АҚШ Мудофаа вазирлиги қурол-яроғ захиралари камайиб кетганидан хавотирланиб, Украинага айрим ҳаво мудофааси ракеталари ва ўқ-дориларни етказиб беришни тўхтатди. Бу ҳақда Politico хабар берди.

Қарор Пентагон сиёсати раҳбари Элбриж Колби томонидан илгари сурилган ва ўқ-дори захиралари кўриб чиқилганидан сўнг қабул қилинган.
АҚШ Мудофаа вазирлиги артиллерия ўқлари, ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталари ва юқори аниқликдаги ўқ-дориларнинг умумий сони камайиб бораётганидан хавотирда, дейди бу масала билан таниш бўлган уч киши.
Уларнинг сўзларига кўра, Байден маъмурияти даврида ваъда қилинган баъзи ёрдамларни тўхтатиш тўғрисидаги дастлабки қарор июнь ойи бошида қабул қилинган. Бироқ Украина тинч аҳоли нишонларига Россия ракета ва дронларининг йирик зарбаларини қайтараётган бир пайтда кучга кирмоқда.
Оқ уй матбуот котиби ўринбосари Анна Келлийнинг айтишича, қарор “бутун дунё бўйлаб бошқа давлатларга кўрсатилаётган ҳарбий ёрдам ва кўмакни Пентагон кўриб чиққанидан сўнг, Америка манфаатларини устувор қўйиш мақсадида қабул қилинган”. У “АҚШ Қуролли кучларининг қудратига Эроннинг ўзи ҳам гувоҳ бўлгани”ни қайд этган.
Етказиб бериш тўхтатилган қуроллар орасида Патриот ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими учун мўлжалланган ракеталар, аниқ зарбали артиллерия ўқлари, Украина томонидан F-16 қирувчи самолётлари ва дронларидан учириладиган Hellfire ҳамда бошқа турдаги ракеталар бор.
Таъкидланишича, Пентагон қарори Конгрессдаги Украина тарафдорларида хавотир уйғотган. Улар мамлакат Россиянинг навбатдаги ҳаво ҳужумларига нисбатан ҳимоясиз бўлиб қолишидан қўрқмоқда.
Изоҳ (0)