“Челси” ва Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Жоау Феликс ўзининг собиқ жамоаси — “Бенфика” билан шартнома борасида келишувга эришди. Бу ҳақда таниқли инсайдер Николо Скира ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида хабар берди.

Манбага кўра, португалиялик ҳужумчи шахсий шартлар бўйича “Бенфика” билан келишувга эришганидан сўнг, Лиссабон клуби энди “Челси” билан расмий музокараларни бошлаган. Ҳозирда томонлар трансферни якунлаш устида иш олиб бормоқда.
Маълумот учун, Феликс “Бенфика” тизимига 2015 йилда қўшилган ва 2019 йилга қадар клуб сафида тўп сурган. У 2019 йилда 127,5 миллион евро эвазига “Атлетико Мадрид”га ўтган эди, бироқ Диэго Симеоне бошқарувидаги жамоада ўзини тўлиқ намоён эта олмади. Шундан кейин Феликс “Челси”га ўтди, аммо у ерда ҳам яхши ўйин намойиш эта олмади.
Ўтган мавсумнинг бир қисмини эса футболчи “Милан” сафида ижара асосида ўтказди. У А Серияда 15 ўйинда майдонга тушиб, 2 та гол уришга эришди.
Изоҳ (0)