тузалиб кетди (вафот этганлар сони эса иккитага етди). Энди тасаввур қилинг, Хитой билан кундалик ўн минглаб одам борди-келдиси бўлган ва эпидемия ўчоғидан атига 1000 км масофада жойлашган орол учун бу жуда яхши кўрсаткич.
Хўш, бунинг сири нимада? Тайвань рақамли технологиялар даври берган имкониятлардан максимал фойдаланмоқда. Бунинг учун тиббиёт муассасаларидаги аҳолининг тиббий карталари ва касалликлар тарихидан иборат маълумотлари базаси мамлакатнинг божхона ва чегара назорати маълумотлари базаси билан интеграция қилинди ҳамда иммиграция оқими рақамли назоратга олинди. Одамларнинг ҳаракат йўналиши ва уларнинг бошқа ҳудудларга қатнов тарихи шакллантирилди. Натижада жуда катта ахборот қамровига эга big-data юзага келди.
Сунъий интеллект ва машинавий ўқитилиш технологиялари асосида ҳар бир аҳоли тоифаси учун ёши, касби, жинси ва бошқа хусусиятларидан келиб чиқиб, реал вақт режимида ишлайдиган хатарларни прогноз ва таҳлил қилиш системаси яратилди. Бу система ва маълумотлар базасидан эса тегишли хизматлар — божхона, чегара ва миграция идоралари ва албатта тиббиёт муассасалари катта самарадорликда фойдаланди. Шунингдек, фуқаролар ҳам жараёнда фаол иштирок этиб, жамиятнинг жараёнга нисбатан ижобий реакциясини юзага келтирди. Ҳар бир шубҳали ва гумонли ҳолатлар бўйича турли онлайн сервислар ва тўғридан-тўғри алоқа телефонлари орқали тезкор штабга маълумот етказиб турилди.
Бу жараён кўпчилик ўйлаганидек, «қўшнини сотиб қўйиш» (яъни «сотқинлик») сингари салбий контекстда эмас, балки кучли ижтимоий масъулият тушунчаси остида рўй бермоқда. Чунки, биринчидан, кўплаб одамлар 2003 йилдаги эпидемиядан тўғри хулоса чиқарган бўлса, иккинчидан, ўтган йиллар мобайнида аҳоли орасида эпидемияга қарши кураш учун керакли тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди. Қолаверса, карантинга олинган одамларнинг ўзини ва уларнинг оиласини керакли эҳтиёж воситалари ва озиқ-овқатлар билан таъминлаш борасида ишончли тизим йўлга қўйилди.
Хитойда COVID-19 эпидемияси авж ола бошлаши билан Тайванда унга қарши курашнинг ўзига хос йўлидан борилди. Биринчи навбатда, ялпи реверс-тест ўтказилди. Яъни барча шифохоналарга яқин ойлар ичида грипп ёки бошқа респиратор касалликлар билан ҳамда ўпкадаги муаммолар билан мурожаат қилган беморлар зудлик билан COVID-19 учун қайта текширувдан ўтказилди. Транспорт тизими эса QR-кодли чипта сотиш системаси орқали одамларнинг йўналишига қараб, ҳар бир шахс учун индивидуал тарзда хатар даражасини прогноз қиладиган баҳолаш тизимини йўлга қўйди. Мамлакат карантин тадбирларига тайёргарлик кўра бошлади.
Тайванда «бошқарув маркази» тушунчасини яхши кўришади. Бу бошқа мамлакатлардаги «оператив штаб» тушунчасига ўхшаш нарса бўлиб, COVID-19 эпидемияси бошланишида ҳам мамлакат соғлиқни сақлаш тизими асосида Соғлиқни сақлаш миллий бошқарув маркази (NHCC) тузилди. Бундай тузилмага эҳтиёж борлиги 2003 йилдаги SARS коронавируси инфекциясидан кейин юзага чиққан эди. NHCC 2004 йилда фаолият бошлади.
NHCC билан биргаликда бу сафар Эпидемик касалликларга қарши курашни бошқарув маркази (CECC) ҳам ташкил қилинди ва уларнинг кучи бирлаштирилди. Бошқарув марказлари таркибига яна Касаллик қўзғатувчи биологик микроорганизмларга қарши кураш бошқарув маркази, Биотеррорга қарши кураш бошқарув маркази ҳамда Тез тиббий ёрдам бош маркази ҳам бирлаштирилди. Юқорида ҳам айтилганидек, Тайванда «бошқарув маркази» тушунчасини жуда яхши кўришади ва улар орқали вазиятни бошқаришни ҳам яхши уддалашади.
Уханда янги турдаги коронавирус аниқлангани ва у беморларда атипик пневмонияга сабаб бўлаётгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлиши билан, 31 декабрь санасидаёқ Тайвань соғлиқни сақлаш тизимининг мансабдор шахслари мазкур шаҳарга учиб келди. Улар Ухандан Тайванга йўл олган ҳар бир транспорт воситасини тотал назоратга олди ва касалликка чалинган бўлиши гумон қилинган шахсларни ўша ернинг ўзида аниқлашга ҳаракат бошланди. Яъни беморларни эпидемия ўчоғининг ўзидан аниқлаш ва ўша ердаёқ изоляцияга олишга киришилди.
