Ўзбекистонда чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби белгиланди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

Унга кўра, ҳукумат қарори билан “Чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Низом чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликка жалб этиш, Ўзбекистон Қуролли кучлари сафидаги муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун танлаб олиш тартибини белгилайди.
Чақирилувчилар танловда 1 йилда фақат 1 марта иштирок этиши мумкин. Танлов чақирув йилидан аввалги йилнинг 10 августидан чақирув йилининг 10 февралига қадар ўтказилади. Чақирилувчи билан суҳбат ўтказиш орқали унинг қуйидаги маълумотларига аниқлик киритилади:
- ҳарбий хизматга бўлган қизиқиши ва иштиёқи;
- ҳуқуқбузарликлар содир этгани, жавобгарликка тортилгани ва судлангани билан боғлиқ ҳолатлар;
- соғлиғининг ҳолати;
- билим даражаси;
- оилавий шароити ва бошқалар.
Чақирилувчиларнинг умумжисмоний тайёргарлик даражаси қуйидаги умумжисмоний нормативларни қабул қилиш орқали баҳоланади:
- турникда тортилиш;
- 100 метрга югуриш;
- 3000 метрга югуриш.
Танлов якунлари бўйича чақирилувчини тавсия этиш ёки тавсия этмаслик бўйича тегишли хулоса қабул қилинади.
Республикада жорий йил 1 августдан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 10 фоиз оширилиб, 1 млн 271 минг сўмга етказилди. Бу ўзгариш сафарбарлик чақирув резерви (1 ойлик ҳарбий хизмат) тўловига таъсир қилади.

Сафарбарлик чақирув резерви тўлов бадали бевосита меҳнатга ҳақ тўлашдаги энг кам миқдорнинг 7 баробарига тенг. Демак, августдан бир ойлик ҳарбий хизмат ҳақи ҳозирги 8 млн 85 минг сўмдан 8 млн 897 минг сўмга оширилади.
Ўзбекистонда 2019 йилдан бошлаб меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори жорий этилган. Мазкур тўлов миқдори оширилгани сари бир ойлик ҳарбий хизмат нархлари қуйидагича ўзгарган:
- 2019 йил — 4 млн 40 минг сўм;
- 2020 йил — 4 млн 755 минг сўм;
- 2021 йил — 5 млн 754 минг сўм;
- 2022 йил — 6 млн 440 минг сўм;
- 2023 йил — 6 млн 860 минг сўм;
- 2024 йил — 8 млн 85 минг сўм.
Сафарбарлик чақирув резерви сафига қабул қилинганлардан пул бадаллари бирйўла ёки бир йил мобайнида бўлиб тўлаш орқали олинади. Мазкур маблағлар Мудофаа вазирлигининг “Сафарбарлик чақируви резерви маблағлари” махсус ҳисобрақамида жамланади. Пуллар муддатли ҳарбий хизматчиларга нафақа тўлаш, вазирлик моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва сафарбарлик чақируви резерви хизматчилари таъминотига йўналтирилади.
Фуқаролар сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат сафига 27 ёшга тўлгунга қадар олинади. Улар хизматни ўташ даврида ойлик ҳарбий йиғинларга, фавқулодда вазиятлар ёки Ўзбекистонга қарши қуролли тажовуз рўй берган тақдирда ҳақиқий ҳарбий хизматга жалб қилиниши мумкин.
Изоҳ (0)