Исроил армияси зарурат туғилганда Россия томонидан Эронга етказиб берилган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини нишонга олади. Бу ҳақда Исроил Молия вазирлиги расмийси Зеев Элкин хабар берди.

Эрон 2003 йилданоқ Россия ҳаво мудофаа тизимларини сотиб олишга қизиқиш билдирган. 2016 йил баҳорида Теҳрон S-300 зенит-ракета комплексларининг биринчи партиясини олган эди. Бу тизимлар 2017 йилда жанговар навбатчиликка қўйилган.
Исроил авиацияси муаммоларни, жумладан, Россия ҳаво мудофаасини бартараф эта олади. Бу Эронга қарши сўнгги урушда амалда синовдан ўтди. Биз буни хоҳламаган эдик ва Россиядан С-300 етказиб беришдан тийилишни сўрагандик. Аммо улар етказиб берилган экан, улар билан шуғулланишга мажбур бўлдик, деди Элкин.
У яҳудий давлати Россияни бир неча бор Эроннинг ядровий тадқиқотлари ҳақида огоҳлантирганини таъкидлади.
Россия ва Эрон ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик Исроилни Россия—Сурия ҳамкорлигидан кўра кўпроқ ташвишга солган, деди яҳудий мулозими.
У Эронни “ҳеч нарса чекламайдиган диний мутаассиблар” назорат қилаётгани, мамлакатнинг кучайиши Яқин Шарқ учун “хавф туғдириши”ни даъво қилди.
Эрон ядро бомбаси яратиш ва ҳозиргидан ҳам узоқ масофага учадиган баллистик ракеталарни ишлаб чиқиш ниятида, деди у.
Исроилнинг Эронга ҳужуми ва АҚШ иштироки
13 июнь куни Исроил Эроннинг яширин ҳарбий-ядро дастурини баҳона қилиб, кенг кўламли операция бошлади. Axios нашрига кўра, Исроил шу куни Эрон ичкарисида яширин диверсиялар ўтказиб, стратегик ракета объектлари ва мудофаа тизимларига зарар етказган. “Ҳамдам” ва “Табриз” авиабазаларига ҳужум қилиниб, ўнлаб дрон ва ракета қурилмалари йўқ қилинган.
Эрон яҳудий давлатининг айбловларни рад этган ва жавобан ҳужумлар уюштирган. 12 кунлик қарама-қаршилик давомида АҚШ ҳам аралашиб, 22 июнь кечаси Эрон ядро объектларига зарба берган. Бунга жавобан Эрон 23 июнь куни Қатардаги АҚШнинг Ал-Удейд базасини нишонга олган. Теҳрон можаро кенгайишини истамаслигини билдирган.
Путиннинг Эронга ҳаво мудофаа тизими юборилганига муносабати
Россия президенти Владимир Путин Теҳронга ҳаво мудофаа тизимларини биргаликда ишлаб чиқишни таклиф қилганини, аммо Эрон бунга қизиқиш билдирмаганини айтган. Россиянинг Эронга S-300 ва модернизация қилинган S-200 тизимларини етказиб бергани эслатилганда, Путин шундай жавоб берган:
Биласизми, бу мутлақо бошқа масала. Чунки бизнинг таклифимиз бошқача: алоҳида етказиб беришлар эмас, балки тизимларни яратиш ҳақида эди... Биз бир пайтлар буни муҳокама қилганмиз, лекин Эрон томони бунга жиддий қизиқиш билдирмади ва ташаббус ўз-ўзидан сўнди. Алоҳида етказиб беришларга келсак: ҳа, албатта, биз ўз вақтида бундай етказиб беришларни амалга оширганмиз. Бироқ бунинг бугунги инқироз билан ҳеч қандай алоқаси йўқ, деган эди у.
Изоҳ (0)