Жараённи CECC бошқарув маркази оператив назорат қилиб, мувофиқлаштириб турди. Соғлиқни сақлаш вазири эса кундалик брифингни бошлаб юборди. Тафсилотлар майда деталларигача эринмай ёритилди ва одамларга ўзини қандай тутиш кераклиги, нималарга риоя қилиш зарурлиги ҳақида уқтиришлар берила бошланди. Кучли ижтимоий тушунтириш ва тарғибот йўлга қўйилди.
Яқин кунларда ўтказилган ижтимоий сўровномалар шуни кўрсатмоқдаки, Тайванда аҳоли ҳукуматнинг бу даврдаги хатти-ҳаракатларидан қониқиш ҳосил қилмоқда, айниқса, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг рейтингини одамлар юқори баҳоламоқда. ССВ 80 фоиз ижобий рейтинг кўрсаткичига эга бўлган бўлса, президент ва бош вазир 70 фоиз ижобий овоз олди.
Бу билан Тайваннинг эпидемияга қарши курашини бутунлай бехато, бенуқсон кечмоқда дейиш ҳам нотўғри бўлади. Бироқ юз берган ҳар бир хато юзасидан аҳолининг танқидий реакциясининг ОАВ орқали ошкор ёритилиши, мансабдорларнинг ҳам ўзига ўзи танқидий ёндошув билан ишлаши натижасида хатолардан тўғри хулоса чиқариб, уларни тузатишга уринишмоқда ҳам.
ХХРнинг ўзичи? Хитой Уханда қатъий карантин чораларини 23 январга келиб жорий қилди. Лекин бу пайтда аллақачон бутун мамлакат бўйлаб инфекция ёйила бошлаган эди. Ретроспектив таҳлилларга кўра, бу пайтга келиб инфекция юқтирганларнинг атиги 14 фоизи аниқланган холос. Қолган 86 фоиз касаллар панада қолиб кетган.
Ҳаммадан ҳам аянчли зарбани Италия қабул қилиб олди. Бу мамлакатда эпидемияга ҳеч қандай тайёргарлик кўрилмагандек таассурот уйғонмоқда. Худдики, ёнғинни ўчиришга ҳамма нарса бору, лекин ёнғиннинг олдини олиш борасида ҳеч қанақа профилактика ишлари қилинмаган. Хитойда январда эпидемия энг авж олган пайтда уларга қараб хулоса чиқарилмаган ва вақт бой берилган.
Нафақат Италия, балки Европанинг бошқа мамлакатлари билан ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилаётгани аянчлидир. Улар 2003 йилги SARS коронавируси эпидемиясидан тегишли хулоса чиқармади... Энди кўрилаётган чораларнинг самара бериши қийин бўляпти. Италия эпидемиядан ўлим кўрсаткичи бўйича Хитойни ҳам ортда қолдирди. Бу борада ҳали пандемиядан кейинги бериладиган таҳлиллар ва ҳисоботларда алоҳида аччиқ сўзлар бўлади. Италиянинг мағлубияти — бой берилган вақтдир.
Тайвандан ташқари, Жанубий Кореяни ҳам ижобий мисол тариқасида кўрсатиш мумкин. Уларда ҳам бошида иш унчалик ўнгидан келмади. Корейсларнинг коронавирусга чалинган 31 бемори қўлида гугурт ва бензин кўтариб юриб, ҳаммаёққа ўт қўйиб чиқди, гўё. Биргина бемор аёлнинг ўйламасдан қилган хатти-ҳаракати Кореядаги эпидемиянинг энг бошида касаллар сонининг портлаш эффекти билан кўпайишига олиб келди ва мамлакатда қайд қилинган COVID-19 инфекциясига йўлиққан беморларнинг деярли ярмига вирус ўша аёлдан юққан бўлиб чиқди.
Унинг хатти-ҳаракатлари асосида масъулларнинг ҳаракатсизлиги ҳам ётади. Шунга қарамай, Жанубий Корея касалликни назоратга олиш борасида юқори даражадаги ташкилий-техник ёндошув эвазига вазиятни тезкор барқарорлаштирди ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни ҳам катта муваффақият билан амалга оширди. Корейслар ўтказган ёппасига тест қилиш амалиёти алоҳида эътиборга молик.
17 март ҳолатига кўра, 50 миллиондан зиёд аҳолига эга бу мамлакатда 261 105 киши COVID-19 ни аниқлашга оид тестдан ўтказилди. Бу дегани ҳар бир миллион аҳоли жон бошига 4 000 дона тест ўтказилди демакдир. Натижада 9 808 нафар одамда инфекция мавжудлиги аниқланди ва улар тезкорлик билан изоляцияга олинди (Италия эса бу борада ўта суст ҳаракат қилди: улар жами бўлиб 60 000 тест ўтказди. Лекин аҳоли жон бошига ҳисоблаганда, ҳар бир миллион аҳоли сони учун 1 000 та тест атрофида чиқади, холос). Кореяда 1 400 дан зиёд бемор аллақачон соғайиб, уйига жавоб берилди. Вазият ҳукумат томонидан қатъий назоратга олинди ва у ижобий томонга кескин ўзгартирилди.
Изоҳ (0)