Шавкат Мирзиёев 22 июль куни Жиззах вилоятига ташриф буюриб, Зомин технопарки махсус саноат зонасини бориб кўрди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Қайд этилишича, бу мажмуа қурилишини ўтган йили 27 июнда давлат раҳбари бошлаб берган эди. 400 гектарда барпо этилаётган технопаркда хитойлик инвесторлар билан биргаликда 1 миллиард 200 миллион долларлик 31 та лойиҳа амалга оширилади.
Ўтган даврда зарур инфратузилма ва иншоотлар барпо этилди. Яқинда илк корхона — Xinjiang Honglin Tiandi компанияси томонидан қиймати 10 миллион долларлик бетон маҳсулотлари тайёрлаш лойиҳаси ишга туширилди. 60 кишининг бандлиги таъминланди.




Айни кунларда 42 миллион долларлик иккинчи лойиҳа бўйича ишлар якуний босқичда. Унда Midea бренди остида йилига 300 минг дона маиший электр техникалари ишлаб чиқарилади. 150 та иш ўрни очилади. Давлат раҳбарига шу ва навбатдаги лойиҳалар ҳақида ахборот берилди.
Биринчи босқичда махсус саноат зонасига 9 та лойиҳа жойлаштирилган. Бугунги кунда қарийб 300 миллион долларлик яна 7 та лойиҳа бўйича қурилиш ишлари давом этмоқда. Уларда қурилиш материаллари, конструкциялар, электр техникаси ва кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, логистика ва тренинг маркази ташкил этилади.
Умуман, саноат зонасидаги барча лойиҳалар натижасида қарийб 5 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, 15 турдаги янги маҳсулот ўзлаштирилиб, 70 миллион долларлик экспорт салоҳияти яратилади. Энг муҳими, 5 мингдан ортиқ фуқаро ишли бўлади. Зомин технопаркида илк корхона ишга тушди.

Президент инвесторларга кўмаклашиб, лойиҳаларни тезлаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Саноат соҳаларига мос мутахассислар тайёрлаш, ёшлар бандлигини таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.




Президент матбуот котибининг маълум қилишича, ташриф давомида Шавкат Мирзиёев саноат ва ижтимоий соҳада амалга оширилаётган яна бир қатор ишлар, янги ишлаб чиқариш қувватлари ва бошқа объектлар билан танишади.
Изоҳ (0)